Аллоҳ таоло инсониятга тўғри йўлни кўрсатиш учун ҳар бир қавмга пайғамбар юборди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан чалғиса, у ҳам ўз зиёнига чалғир. Ҳеч бир гуноҳкор ўзганинг гуноҳини кўтармас. То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик» (Исро, 15)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исроил ўғилларини набийлар (пайғамбарлар) бошқарардилар (Аллоҳ таоло уларга бир пайғамбар юбориб, уларнинг ишларини тузатарди). Бир набий вафот қилгунча, унинг ўрнига бошқа бир набий келарди. Шак-шубҳа йўқки, мендан сўнгра ҳеч бир набий (пайғамбар) бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
 
Пайғамбарлар ўз қавмларининг тилида сўзлашадиган қилиб юборилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик» (Иброҳим, 4).
 
● Пайғамбарларни Аллоҳ тао­ло башариятдан танлаб олиб, башариятга юборади;
 
● Пайғамбар зиммасига қў­йилган илоҳий вазифалардан воз кеча олмайди. Аллоҳнинг амрига қарши чиқиб, буйруқларини бажаришга “мен қодир эмасман” дея олмайди;
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Айтинг: Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Анъом, 162).
 
● Пайғамбарлар катта ва кичик гуноҳлардан покдир;
 
● Бирор инсон ўзи истаб пайғамбарликка талабгор бўла олмайди;
 
● Пайғамбарлар Аллоҳнинг амрига мувофиқ саъй-ҳаракат қилади. Аллоҳ пайғамбарларга ёрдам қилади, мўъжизалар кўрсатиш имкониятини беради. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган» (Тавба, 40).
 
● Пайғамбарларга имон келтириш имоннинг бир рукни ҳисобланади. 
 
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларига хос бир неча фазилатлари бўлиб, уларга қуйидагилар киради: 
 
● Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча пайғамбар ва инсонлардан улуғдир;
 
● Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун башарият, барча инсон ва жинларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбардир;
 
● Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) охирги замон пайғамбари, барча пайғамбарларнинг муҳридир;
 
● Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юборилган шариат қиёмат кунигача амал қилади.
 
Тошкент ислом университети талабаси Мадина ТУЛЕПОВА тайёрлади.