Ҳадиси шарифларда бундай дейилади: “Ким ёлғондан қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин” (Имом Абу Довуд ривояти). “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинглар. Чунки қасам фойда келтиради, сўнг баракани кетказади” (Имом Муслим ривояти). Қасам одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиш, ёлғон орқали бойлик орттириш воситасига айланмаслиги лозим. 
Фуқаҳолар қасамни уч турга бўлишган:
 
Қасамнинг биринчи тури “ғамус қасам”дир. Билиб туриб қилмаган ишини қилдим деб ёки қилган ишини қилмадим деб қасам ичган банда ғамус қасам ичган киши бўлади. Бундай қилиш оғир гуноҳдир. Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ғамус қасам ичган одам тез тавба қилсин. Чунки ундан қутулиш учун каффорат йўқдир”, дейди.
 
Қасамнинг иккинчи тури “лағв қасам”дир. Бўлмаган нарсани бўлган деб ўйлаб, қасам ичиш лағв қасам бўлади. Бу қасам учун банда гуноҳкор бўлмайди, унга каффорат ҳам лозим эмас.
 
Қасамнинг учинчи тури мунъақиддир. Бирор ишни қилишга ё қилмасликка қасам ичиш мунъақид қасам бўлади. Масалан, “Худога қасамки, эртага сенинг олдингга бораман”, деб қасам ичишни мунъақид қасам дейилади. Мунъақид қасамни бузган кишининг зиммасига каффорат вожиб бўлади.
 
Қасамни бузган кишининг зиммасидаги каффорат ушбулардир:
 
Агар қодир бўлса, бир қул озод қилиш, ё ўн мискинга бир сидра кийим олиб бериш, ёки ўн мискинни бир марта тўйдириш. Уларга қодир бўлмаса, уч кун пайдар-пай рўза тутишдир.
Аллоҳ номи билангина ичилган қасам шариат эътибор қиладиган қасам бўлади. Бошқа номлар билан қасам ичиш, масалан, одамлар орасида кенг тарқалган “нон урсин”, “пичоқ урсин”, “дастурхон устида ўтирибман” каби иборалар қасам ҳисобланмайди.
 
Ҳар қандай гапни гапириб қасамхўрлик қилавериш комил мусулмоннинг феъли эмас.
 
Тоҳир ВОҲИДОВ,  Юнусобод туманидаги
“Масжидул хайр” жоме масжиди имом-хатиби