Намоз ўқиш тартиби

Ҳар бир мусулмон бир кеча-кундузда беш вақтда – бомдодда, пешинда, асрда, шомда ва хуфтонда намоз ўқиши керак. Бомдодда икки ракат суннат намози, икки ракат фарз намози ўқилади. Пешинда тўрт ракат суннат намози, тўрт ракат фарз намози ва  икки ракат суннат намози ўқилади. Асрда тўрт ракат фарз намози ўқилади. Шомда уч ракат фарз намози ва икки ракат суннат намози ўқилади. Хуфтонда тўрт ракат фарз намози, икки ракат суннат ва уч ракат (витр) вожиб намози ўқилади.
 
Икки ракатли фарз, суннат ва нафл намозлари бир хил тартибда ўқилади. Улар фақат ният билан фарқланади. Аммо вожиб (витр, ийд) намозларини ўқиш тартиби сал бошқача. Бу хусусда алоҳида баён этилади. 
 
Киши намоз ўқиш учун қўйилган шартларни бажариши керак. Яъни, бадани ва кийимини пок­лаши, пок жойда туриши, қиблага юзланиши ва ўқимоқчи бўлган намозига ният қилиши керак. Киши ўқимоқчи бўлган намозига ният қилиб “Аллоҳу акбар” деб такбири таҳрима айтгач, намозга кирган ҳисобланади ва намоз амалларидан бошқа амалларни қилиши мумкин бўлмайди.
 
Такбири таҳримани қиёмда, тик туриб айтади. Такбири таҳрима айтишда қўлларни кўтариш суннатдир. Такбири таҳрима айтишни бошлаш билан қўл бармоқларини ўз ҳолича, кафт ичини қиблага қилиб кўтаради ва такбири таҳриманинг “р” товушини айтганда бош бармоқларини қулоқлари юмшоғига теккизади. Бунда бошни эгмаслик керак. Такбири таҳрима айтишда қўлларни енгдан чиқариш суннатдир.
 
Такбири таҳрима айтиш миқдорича туришга қодир бемор фарз ва вожиб намозларга ўтириб такбири таҳрима айтса дуруст бўлмайди. Ният ва такбири таҳрима ўртасига ҳеч нарса қўшилмаслиги керак. Намозга ният қилиш билан такбири таҳрима айтиш лозим.
 
Жамоат намозида имомга иқтидо қилганлар барча интиқол (намозда бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиш) такбирлари каби такбири таҳримани ҳам имомдан сўнг айтишлари керак. Бундаги мезон: имом “Аллоҳу акбар”нинг “р” товушини айтиши билан, иқтидо қилганлар “Аллоҳу акбар”нинг илк “а” товушини бошлашлари керак. Имомдан олдин такбири таҳримани айтган киши намозга кирган бўлмайди. Такбири таҳриманинг “Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини ва “акбар” лафзидаги иккинчи “а” товушини чўзиб айтган киши ҳам намозга кирган бўлмайди. Интиқол такбирларини шу тарзда айтса, намози бузилади.
 
Аёллар қўл бармоқларининг учларини елкалари баробар кўтарадилар. Қўлларини енгларидан чиқармайдилар.
 
Такбири таҳримани айтгач, қўлларини боғлаб, эр киши киндик остида, аёл киши сийнаси устида тутади (қўлларни боғлаш тартиби ўтган сабоқда айтилди). Ва сано ўқийди: “Субҳонакаллоҳума ва биҳамдика ва табаракасмука ва таоло жаддука ва ла илаҳа ғойрук”. Санодан сўнг тааввуз (“Аъузу...”) ва тасмия (“Бисмиллаҳи...”) айтилади. (Бу учаласи намозда доимо ичда ўқилади). Тасмиядан сўнг Фотиҳа сурасини ўқийди ва уни тугатгач, ичида “Омин” дейди. Ва тасмия айтмай яна бир сура ўқийди. Сурани ўқиб бўлиши билан “Аллоҳу акбар” деб руку қилади. “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини тик турганда айтиб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганда тўла руку ҳолида бўлиш керак.
 
Жамоат билан ўқилган намозда имомга иқтидо қилган киши, имом овоз чиқармай ўқиётган бўлса, фақат сано ўқийди. Фотиҳа ва унга қўшиб сура ўқимайди. Овоз чиқариб ўқиладиган намозда имом Фотиҳа сурасини тугатгач, эргашувчилар ичида “Омин” дейди. Жамоат намозига бир неча ракатдан сўнг қўшилган киши қолдирган ракатини ўқишга турганида сано ўқийди, тааввуз ва тасмия айтади.
 
Рукуда камида уч бор тасбеҳ айтади: “Субҳана робиял аъзим”, дейди. Тасбеҳни беш, етти марта айтса ҳам бўлади. Аммо имом уч мартадан ошиқ тасбеҳ айтмаслиги керак.
 
Рукуда уч бор тасбеҳ айтиб бўлгач, “тасмеъ” айтиб, (“Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”) деб, қавма ҳолига – тик туришга қайтади. Бу тик туришда, қавмада қўлларни боғламайди, ёнда тутади. Тасмеънинг “с” товушини руку ҳолида бошлаб, “даҳ” товушларини айтганида тик, қавма ҳолида бўлиши керак. Қавмага келгач, “таҳмид” айтади – “Раббана лакал ҳамд” дейди.
 
Жамоат намозида имом фақат тасмеъ айтади, унга иқтидо қилганлар эса “таҳмид” айтишади, холос. Сўнг “Аллоҳу акбар” деб саждага боради. “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини қавмада бош­лаб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганида сажда ҳолида бўлиш керак.
 
Саждага тик ҳолда тушиб бориши лозим. Яъни, тиззаларни букиб, жасаднинг белдан тепа қисмини букмай тиззалар ерга теккандан сўнг олдин икки қўлни, сўнг бурунни ва пешонани ерга қўяди. Аввал белни эгиб, сўнг тиззани букиб саждага бориш нотўғридир. Сажда ҳолати ҳам олдинги сабоқда баён этилган. Саждада камида уч бор тасбеҳ айтади: “Субҳана робиял аъла”, дейди. Бу тасбеҳни ҳам намозни ёлғиз ўқиган киши беш, етти марта айтса ҳам бўлади.
 
Тасбеҳ айтиб бўлгач, “Аллоҳу акбар” деб ўтиради. “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини сажда ҳолида айтиб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганида қаъда ҳолида бўлиш керак. Бу – қаъда ҳолида бир тасбеҳ айтиш миқдорича бўлади. Бу суннатдир. Сўнг иккинчи бор саждага боради. “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини қаъда ҳолида айтиб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганида сажда ҳолида бўлиш керак. Бу саждада ҳам аввалгидек тасбеҳ айтади. Тасбеҳ айтиб бўлгач, “Аллоҳу акбар” деб қиём ҳолига қайтади. Қиём ҳолига қайтишда аввал бош, икки қўл, сўнг тизза кўтарилади (шу билан биринчи ракат тугайди). “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини сажда ҳолида айтиб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганида қиём ҳолида бўлиш керак. Бу дегани такбир ҳаракатга эмас, балки ҳаракат такбирга мувофиқ бўлсин деганидир. Саждадан қиём ҳолига қайтишда ерга суяниб турмайди. Балки тиззага суяниб туради. Саждадан қиём ҳолига қайтиши билан иккинчи ракат бошланади. Иккинчи ракатда такбири таҳрима, сано ва тааввуз йўқ. Бу айтилганлардан бошқа биринчи ракатдаги ҳамма амаллар иккинчи ракатда ҳам такрорланади. Иккинчи ракатнинг иккинчи саждасидан сўнг ўтиради, қаъда ҳолида бўлади ва “ташаҳҳуд” ўқиб бўлгач (агар ўқиётган намози икки ракат бўлса), салавот ва дуо ўқиб салом беради. Агар уч ё тўрт ракат бўлса, “Аллоҳу акбар” деб учинчи ракатга туради. “Аллоҳ” лафзининг “а” товушини қаъда ҳолида айтиб, “акбар” лафзининг “р” товушини айтганида қиём ҳолида бўлиш керак. Қаъдадан қиёмга туришда ерга суянмай, балки тиззага суяниб туради. Агар фарз намози ўқиётган бўлса, учинчи ва тўртинчи ракатларнинг қиём ҳолида фақат тасмия айтиб, Фотиҳа сурасини ўқийди, холос. Агар ўқиётган намози вожиб ё суннат намози бўлса, Фотиҳа сурасидан сўнг яна бир сура ҳам ўқийди. Руку ва сажда аввалги ракатлардагидек бажарилади. 
 
Ўқиётган намозининг ракатини тўла ўқигач, ўтиради, қаъда ҳолида бўлади ва “ташаҳҳуд”, салавот ва дуо ўқийди. Сўнг ўнг елкасига қараб “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом беради. Бунда, намозни танҳо ўқиётган бўлса, фаришталарга салом бераётганини кўнглидан ўтказади. Сўнг чап елкасига қараб худди шундай салом беради. Агар намозни жамоат билан ўқиётган бўлса, имом унинг тўғрисида бўлса, икки томонга салом берганида ҳам имомни, ёнидаги намозхонларни ва фаришталарни кўнглидан ўтказади. Агар имом бирор ён томонида бўлса, шу томонга салом бергандагина мазкурларга қўшиб имомни ҳам кўнглидан ўтказади.
 
Шу билан ният қилиб бошлаган намози тугайди.
 
Муҳаммадшариф ЖУМАНОВ