Намознинг фарзлари ва вожиблари

Қуйидагилар намознинг фарзларидир: 1. Таҳрима; 2. Қиём; 3. Қироат; 4. Руку; 5. Сажда; 6. Охирги қаъда.

1. Таҳрима. Бир нарсани ҳаромга чиқарувчи “таҳрима” дейилади. Намоз такбир, тасбеҳ ва Қуръон тиловатидир. Намоз давомида намозга ёт нарсаларни қилиш ҳаром бўлади. Намоз бошидаги биринчи такбир (иқомат такбири эмас) билан намозга ёт нарсалар ҳаромга айланади. Бинобарин, мазкур биринчи такбир “такбири таҳрима” (ҳаром қилувчи такбир) деб аталади. Барча мужтаҳидлар таҳрима учун “Аллоҳу акбар” бирикмасини мақбул кўришган. Такбири таҳрима тик туриб айтилади. (Шунинг учун имом руку ҳолида бўлганида унга иқтидо қилиш мақсадида энгашиб такбири таҳрима айтган киши намозга кирган бўлмайди.)
 
2. Қиём. Тик туриш қиёмдир. Таҳримадан сўнг рукуга боргунча эркакларнинг қиёмдаги ҳоли бундай: оёқ оралари тўрт бармоқ сиғадиган даражада очиқ бўлади; ўнг қўлининг кафти (ичи) чап қўлнинг (уст қисми) кафти устига қўйилади; ўнг қўл бош бармоғи ва чимчилоғи билан чап қўлнинг ошиғи ушланади; қолган уч бармоқ чап қўл билагида туради. Ана шу ҳолда боғланган қўллар киндик остида тутилади. Қиёмда нигоҳ сажда қилинадиган жойга қаратилади.
Аёллар эса оёқларини жуфт қилиб турадилар ва қўлларини юқорида айтилган тартибда боғлаб, сийналари устига қўйиб турадилар.
 
3. Қироат. Қуръони карим оятларини ўқиш қироатдир. Намозда қироатнинг фарз бўлган миқдори бир узун ё уч калта оят ўқишдир. Фарз намозларининг исталган икки ракатида, вожиб, суннат ва нафл намозларининг ҳамма ракатларида қироат қилиш фарздир. Имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди: имом хоҳ овозини чиқариб, хоҳ ичида ўқисин, унга қулоқ солиб тек туради. Қироат ичда қилинганида уни ўзи эшитиши шарт. Агар ўзи эшитмаса, қироат ўрнига ўтмайди ва намоз ҳисоб бўлмайди.
 
4. Руку. Энгашиш рукудир. Эркакларнинг руку ҳолати бундай: бармоқлар орасини очиб, кафтлар билан тиззаларни чангаллаб, маҳкам ушланади ва ортга итарилади; бунда қўл ва оёқларда эгилган жой қолмаслиги ва орқа сув тўла идиш қў­йилганда тўкилмайдиган даражада текис бўлиши керак; бош паст ҳам, юқори ҳам қилинмайди, орқа билан текис тутилади ва оёқ устларига қаралади.
 
Аёллар эса оёқларини сал букадилар ва қўл бармоқларини жипслаштириб, тиззалари устига қўядилар. Рукуда аёллар билакларини баданларига ёпиштириб турадилар.
 
5. Сажда. Икки оёқ, тизза, қўл ҳамда бурун ва пешонани ерга қўйиш билан сажда адо этилади. Эркакларнинг сажда ҳолати бундай: оёқ панжалари букилиб, қўл панжалари жипс­лаштирилиб, қиблага йўналган бўлади. Бош икки қўл орасига қўйилади, бунда ўлчов шуки, қулоқлар устидан бирор нарса ташланса, кафтлар устига тушиши керак. Саждада оёқлар ердан кўтарилмайди. Кўз юмилмайди, бурун юмшоқларига қараб турилади. Намозни танҳо ўқиганда қўлтиқ очиқ туради. Қорин сонга, сон болдирга, билаклар ерга, тирсак баданга теккизилмайди. Аёллар эса қўлтиқларини очиқ тутмайдилар, билакларини ерга, қоринларини сонларига теккизиб, сажда қиладилар. Оёқ бармоқларини букиб, ерга тирамайдилар, ёнбошлатиб, ўнг тарафдан чиқарадилар.
 
6. Охирги қаъда. Намознинг охирги ракатидан сўнг ташаҳҳуд ўқиш муддатича ўтириш. Эркак­ларнинг қаъда ҳолати бундай: чап оёқни ёнбошлатиб тўшаб, унга ўтирилади, ўнг оёқ панжаларини қиблага қилиб букиб тик тутилади. Қўлларнинг бармоқлари учи тизза баробарида, эркин ҳолда, қиблага қилиниб, сонларга қўйилади ва кўкракка қараб турилади.
 
Аёллар эса қўлларини мазкур ҳолда тутиб, чап қуйруқларига ўтирадилар ва оёқларини ўнг тарафдан чиқарадилар.
 
Қуйидагилар намознинг вожибларидир: 1. Таҳрима учун “Аллоҳу акбар” дейиш. 2. Қироат қилиш лозим бўлган ракатларда Фотиҳа сурасини бир бор ўқиш. 3. Фотиҳа сурасидан сўнг яна бир сура тиловат қилиш. 4. Уч ва тўрт ракатли фарз намозларининг олдинги икки ракатида қироат қилиш. 5. Уч ва тўрт ракатли намозларнинг биринчи қаъдаси. 6. Қаъдаларда ташаҳҳуд ўқиш. 7. Имомга: бомдод, шом, хуфтон ва жума намозларини жаҳр, пешин ва аср намозларини ичида ўқиш. 8. Витр намозида қунут дуосини ўқиш. 9. Рукунларни маромида қилиш. 10. Муайян адашган ҳолларда (кейин баён этилади) саждаи саҳв қилиш. 11. Намоз жамоат билан ўқилганда имомга тобе бўлиш. 12. Намозни салом билан тугатиш.
 
Муҳаммадшариф ЖУМАН