Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига йигирма икки йил тўлди. Йигирма биринчи октябр ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарихимизга муҳрланди. Ўзбек тили Мавлоно Лутфий, ҳазрат Алишер Навоийдан то шу кунларгача машаққатли ва олис йўлни босиб ўтди. Аждодларимиз, адиб­ларимиз асрлар давомида ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишди. Бугун эса баъзилар ушбу неъматнинг қадрига етмай, тилимизни бузиш, хато талаффуз қилиш каби ҳолатларга эътиборсиз. Ҳолбуки ҳамма тилни ҳурматлаш одобини, нутқ маданиятини ўрганиши зарур. Буни оиладан, таълим муассасаларидан бошлаш керак.

Зеро, оғзаки нутқ маданиятини билиш тилга ҳурмат – элга ҳурмат маъносида ҳам юксак фазилат ҳисобланади.

Кўчалардаги реклама ёзувларида ҳам,  дўконларнинг тепасида ҳам имловий хатоларни ёки соф ўзбек тилидан чекиниш ҳолларини кўриб, ачиниб кетасан.

Олти ёшли жияним ҳеч кутмаган пайтимда: “Салон красоты”га оборинг, деб қолди. Ғалати эшитилган бу сўзни тушунмагандай опамга қарадим. “Тоғаси, бу сартарошхонани айтяпти. Ўзиям икки кундан бери хархаша қилади”, деди опам. Эътибор қилинса, жойлардаги ҳар беш-олти соч парваришлаш, олдириш ўринларидан биттаси “Сартарошхона” ёки “Гўзаллик салони”, қолганлари эса “Салон красоты” бўлган. Бир дўкон тепасига “2000 hildagi oboylar” деб ёзиб қўйишибди. Биринчи сўзда “х” ҳарфи ўрнига “h”ни, иккинчисида эса русча “обой” сўзига ўзбекча “лар” қўшимчаси қўшилган. Ушбу иборани чиройли қилиб, соф она тилимизда “2000 xildagi gulqogoz” деб ёзса бўлади-ку! Шу сингари, машиналарда: “Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф” каби ибораларни ўқиган киши йўловчиларга ҳам лицензия бериладими, деб ҳайрон бўлмайдими?

Эҳтимол, айримлар “Салон красоты” атамасига анча кўникиб қолгандир. Ўқишни энди ўрганаётган боғча боласи ёки мактабга бораётган ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хижолатсиз “Салон красоты”, деб гапиришяпти, шундай ёзишяпти ҳам.

Бу каби лоқайдлигимиз ортида  тилимизга ҳурматсизлик, кўр-кўрона тақлид, тил қоидаларини бузиш каби иллатлар ётгани наҳот сезилмаётган бўлса. Келажак авлодни билимли, ватанпарвар, миллий анъаналаримизга содиқ, она тилимиз жонкуярлари қилиб тарбиялашимиз зарур эмасми?..

Абдуллоҳ Нуруллоҳ ўғли