Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Хотиржам, осуда ҳаётимиз ва сиҳат-саломат эканимизга шукр қилишимиз зарур. Ҳозирги мураккаб замонда халқимиз, аввало, ўсиб келаётган ёш авлодларимизнинг онгида тинчликни қадрлаш ва уни асраш ҳақида тасаввур уйғотиш катта аҳамиятга эгадир. Ҳазрат Алишер Навоий айтади:

 

Низоеки, ҳар кимга

                   масмуъдир,

Хирад буйруғи бирла

                   мамнуъдир.

Вале, элга андин

                   зарардур басе,

Анинг зимнида шўру

                   шарардур басе.

 

Яъни, бирор низо ҳақида эшитган ҳар бир киши уни ақл ва тадбир билан бартараф этиши зарур. Чунки ундан халққа фақат зарар етади. Унинг орқасида турли ёмонликлар ётибди, дейди Алишер Навоий бобомиз.

Ислом тинчлик динидир. Инсонларни тинчликка чақириш савоби улуғ иш. Ер юзида осойиш­талик ўрнатишда кишиларнинг бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишини, дини, миллати ва ирқидан қатъи назар, ўзаро иззат-ҳурматда яшашини таъминлаш мақсад қилинади.

Динимиз бошқаларга зарар етказишдан қайтарган. Па­й­­­ғ­ам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мусулмон бошқалар унинг тилидан ва қўлидан озор чекмаган кишидир", деб мар­ҳамат қилганлар. Чунки тил ва қўл билан зарар етказиш мусулмонга ҳам, ғайридинга ҳам ётдир.

Айни мураккаб замонда дунё­да бўлаётган турли нохуш ҳодисалар ва фитналар барчамизни ҳушёр-огоҳ бўлишга ундайди. Ғофиллик, бефарқлик, лоқайдликни ташлаб, огоҳликни кучайтириш тинчликни сақлашнинг асосий омилидир.

Ҳолбуки, барча даврларда ҳам бепарволик ва беғамлик сабабли мусибатлар юзага келган. Донишмандлар: "Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади", дейишган.

Баъзилар тинчлик-осойишталикни асраш деб фақат қурол билан мамлакат чегарасини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида ундай эмас. Тинч осойишта ҳаёт – эзгу ният ва тилакларга эришиш манбаи экан, уни асрашни ҳар бир фуқаро зиммасидаги шарафли бурчдир. Ҳар бир инсон "Юртим тинч – мен тинч" деган ҳақиқатни теран англаши зарур. Ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг тинчлигини ва хавф­сизлигини таъминлаш учун қайғуриши ва бунга ҳисса қўшиши керак.

 

Илҳом ЭГАМҚУЛОВ,

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар "Абдуқаҳҳор ҳожи" жоме масжиди имом-хатиби