Таниқли олим, устоз Алоуддин Мансур Алоуддин Косонийнинг Алоуддин  Самарқандий «Туҳфатул фуқаро” асарига ёзган “Бадоеус саноеъ” шарҳини таржима қилди. Қуйида ушбу ноёб фиқҳий асар таржимасининг илк – Таҳорат боби бошланишини изоҳлари билан эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

Таҳририят

 

АЛОУДДИН КОСОНИЙ

 

Таҳорат  китоби

Ушбу китобда таҳорат ҳақидаги сўз икки мавзуда бўлади: биринчисида таҳорат тушунчаси изоҳланади, иккинчисида таҳоратнинг хиллари баён қилинади.

“Таҳорат” сўзидан луға­вий маънода ҳам, шариат истилоҳидаги маънода ҳам тозалик тушунилади: “таҳорат” – тозалик, “тоҳир” – тоза, “татҳир” – тозалаш дегани. Демак, таҳорат инсоннинг тозаланишидир. Бадан таҳоратсиз бўлса, таҳорат билан тозаланади.

Таҳоратли ё таҳоратсиз бў­лиш дегани моддий эмас, маънавий тушунча. Масалан, таҳорат кетгани­да баданимиз нажас бўлмайди, лекин таҳорат қилганимизда у маънавий нажасдан – таҳоратсизликдан тозаланади. Кийимга, жойнамозга ёки баданга теккан нажас ҳақиқий нажас бўлса, таҳоратсизлик маънавий нажасдир, яъни, маънавий кирликдир. Таҳорат олиш билан ўша кирлик кетиб, киши пок­ланади. Яъни, нажосат ёки маънавий кирлик кетиши билан тозалик пайдо бўлади.

 

Таҳорат хиллари

Таҳорат икки хил бўлади: таҳоратсизликдан тоза бўлиш ва нажосатдан тоза бўлиш. Таҳоратсизликдан тоза бўлиш “ҳукмий таҳорат” дейилади. Таҳоратсиз киши, гарчи ҳақиқий нажасдан пок бўлса ҳам, таҳорати йўқлиги сабаб таҳорат қилади, кейин ҳукмий тоза ҳисобланади.

Нажосатдан тоза бўлиш нажас теккан ерни ювиб, ҳақиқий тозаликни ҳосил қилишдир. Таҳоратнинг бу хили “ҳақиқий таҳорат” деб номланади.

Таҳоратсизликдан уч хил йўл билан тозаланилади:

1. Таҳорат.

2. Ғусл.

3. Таяммум.

Мана шу уч йўлдан бири билан таҳоратсизликдан тоза бўламиз. Бу ўринда сўз юритилаётган таҳорат араб тилида “вузуъ” дейилади.

Оятда буюрилишига кўра, таҳорат ювиш ва масҳ тортишдан иборат амалдир. Яъни инсон таҳоратда аъзоларини ювади ва масҳ тортади: “Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!) (Моида сураси 6-оят).

Демак, таҳоратда учта ювиш  ва битта масҳ тортиш фарзлари бор. Аллоҳ учта аъзони ювишга ва бошга масҳ тортишга буюрди.

Ювиш бир ўринга (масалан, қўлга, юзга, нажас теккан кийимга) суюқликни оқизишдир. Бу ерда  аниқ қилиб: “суюқликни оқизиш” дейиляпти, “сувни оқизиш” дейилмаяпти. Бунинг сабаби кейинроқ айтилади.

Масҳ эса намликни етказишдир. Қўлингизни намлаб туриб, бошингизни силасангиз, бошингизга нам етади. Демак, оқадиган даражага етказмасдан намлаш масҳ бўлади, агар оқса, у ювиш бўлади. Яъни, ювиш - сув оқизиш, масҳ ‑ нам етказишдир.

Имом Абу Ҳанифанинг тўнғич шогирди Имом Абу Юсуф* ёғга ўхшаш нарса билан таҳорат олиш жоиз деган.

Шунга кўра айтишади: киши қишда сув топа олмай, қор билан таҳорат қилганида, қор қуруқ бўлиб, юзидан ё қўлидан томчи томмаса, бу ювиш таҳоратга ўтмайди. Аммо шу ювишдан кейин юздан ёки ювилган жойдан бир-икки томчи томса, у ҳолда аъзо ювилган ҳисобланади ва бу ювиш таҳоратга ўтади. Чунки бу ҳолда юздан ё қўлдан сув оқди. Чунки таҳорат бўлиши учун ювиш, яъни, сувни оқизиш лозим эди.

Мазҳабимиз уламоларидан Абу Жаъфар Ҳиндувонийдан қор билан қилинган таҳорат ҳақида сўралганида, у киши: “Қор билан қилинган таҳорат масҳ (намни етказиш) бўлади, таҳорат бўлмайди. Агар қорни ишқалаб баданини ювса ва эриган қор аъзоларидан оқиб тушса, бу таҳорат бўлади”, деб жавоб берганлар.

Халаф ибн Аййуб (раҳи­маҳуллоҳ) айтадилар: “Қишда таҳорат қилаётган одам ювишдан олдин оёқ, қўл, юз каби аъзоларини худди ёғлаган каби сув билан олдин намлаб олсин. Кейин унинг устидан сув оқизсин, чунки сув қишда аъзоларга тегмай тушиб кетиши мумкин”.

Дарҳақиқат, қишда бадан жунжикиб, туклар тикка туради, шунда сув баданга тегмай, тукнинг устидан оқиб кетиб қолиши мумкин. Бундан сақланиш учун олдин юз-қўл сув билан салгина намланиб (худди ёғлагандек сув билан ишқаб), бадан муло­йимлаштирилиб, кейин устидан сув қуйилса, унинг ҳамма жо­йига сув тегади.

Бизнинг шароитларда, одатда, қишда илиқ сув билан таҳорат қилинганида, бу масалада қийинчилик бўлмайди. Чунки илиқ сув баданга яхши тегади. Лекин ҳар ҳолда қишда кўчада, ариқларда таҳорат қилишга тўғри келганида “ювдим-ку” деб кетавермасдан, ишқалаб, баданимизга сув етганига аниқ ишонч ҳосил қилишимиз лозим бўлар экан.

 

Таржима ва изоҳлар муаллифи шайх Алоуддин МАНСУР

____________________

* Тўлиқ исмлари Ёқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий­ Бағдодий бўлган Абу Юсуф Имом Абу Ҳанифанинг пешқадам шогирдларидан бири сифатида ҳанафия мазҳабининг кенг ёйилишига ҳисса қўшган илк олимлардан ҳисобланади. Абу Юсуф ҳадис ривоят қилишга жуда моҳир, бу соҳада замонаси тан олган олим эдилар. У Абу Ҳанифага шогирд бўлганидан кейин фиқҳга астойдил берилади. Маҳдий ва Ҳорун Рашид подшолиги даврларида Бағдод қозиси бўлган. Ҳорун Рашид халифалиги даврида, Бағдодда ҳижрий 182 (милодий  798) йили вафот қилган.