Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳаж, умра, илм талабида ёки яқинларининг зиёрати, тижорат ва турли мақсадда сафар килиш билан ажру савобларга эришади. 
Сафарга отланаётган киши унинг одобларини билмоғи лозим. Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёр­ланади. 
 
Сафарга тонгда йўлга чиқиш хайрлидир. 
Сохр ибн Вадоъа Ғомидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилардилар» 
(Имом Термизий). 
 
Сафар олдидан илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Сафар қилмоқчи бўлган бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Аллоҳга тақво қилишингни ва ҳар бир тепаликка кўтарилганингда такбир айтишингни буюраман”, дедилар. У орқасига бурилаётган эди, “Ё Аллоҳ, ерни унга яқин ва сафарини осон қилгин”, дедилар (Имом Муслим)
 
Сафарга отланиб, уловга минаётганда дуо қилинади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарга чиқаётганда туяларига минсалар уч марта такбир айтиб, сўнгра: “Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Албатта, Раб­бимизга қайтгувчиларданмиз. Ё Аллоҳ, ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Ё Аллоҳ, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қил. Ё Аллоҳ, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Ё Аллоҳ, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғуларидан, аҳлим ва молим учун ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, дердилар (Имом Муслим).
 
Киши сафар давомида кўп­роқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиши керак. Зеро, унинг дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишининг дуоси шубҳасиз ижобатдир: мазлумнинг дуо­си, мусофирнинг дуоси ва ота-­онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир”, дедилар» (Имом Термизий)
 
Сафардошлар ораларидан бир кишини йўлбошчи қилиб тайинлашлари керак. Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мусофирлар жамоада ўзларига энг зийрак, энг афзал кишини йўлбошчи қилиб тайинлашлари мустаҳабдир”, деганлар.  
 
Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим. Ҳадисда: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз  сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла баҳра ололмайди, (сафарда) истаги ҳосил бўлса, оила-аҳлига шошилсин”, де­йилган (Имом Бухорий ривояти).
 
Киши юқорида санаб ўтилган сафар одобларига амал қиладиган бўлса, сафар машаққатларини осон енгиб ўтади, кўзлаган мақсадига эришади, иншоаллоҳ.
 
Абдураҳим ТУРСУНОВ, Наманган вилояти “Машҳад Мозор” жоме масжиди имом-хатиби