“Муҳаммад” исмининг маъноси

 

Ҳар бир номнинг маъноси ва кўтарган юки бўлади. Хўш, биз севган “Муҳаммад” исмининг маъноси нима? “Муҳаммад”нинг маъноси – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, демакдир[1]. Яъни, мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда ҳам кўп, улуғ фазилатлар эгаси.

Расулуллоҳ : «Албатта, менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагида бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қойил қолишади ва: “Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганида эди!” дейишади. Мен ўша ғиштман, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман”, дедилар»[2].

Пайғамбаримизнинг яна бир исмлари “Аҳмад”нинг маъноси эса, Аллоҳ таолога кўпроқ ҳамд-мақтов айтувчи демакдир. Барча пайғамбарлар Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовлар айтишган, аммо Пайғамбаримиз Муҳаммад улардан кўра кўпроқ айтганлар.

“Муҳаммад” Расулуллоҳнинг энг буюк ва машҳур исмларидир. Мусулмон бўлиш учун “Муҳаммад расулуллоҳ” дейиш керак, аммо “Аҳмад расулуллоҳ” деса, кифоя қилмайди[3].

 

Пайғамбаримизнинг адашлари бўлганми?

Пайғамбаримиз туғилишларидан салгина олдин баъзи ҳижозлик[4] араблар тижорат сафарларида аҳли китобларнинг холис олимларидан ҳамда ўша пайтда жинлари орқали осмондаги фаришталардан хабар ўғирлайдиган айрим коҳинлардан “Муҳаммад исмли охирзамон пайғамбарининг Ҳижоз ўлкасидан чиқиш вақти яқинлашди”, деган хабарларни эшитишади ва ўша пайтда туғилган ўғил болаларга, ажабмас мана шу фарзандимиз пайғамбар бўлса, деган умид билан “Муҳаммад” деб исм қўйишади.

Бу ҳақда Абду Раҳмон Суҳайлий[5], Ибн Қутайба[6] ва Ибн Халиккон[7] ўша пайтда “Муҳаммад” исмли “Уч киши бўлган”, дейишади. Қози Иёз “Аш-шифо” (1/287), Ибн Касир “Ас-сийратун набавия” (1/299), “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/259), Имом Саолибий “Ат-тафсир” (4/297), Исмоил Ҳаққий Ҳанафий “Руҳул баён” (9/404) ва Муҳйиддин Дарвеш “Эъробул Қуръон ва баёнуҳу” (9/197) асарида: “Олти киши бўлган”, дейишади.

Бироқ Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий” (6/556)да: “Улар учта ёки олти киши бўлган деб чеклаш тўғри эмас. Мен бу ҳақдаги барча маълумотларни жамлаганимда, уларнинг сони йигирма нафарга етди. Ўша маълумотларни умумлаштирганимда эса, ўн беш ёки ўн олти киши қолди”, деб таъкидлайди.

Дарвоқе, ўша “Муҳаммад”ларнинг пайғамбарликни даъво қилиб чиқишларига Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила йўл бермаган. Чунки “...Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир...”[8].

 

Туғилишларига севинишди, аммо...

Урва ибн Зубайр айтади: “Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси эди, Абу Лаҳаб уни озод қилди. Сувайба Пайғамбарни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан сўнг, оила аъзоларидан бири (ота бир, она бошқа укаси Аббос тушида Абу Лаҳабни жуда ёмон бир аҳволда кўрди ва: “(Ўлимдан сўнг) нима топдинг?” деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин (роҳат-фароғат) топмадим, фақат Сувайбани озод қилганим учун менга мана бунда сув берилди”, деб қўлининг бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасидаги чуқурчага ишора қилди”[9].

Суҳайлий айтади: «Аббос : “Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни ёмон аҳволда кўрдим”, деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин роҳат топмадим, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатиляпти-озайтириляпти, холос”, деди”. Бунинг сабаби, Пайғамбар душанба куни туғилганлар ва Сувайба Абу Лаҳабга жиянли бўлгани ҳақида хушхабар келтирганида, суюнчисига уни озод қилиб юборган эди»[10].

Урва ибн Зубайрнинг ривояти “мурсал” (санадидан саҳоба тушириб қолдирилган), яъни, Урва тобеинлардан бўлиб, ҳадис айтган саҳобани зикр этмай, тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилган. Хўп, “мавсул”[11] бўлган тақдирда ҳам ҳадисдаги хабар тушдир, қолаверса, туш кўрувчи ўша пайтда ҳали мусулмон бўлмагани эҳтимоли ҳам бор[12].

Фурқон сураси 23-, Фотир сураси 36-, Ғофир сураси 50-оятлари ҳукми умумийдир. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб билан Абу Лаҳабдан азобнинг енгиллатилиши эса, Пайғамбаримизнинг ўзларига хос бўлиб, бу имтиёз у зотнинг шафоатлари ва шарофатларидандир.

Маълумки, Пайғамбаримизнинг хос шафоатлари туфайли амакилари Абу Толиб дўзахнинг тубидан саёз жойига олиб чиқилгани ва куфрдан бошқа гуноҳлари учун бериладиган азобнинг енгиллатилгани ҳақидаги ривоят маълум ва машҳурдир[13]. Мана шу саҳиҳ далил Абу Лаҳаб ҳақидаги ривоятларга қиёс бўлиб, уларни қўллаб-қувватлайди.

Модомики, Абу Толиб Пайғамбаримизга ёрдам берган ва ҳимоя қилган экан, у тортажак азоб Абу Лаҳабга бериладиганидан енгилроқ бўлиши ривоятлардан маълум![14]

 

Абдулазим ЗИЁВУДДИН ўғли,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 



[1]Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ” (2/276).

[2] Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривояти.

[3] Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул худо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/410).

[4] Ҳижозшимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ҳудуд.

[5] “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (2/95).

[6] “Ал-маъориф” (1/556).

[7] Камол Думайрий, “Ҳаётул ҳаявон ал-кубро” (1/9).

[8] Анъом сураси, 124-оят.

[9]Саҳиҳул Бухорий”, 3-жуз, “Никоҳкитоби, 20-боб, 5101-ҳадис таълиқи-изоҳи.

[10] Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул аниф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (5/123); Бадриддин Айний, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/242); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/256).

[11]Мавсул” – санади бошидан охиригача бир-бирига боғланган ривоят.

[12]Фатово ва истишоротул ислом ал-явм” (13/504). Пайғамбарнинг туши бўлса ёки азон масаласи каби саҳобанинг Пайғамбаримиз тасдиқлаган туши бўлса, бошқа гап.

[13]Саҳиҳул Бухорий” (3670, 3672, 5855, 6196 ва 6203-ҳадислар); “Саҳиҳи Муслим” (357 ва 360-ҳадислар).

[14] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/240–242); Ибн Ҳажар Асқалоний Шофиъий, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (9/256-259); Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя”(2/53); Шайх Сулаймон ибн Муҳаммад Ҳанбалий, “Ийқозул афҳом фи шарҳи умдатил аҳком” (6/27).