Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

 

Диёримиз мусулмонлари неча асрлардан бери Ислом дини кўрсатмаларига Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит асос солган ҳанафий мазҳабига мувофиқ ҳолда амал қилиб келмоқдалар.

Бу мазҳабда барча фиқҳий масалалар аниқ ва равшан баён қилинган. Ҳуқуқий муаммолар ўз ечимини топган. Ҳар бир масалага, унинг нозик жиҳатларигача эътибор қилинган.

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Қуръони каримни ёшлик давридаёқ тўлиқ ёд олдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг энг нозик қирраларигача пухта ўргандилар. Никоҳга оид жуда қийин ҳуқуқий муаммони ечганлари учун Имо­ми Аъзам, яъни Буюк Имом деган шарафли номга сазовор бўлдилар. Талабалик йилларида тўрт мингга яқин устоздан таълим олдилар. Улардан етти нафари Пайғамбаримиз саҳобалари, ўттиз тўққиз нафари тобеин эди. Сўнгги устозлари Ҳаммод ибн Сулаймондан ўн саккиз йил муттасил таҳсил кўрдилар. Қирқ ёшларида дарс беришни бошладилар. Кейинчалик ўз замонасининг машо­йихи даражасига етган саккиз юзга яқин шогирдларга таълим бердилар. Буларнинг ичида китоб ёзганлари қирқ нафар эди. Ўзлари ҳалол касб қилиб, савдогарчилик орқали кун кечирар, Аллоҳ ато этган бойликдан шогирдларига ва муҳтож кимсаларга эҳсон қилиб турар эдилар. Қирқ йил давомида кечалари ухламай ибодатда ҳамда илм излаш ва тар­қатишда бардавом бўлдилар. Натижада, минглаб ҳуқуқий муаммоларга жавоб топдилар.

Мана шундай буюк фаолият орқали ҳанафий мазҳаби таълимоти юзага келди. Ҳадиси шарифда: "Кимга Аллоҳ яхшиликни ато этишни ирода қилса уни дин илмини биладиган фақиҳ қилиб қўяди", дейилган. Имоми Аъзамнинг фиқҳ илми равнақига қўшган ҳиссасига назар ташласак, ҳамма ҳам эришавермайдиган яхшиликка ноил бўлганларини кўрамиз.

Буюк ватандошимиз Имом Мотуридий Имоми Аъзам ақидавий таълимотини қайта тиклаб, унинг тўғрилигини асослаб берган бўлсалар, ўз навбатида диёримиздан етишиб чиққан Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Бурҳониддин Мар­ғиноний, Абу Лайс Самар­қандий каби алломалар Имоми Аъзамнинг фиқҳий таълимоти ва ҳанафий мазҳабининг ривожига буюк ҳисса қўшдиларки, ҳатто баъзилар ҳанафий мазҳабини "Мовароуннаҳр мазҳаби" дея номлаш фикрига борди.

Бугунги кунда нафақат диёримизда, балки бутун ислом олами бўйлаб ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Ҳозирда ер юзи мусулмонларининг 47 фоизи ҳанафийлар эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бу мазҳаб ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун- моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.

Афсуски, мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни суиистеъмол қилган баъзи ёт фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини "соф Ислом таълимоти ҳимоячиси" деб номлаган оқим бошлаб берди.

Бу оқим ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ўз домларига ҳали ҳаёт мазмунини англаб етмаган, ғўр ёшларни торта бошладилар. (Чунки умри давомида бир мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди.) Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишнинг кераги йўқ, Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди.

Лекин ўзлари қилаётган даъволарига зид тарзда, "раҳнамо"ларининг фикри, фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.

Оқим тарафдорлари намозда "Фотиҳа" сурасидан сўнг "омин"­ни баланд овоз билан айтиш, "рафъул-ядайн", яъни, рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар.

Натижада, мусулмонлар орасида ғоявий жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар.

Аммо, баъзи "аҳли илм"ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёш­лар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку дея, ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқа­лар суннат намозини ўқиётган пайтларида ўтириб олиб тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар. Ваҳоланки, Ислом таълимоти Қуръони каримдаги Нисо сурасининг 59-оятига кўра, мусулмонларни ўзларининг ҳам диний, ҳам дун­ёвий раҳбарларига бўйсунишга чақиради. Яъни, мусулмонлар "аҳли сунна вал-жамоа" сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган "аҳли илм"­лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки, мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий маз­ҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айб­лаш каби бузуқ ақидаларни тар­қата бошладилар.

Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли: 1. Кофирликда айб­лаш. 2. Кофирларга қарши кураш–уруш эълон қилиш. Бу иллат "Ҳизбут-таҳрир"да, "Акромийлар", "Ихвонул-муслимийн" каби деярли барча буз­ғунчи оқимларда учрайди.

Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бош­қалардан ажратиб олиш учун ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида кофир деб ҳа­қоратлашдан қайтарганлар.

Шунинг учун биз мусулмонлар бундай бузғунчи оқимларнинг пуч ғояларига учмайлик. Фарзандларимизни уларнинг домига тушиб қолишидан сақлайлик. Аҳиллик, иттифоқлик бор жойда баракот бўлади. Шу боис бир тану бир жон бўлиб, қабиҳ ниятли, ғаламис кимсаларнинг найрангларидан огоҳ ҳолда, Имоми Аъзам мазҳабида мус­таҳкам туриб, муқаддас динимиз софлигини кўз қорачиғидек асрайлик.