Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Бугунги кунда тинчлик-осойишталикни сақлаш фақат маълум соҳа вакиллари иши эмас, балки ҳамманинг юксак вазифасига айланди. Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган можаролар, нотинчликлар шуни тақозо этмоқда.

Шундай экан одамларни эзгулик, аҳиллик, шукроналик ва сабр-қаноатга чақириш, разолат ва қабоҳатдан огоҳ этиш ҳар бир кишининг инсоний бурчидир.

Тинчликни сақлаш – барчанинг бурчи

Тинчликни асраб-авайлаш, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак. Мана шу тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларнинг беғубор кулгиси, ота-оналаримизнинг шукронавор ҳаёт кечиришлари диёримиздаги барқарорлик туфайлидир.

Тинчлик қарор топган заминда хотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суради. Мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, осуда ҳаётни асраш барча фуқароларнинг асосий бурчларидан биридир. Зеро, Бош қомусимиз бўлган Конституциямизда "Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир", деб белгилаб қўйилган (52-модда).

Ислом дини кишиларни ­тинч­ликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Тинчлик бебаҳо неъмат деб баҳоланади. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятлари тинчликни сақлашга даъват қилади. Хусусан, "Бақара" сурасининг 208-оятида: "Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз..." деб амр этилган.

Тафсир китобларида ояти каримадаги "ёппасига" сўзи бир томондан барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини, иккинчи томондан эса, ­тинчликни барқарор этиш учун қандай йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлиги айтилган. Аллоҳ таолонинг "...Ёппасига тинчлик ишига кириши­нгиз..." деган кўрсатмасига биноан, жамиятимизнинг ҳар бир бўғинида тинч-осуда ҳаётни таъминлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги таъминланди. Аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга эришилди.


"Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди".

Ислом КАРИМОВ


 Ҳозирги кунда араб ўлкаларида юз бераётган нохушликлардан келиб чиқиб, мусулмон дунёсидаги энг таниқли уламолар тинчлик-омонликни таъминлаш ҳамда бузғунчи кучларга қарши курашда барча бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши зарурлигини таъкидлашмоқда. Жумладан, Ислом олами уюшмаси бош котиби Абдуллоҳ ибн Абдулмуҳсин ат-Туркий ­фикрини шундай баён қилади:

– Бузғунчи кучлар ва хато фикр­ларга қарши курашда ҳар бир киши ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Уламолар ва зиёлилар халқ оммасига Ислом маърифатини етказиш, яхшиликка чорлаш ва кишилар фаровонлиги йўлида меҳнат қилишлари керак. Шунингдек, қўпорувчилик, мутаассиблик, террорчилик ва раҳбарга исён қилиш каби иллатларга барҳам бериш барчанинг вазифасидир. Афсуски, эгри йўлга бошловчи хато фатволардан фойдаланиш оқибатида умматни ўз динидан ажратиш ва адашган оқимлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Одамлар ўртасида яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, зулмдан узоқ бўлиш, шунингдек, ёшлар онгига Исломдаги бағрикенглик ва енгиллик асосларини сингдириш лозим.

Саудия Арабистони қироллик девони маслаҳатчиси, "Масжидул Ҳаром" имом-хатиби Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд:

– Тажовузкорлик ва ­нотинч­­ликларнинг олдини олиш учун барча бирдек курашиши керак. Кишилар онгини ёвуз ғоя ва кучлар таъсиридан ҳимоя қилиш, шу­нингдек, тартибни бузишдан сақлаш ҳамда Ватан куч-қудрати, миллий қадриятлар ва урф-одатларни асраб-авайлаш ҳамда дин софлигини таъминлаш лозим, – дейди.

Тинчлик қадри ҳақида гап кетганда, бугун узоқ Америка ёки Африка қитъасидаги ­нотинчликдан мисол келтириш шарт эмас. Қўшни Афғонистонда қарийб ўттиз икки йилдан бери давом этаётган тўс-тўполон оқибатларини эслаш кифоя. Кўпчилик Афғонистондаги мураккаб вазият, давом этаётган можаролар тезроқ барҳам топиб, мамлакат тикланиш ва тараққиёт йўлига тушиб олишини истайди. Зеро, халқимизда "Қўшнинг тинч – сен тинч" деган мақол бор. Умуман, ҳамиша эзгу ва хайрли ниятлар билан яшайдиган халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳонда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ҳаёт кечирсин.

 

Лоқайдлик ва ношукрлик оқибати

 

2011 йилдан буён араб давлатларида давом этаётган можаролар сабабларини кўп таҳлилчилар ташқи кучлар таъсири, тенгсизлик, камбағаллик, коррупция ва ишсизлик, деб баҳоламоқда. Лекин аслида нотинчликнинг туб илдизи бефарқлик ва ношукрликка бориб тақалади.

Фуқароларнинг бепарво бўлиб қолишларининг охир-оқибати ­фожиадир. Баъзи кимсаларнинг ёвузликка қўл уришлари ­ло­қай­длик натижаси эканини асло унутмаслик керак. Тобора кучайиб бораётган бундай иллатларга қарши доимо ОГОҲ ва ҲУШЁР бўлиб яшаш бугунги кун талабидир.

Лоқайдлик ва ношукрлик осойишталикка таҳдид солаётган иллатлардандир. Бундай таҳдидлар жамият аъзоларида ўз тараққиёт йўлига нисбатан ишончсизлик ва парокандаликни келтириб чиқаради. Пировард оқибатида одамни ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айланишига олиб келади. Шу сабабли аввало, ёшларни бундай таҳдидларга нисбатан муросасиз бўлишга тайёрлаш зарур. Бунинг учун уларга таҳдидларнинг аянчли оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бериш керак.

Бугун кишиларга "бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган" одамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини, уларнинг Ватанига ҳам, эл-юртига ҳам фойдаси тегмаслигини, аксинча зарари бўлишини уқтириш лозим.

Чунки азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Душманнинг кимлиги, асл қиёфаси аввалдан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини, унинг мақсадини бирданига билиб бўлмайди.


"Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир".

Амир ТЕМУР


Инсон нафақат мавжуд тинч­ликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этиши лозим. Айрим давлатларда бўлаётган ўзаро тўқнашувлар ва қарама-қаршиликларнинг яна бир сабаби ношукрчиликдир. Шунингдек, шукроналикнинг акси бўлган, ношукрлик, жамиятда илдиз отиб кетиш хавфи катта бўлган таҳдиддир. Бундай инсонларни динимиз ҳам қоралайди:

«Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюради: "Аллоҳнинг қавмларига аталган бир талай неъматлари бор. Қавм­лар бир-бирларини эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бирларининг ­дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини севмай, бир-бирини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бош­қа аҳил қавмларга беради» (Абу Ҳомид Ғаззолий "Мукошафат-ул қулуб" (Қалблар кашфиёти).

Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: "Албатта, Биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз" (Оли Имрон, 145). Яна бир ояти каримада: "Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман."

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахл­дор деб биладиган ҳар бир киши бундай тинчликнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.