Истиқлолга эришгач, юртимизда миллий-диний қадриятларимизни, осори-атиқаларимизни тиклаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Масжидларимиз, тарихий обидаларимиз, меъморий ёдгорлик­ларимиз, нодир қўлёзмаларимиз барча-барчаси ўзимизники бўлди. Ибодатларни адо этишда эркинлик берилди, қулайликлар яратилди. Диний маросимлар, байрамлар ҳаётимизга ошкора татбиқ этилиб, муносиб ўрин топди. Буларнинг бари ҳурриятимиз туфайлидир, Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган улуғ неъматларидир. Бу неъматлар шукронасини адо этишимиз керак.
Минг афсус, баъзи тоифалар бу каби имконият ва кенгчиликларни суиистеъмол қилиб, динимизга ёт таълимотларни одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг фикрича, телевизор, радио ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш мумкин эмасмиш. Бундай гаплар динимиз ҳукмларидан эндигина хабар топаётган кишилар орасида иккиланишларни, тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.
Ислом дини таълимотлари барча замон, макон ва жамият талабларига тўла жавоб беради. Ҳозирги кунда ҳаётимизни телевизор, радио ва компутер каби техникаларсиз тасаввур этиш қийин. Мутаассиблик охир-оқибат жамиятни таназзулга олиб келишини оқил инсон яхши билади. Шу боис таассубга, маҳдудликка берилиш динимизда қораланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис­салом) ҳадиси шарифларида мўмин кишининг жамият ичида бўлиб, унинг қувончи ва ғамига шерик бўлиши, одамларнинг ҳожатларини раво қилиши тоғу тошларга қочиб, ўзи билан ўзи овора бўлишидан яхшироқ эканини таъкидлаганлар. Зеро, Аллоҳ таолонинг раҳмати жамоат билан, кўпчилик билан биргадир. Шунинг учун ҳам одамларнинг ўзаро бир-бирлари ҳол-аҳволидан огоҳ бўлиб, керак бўлса, кўмаклашиб туришлари жуда муҳимдир. Улуғ алломаларимиз жамоат намозларига катта эътибор берганларининг ҳикмати ҳам шундадир.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари барча масалаларда Қуръони карим, Пайғам­баримизнинг (алайҳиссалом) суннатлари, ижмоъ ва қиёсга асосланган фатволар, ҳукмлар, қонун-қоидалар, йўл-йўриқларни очиқ-ойдин кўрсатиб беришган. Уларга асосланиб тўғри эътиқодда бўлиш, холис ибодат қилиш айрим “пешво”лар ёки уларнинг издошлари тарғиб этган нарсалардан минг чандон яхшидир. Зеро, муқаддас Ислом динимиз кимга бўлса ҳам эргашиш эмас, балки ҳар бир амал ва ҳаракатда фикр қилишга, ақл юритишга, маслаҳат-машварат қилишга чорлайди.
Хуллас, миллий истиқлол туфайли эришилган неъматлардан тўғри мақсадларда фойдаланиб, динда ғулувга кетмай, яратилган имкониятларни оқилона ишга солсак, соф исломий ақидадан адашмаймиз, иншааллоҳ, дунё ва охиратда саодат топганлардан бўламиз.

Шарафиддин СУВОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ходими