Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

 

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, дунёнинг турли давлатлари билан бевосита алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлди. Бу, бир томондан, мустақил мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топиши, тараққиёт йўлини белгилаши, барча соҳаларда турли давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, мунтазам ривожланиб бориши учун мустаҳкам замин яратган бўлса, иккинчи томондан, дунё миқёсида юз бераётган глобал ва минтақавий жараёнлар Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади.

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жамиятдаги ғоявий бўшлиқ ва динга бўлган қизиқишнинг ортиб боришидан фойдаланган айрим кучлар, турли бузғунчи оқим ва ноқонуний ташкилотлар ўз ғояларини тарқатишга, жамиятда тартибсизликлар келтириб чиқа-ришга, халқимизни ўз танлаган йўлидан чалғитишга ҳаракат қилдилар.

Мана шундай мураккаб шароитда мустақил Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсати, хусусан, миллий ғоя тарғиботи, диний қадриятларни асраб-авайлаш, аждодлар бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида устувор йўналишларини аниқ белгилаб олди.

Ана шундай йўналишлардан бири маърифий Исломни ривожлантиришдир.

Маълумки, тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўплаб олиму уламо, фозилу фузалолар ўзларини тасаввуф оламига дахлдор санаган, унинг покликка даъват қилувчи ғояларини халқ турмуш тарзига татбиқ этиш йўлида саъй-ҳаракат қилишган.

Ислом дунёси фан ва маданиятидан муносиб ўрин олган ҳазрат Имоми Аъзам, Имом Мотуридий, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Ғаззолий,  Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Сўфи Аллоҳёр каби зотлар аҳли тариқат бўлганлар ва тасаввуфнинг ривожига ҳисса қўшганлар, бу табаррук зотлар суннатга амал қилган  илмда етук, руҳан пок, ахлоқан комил, маърифатли инсонлар эдилар.

Тариқатни баъзи манбаларда фиқҳи ботин, яъни қалбни, ички оламни поклаш таълими ҳам дейдилар.

Баъзилар шариат ва тариқат сўзларини бир-бирига зид деб нотўғри талқин қиладилар. Шариат ва тариқатни бир-биридан айириш этни тирноқдан айириш деганидир. Тариқат амали шариатнинг янада мукаммал бўлишига хизмат қилади, холос. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, шариат амалларини омматан ҳамма бажаради. Тариқат амали эса қўшимча нафл ибодатлардан иборат бўлиб, хос кишилар адо этишади. Демак, аҳли тариқатлар шариатга амал қилиш баробарида қўшимча нофила ибодатларни ҳам бажариб боради. Ўз-ўзидан маълумки, қанча кўп ибодат қилинса, шунча кўп савоб ҳосил бўлади. Бунинг бирор зарарли томони йўқ, аслида.

Аммо  сохта   шайхлар,  жоҳил,  илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Уларга эргашмасликка даъват қилинади. Тариқат асосчилари ва улуғ валийлар Қуръон ва ҳадисга асосланмаган ҳар қандай тариқатни рад этади ва ботил санайди. Жоҳил, нодон ва такаббурлар ўзларини тариқат аҳли санасалар ҳам, унинг файзидан бебаҳрадирлар.

Ўрта Осиёга Ислом дини кириб келиши билан тасаввуф таълимоти ҳам кенг ёйилиб борди.

Тарихга назар ташласак, диёримизда яссавия, кубравия ва нақшбандия каби жаҳрий ва хуфия-зикрга асосланган тариқатлар юзага келди.

Тариқат пешволарининг ҳикматли сўзлари ва ҳаётий фао­лиятлари ҳамиша халқни эзгуликка бошлаган. Айниқса, уларнинг илм олишга тарғиб этганлиги таҳсинга лойиқ.

Хожагон-нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари фарзандларига насиҳат қилар экан, шариатни ўрганишга, фиқҳ ва ҳадис илмини билишга тарғиб қилади. Жоҳилликни, нодон сўфийлардан бўлишни қаттиқ мазаммат этади.

– Эй фарзанд, – дейди Абдухолиқ Ғиждувоний, – фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, бирор киши сени мақтаса, ғурурланма, танқид қилса, ранжима. Инсонлардан ҳеч нарса сўрама, тама қилма, футувват, саховат аҳлидан бўл, Ҳақ таоло сенга нима берган бўлса, халққа тарқат.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд доимо илму адаб ўрганишни тар­­­­ғиб қилиш билан бирга ха­лқ­­­­­­­­­­­­­­ни камтар ва халқпарвар бўлишга даъват қилар эди. У улуғ зотнинг: "Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Хилватда шуҳрат, шуҳратда эса офат бор. Хайр жамоат биландир", деган ҳикматли сўзи барча нақшбандийларга дастуриламал бўлиб қолди.

Тариқат Аллоҳ ва расулини севиш, ота-онага, устозга, мўмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишдир. Тариқат Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрори Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Тариқат чумолига ҳам озор бермаслик, Аллоҳ яратган ҳар бир паррандаю даррандага шафқат назари билан боқишдир. Энг муҳими, муҳаббатли бўлиш.

Тариқат йўлини ихтиёр қилган киши дунёга ҳирс қўйишдан ўзини сақлайди. Жаҳолатдан қутулиш йўлларини ахтаради. Аксинча бўлса, тариқат йўлида умрини беҳуда зое қилгани қолади, холос. Айниқса, инсон то нафсини ислоҳ қилмагунча, уни жиловламагунча бирор даражага асло эришолмайди. Чунки нафсни жиловлаш ўта оғир ишдир.

Тўғри, инсон яшаши керак. Аммо нафси аждарҳога айланса, оқибатда инсонни хор ва расво қилади. Шунинг учун ҳам тариқат китобларида нафснинг етти босқичи: нафси аммора, нафси лаввома, нафси мулҳима, нафси мутмаинна, нафси розия, нафси марзия ва нафси комилаларнинг хусусиятларидан баҳс юритилади, уларнинг Қуръондаги талқинига аҳамият берилади. Буларнинг бари инсонни тафаккур юритишга ва нафсни ислоҳ қилишга ундайди, тариқатда таркидунёчилик йўқ, аксинча, тариқат халқ билан бирга бўлишни, халқнинг оғирини енгил қилишни бую-ради. Ташқи жиҳатдан сўфийнамо бўлиб, бадахлоқ ва бадхулқ бўлишни кескин қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса мунофиқлик саналади.

Энг муҳими, тариқат таълимоти яхши хулқларни камол топтириш ва ёмон хулқлардан мутлақо қутулиш йўлларини кўрсатиб беради. Чунки тариқатга оид китобларда ахлоқ иккига бўлинади. Ахлоқи замима (ёмон хулқлар), масалан: ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, каззоблик, фитна, такаббурлик ва ҳоказо. Шунингдек, ахлоқи ҳамида (яхши хулқлар): сабр, шукр, саховат, қаноат ва ҳоказо. Зотан, ахлоқни тузатмасдан қилинган тоат-ибодатнинг фойдаси йўқ. Инсон такаббур, дил­озор бўлса, силаи раҳм қилмасдан кечаю кундуз ибодат қилса, унинг бундай ибодатидан бирор наф чиқмайди.

Тариқатга доиркитобларни ўқисак, улар, аввало, оила ва фарзанд тарбиясига жиддий аҳамият беришни талаб қилади. Имом Ғаззолий фарзанд қалбини мумга ўхшатадилар ва мумга қандай нақш солинса, шуни қабул қилишини айтиб, фарзандни мурғак пайтидан бошлаб илму адабга ўргатишни, вақтида унга эътибор беришни тайинлайдилар.

Авлиёлар ҳаётига назар солсак, уларнинг ҳалол касб ва ҳалол луқмага жиддий аҳамият берганликлари маълум бўлади. Ҳазрат Баҳоуддин Нақш­банд ҳузурига келганлардан "Касбинг нима?" деб сўрарканлар. Агар бирор касби бўлма-са, "Бор, бирор касб ўрган, сўнгра келасан", деб айтар эканлар. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар ва авлиё­лар ҳам бирор касб билан шуғулланиб, ҳалол яшашни шараф деб билганлар.

Тариқатда устоз ва шогирд­ликка жиддий аҳамият берилади. Устоз шогирдни илмга тар­ғиб қилиш билан бирга амали ва адабини мунтазам назорат қилиб боради. Камчиликларини ўз вақтида тузатади. Шогирд­лари орасида ножоиз урф-одатлар, тушунчалар ва хатти-ҳаракатлар пайдо бўлишининг олдини олади. Соҳиби эҳсон бўлишга, ғайратли ва ҳимматли бўлишга ундайди. Баъзи валийлар маноқибини ўқиса­нгиз, борини халққа тарқатгани, ниҳоятда соҳибкарам бўлганларидан ҳайрон қоласиз. Бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Дарҳақиқат, инсоннинг қўли қанча очиқ ва карамли бўлса, Аллоҳ ҳам унга шунча карамли бўлади. Бунга яқин ўтмишда ўтган устозлар ҳаётидан ҳам мисоллар келтириш мумкин. Ҳиммат ва саховат кишини юксак даражага эриштиради.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, баъзи бир кимсалар тариқатга кирдим деб, кийим-бошларини, юриш-туришларини ўзгартиришади. Маҳалла-кўйдан ажраш, ҳатто оила ва фарзандларини қаровсиз қолдириш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг оқибатида қаровсиз қолган ёш болаларнинг турли ёмон йўлларга кириб кетиш ҳоллари рўй бермоқда.

Бинобарин, жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар:

"Аллоҳ таоло сизларнинг  ташқи кўринишларинг ва мол-мулкларингга эмас, балки амалларингизга қарайди" (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло дилларимизнинг мусаффо, эзгу амалларимизнинг бардавом бўлишини барчамизга муяссар айласин!