Аллоҳ азза ва жалла иродаси ила инсон зотини яратиб, уни барча жонзотлар ичида азизу мукаррам айлади. Унга ҳамма нарсаларнинг илмини ўргатди. Аллоҳ марҳамат қилиб айтди: "Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик" (Тин, 4).

Бошқа бир оятда эса:

«(Аллоҳ) айтди: "Эй Одам, уларга (мазкур нарсаларни) номлари билан айтиб бер". Уларга номларини айтиб берганида, (У) деди: "Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?!» (Бақара, 33).

Барча нарсадан доимо хабардор ва ҳар нарсага қодир Аллоҳ инсон зоти ер юзини обод қилиб, ўз жинсидан бўлган бошқа қавм ва элатлар билан тинчлик-омонликда, ўзаро ҳамкорликда яшашга, Унинг Ўзигагина тоат-ибодатда бўлишга чорловчи илоҳий кўрсатма ва тавсияларни пайғамбарлари орқали баён қилиб берди. Аллоҳ ­таоло хабар бериб айтади:

"Биз элчи (пайғамбар)­ларни фақат (одамларга) хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчилар сифатида юборурмиз. Кимки имон келтириб, (хатоларини) тузатса, у (каби)ларга хавф ҳам йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар" (Анъом, 48).

Асрлар давомида кишилик жамияти ҳаётига доир барча тартиб-низом ва қоидалар ўзининг илоҳий асосига эга бўлиб келган. ўарбу Шарқда яшаб, инсоният тамаддуни ва тараққиётига катта таъсир кўрсатган, ҳиссасини қўшган барча олимлар, файласуфлар якдиллик ила шунга иттифоқ этишган. Зеро, дин, жон, ақл, мол-мулк ва наслни сақлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамиятнинг энг устувор вазифаси ва мақсади бўлиб келган.

Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қи­йинчилик, жабр-зулм ва адо-латсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг қонуний ворислари эканини ҳартомонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз ва муқаддас истиқлолга эришди. Нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.

Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида му-ҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинди. Маълумки, Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб бори-лаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмон­лари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдалар.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта ҳам модданинг йўқлигида, ўйлаймизки, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунё­нинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ муҳокамасидан ўтганидан кейин, 1992 йил 8 декабр куни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида буюк воқеа бўлди. Унга биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунга асосан диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди. Мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлиги, диний бағрикенгликка асослангандир.

Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий, диний ва фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, маънавий меросни ўрганиш, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек хал­қи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли куч-омил бўлди. Зеро, Аллоҳ таборака ва таоло таъкидлаб айтган: "У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур..." (Шўро, 26).

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ...Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди", деб алоҳида таъкидланган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам марҳамат қилиб айтган: "Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди..." (Бақара, 256).

Диёримизда амалдаги қонунлар асосида турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилиши таъминланган, диний ва ўзга мутаассиблик, экстремизм, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли дин тоифалари ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Юртбошимиз бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳара-катларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмоқда. Ўзларининг бундай нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, ҳеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмоқда. Натижада баъзи юртдошларимиз алданиб, моддий-маънавий қийинчиликлар баҳонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўкис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз хал­қига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид-хавфлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис ҳисса ва хизматларимизни қўшишимиз лозим. Шунда барчаларимиз Аллоҳнинг маҳбуб бандалари бўлиб, Унинг розилигини топган ва динига мадад бериб, унга амал қилган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақ йўлда собитқадам қилиб, раҳмат ва хайриятини зиёда айласин!

 

Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ,

Дин ишлари бўйича қўмита маъсул ходими