Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида ҳам диний бағрикенглик тарғиб қилинганини учратамиз. Жумладан, аллома Абу Мансур Мотурудий "Тиловат аҳли сунна" асарида Қуръони карим оятларидан бирини тафсир этиб: "Черков ва синогогларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларда шу давргача улар сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир", деган фикрни билдиради.

ХВ аср бошларида Амир Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади ҳамда насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини бажариш учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни та­йинлайди.

Бугунги кунда ҳам халқлар ва динлар орасидаги бағрикенг­лик, толерантлик ғояси дунёда энг долзарб муаммоларидан биридир. Шу муносабат билан ЮНЕСКО 1995 йил Парижда "Бағрикенглик тамойиллари декларацияси"ни қабул қилди. Бирлашган миллатлар ташкилоти эса ҳар йилнинг 16 ноябрини "Бағрикенглик куни" деб эълон қилинди.


"...Башарият мураккаб тараққиёт жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда диний бағрикенглик, турли динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда".

Ислом КАРИМОВ


Маълумки, диний бағрикенг­лик ғояси – турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади. Қадим-қадимдан дин аксарият миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб келган. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу табиати билан боғлиқ. Чунки самовий динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайди.

Мустақиллик шарофати билан 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари фаровон яшаши учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, Ислом, насронийлик, яҳудийлик динлари ва бош­қа конфессиялар вакиллари тинч, осойишта ҳаёт кечиришмоқда.

Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар", деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Миллий қадриятлар диний бағрикенгликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Толерантлик – ўзлигини англаган миллат вакилларини бош­қа миллат вакилларининг камситишига йўл қўймаслик, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришидир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, ўз халқига ва миллий-тарихий қадриятларига муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади.

Бугунги кунда республикамиз бўйича фаолият кўрсатаётган 2224 та диний ташкилотдан 175 таси бошқа динлар ва конфессиялар вакилларига хизмат қилади. Шунинг­дек, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Насронийликнинг уч йирик йўналиши – православ, католик ва протестантликка тегишли ташкилотлар, шунингдек, арман Апостоллик черкови ҳам ишлаб турибди.

Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтсак, "Бугун мана шундай хавфли – тахликали, ўта нотинч бир даврда жаҳон молиявий инқирози ҳали-бери давом этаётган бир пайт­да эл-юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритмасин, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролар­аро тотувлик ва аҳиллик, бир-биримиз­га ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди".

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати