Олимлар ўртасида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” “Намл” сурасининг битта ояти эканлигига ихтилоф йўқдир. Барча қорилар “Бароат” сурасидан бошқа барча сураларни қироат қилишни бошлаганда “Басмала”ни айтиш кераклигига ижмоъ қилганлар. Аммо “Бароат (тавба)” сурасининг бошида эса у (басмала)ни айтиш мумкин эмаслигига ҳам ҳамма иттифоқ бўлган. Бунинг сабабини саҳобалар “Тавба” мазмун-моҳияти жиҳатидан ўзидан аввалги “Анфол” сурасининг давоми бўлгани учун иккисининг ўртасини ажратиш зарурати бўлмаган, деб шарҳласалар, бошқа бир саҳобалар: “Бисмиллоҳ Аллоҳнинг раҳматидир. Бу сурада эса, асосан, жангу жадаллар ва Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлган мунофиқларнинг хилма-хил тоифалари ҳақида сўз юритилади. Шу боисдан, унинг аввалида “Бисмиллоҳ” айтилмаслиги лозим бўлган деганлар. 
 
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” нозил бўлгунича суралар қаерда хотима бўлишини билмас эдилар”.
 
Сураларни ўрталаридан бошлаганда “ист­иъ­о­за”ни айтиш лозим, “Басмала”ни айтиш ихтиё­рийдир.
 
Абдулазиз МАҚСУМОВ, 
Ғузор туманидаги “Батош” жоме 
масжиди имом-хатиби