Инсон огоҳ бўлсагина, ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга қолади.

Аллоҳ таоло бундай огоҳ­лантиради: «Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир» (Аъроф, 179).

Муфассирлар ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган, дейдилар. Яъни, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панд-насиҳатни тингласалар-да, унга амал қилмаганлар назарда тутилган.

Инсон зиммасига буюк масъулият – Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтириш, ер юзини обод этиш, наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби улкан омонат юклатилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди... ” (Аҳзоб, 72).

Банданинг юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ, зиммасига олган илоҳий омонатдан юз ўгиришдир.

Разил, имони йўқ, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосидан келаётган катта-катта маблағлар эвазига фаолият юритаётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осо­йишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратил­ган тажовуздан ўзга­ нарса эмас. Ҳо­зирги пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида гиёҳвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина  қадам ташлаб бораётган азиз фарзандларимизнинг ногирон бўлиб қолишларига олиб келмоқда.

Гиёҳвандлик, террорчилик ҳаракатлари, зулм, зўравонлик муқаддас динимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибатга йўғрилган таълимотларига мутлақо зиддир. Булар инсониятга қарши мудҳиш жиноят ҳисобланиб, Ислом таълимоти уни қатъий қоралаб, рад этади. Пайғамбаримиз  «Ҳажжатул вадоъ»да мусулмонларга­ қарата бундай деб панд-на­сиҳат қилганлар: «Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қони­нгиз­ни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Шу билан бирга, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).

Ушбу оятдаги “исроф қилувчилардир” хабаридан мурод – мол-дунёни исроф қилиш эмас, балки умрни гуноҳ ва жиноий ишлар билан исроф қилиб ўтказишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад  халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида бундай огоҳ этганлар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Имом Муслим ривояти).

Имонли, виждони пок, қалбида Ватанга, халқига муҳаббати бўлган киши ҳеч қачон ўзи билиб тургани ҳолда хато ишларга қўл урмайди. Ватан меҳри, дегани шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у – бахт топган остонамиз – оиламиз, бизни элу юртга қўшган урф-одатларимиз, удумларимиз – миллий қадриятларга, биз ўсиб-улғайган тупроқ, ота-онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатимиз, ҳаяжонли туйғуларимиздир. Фақат буни биз ҳис қила билсаккина, у қалбдан чиқади, самимий бўлади.

Бузғунчилар қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, гиёҳвандлик, одам савдоси, “оммавий маданият” каби балоларни ёйиб, одамларни хато ишларга бошлаб, ҳатто уларнинг қўлларига қурол бериб, қабиҳ режаларини амалга ошириш пайида. Шу ватан учун, миллат келажаги, фарзандларимиз камоли, динимиз ривожи учун ҳам фитначиларга қарши курашиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш юксак бурчимиздир.

 

Шуҳрат РАВШАНОВ,

Чироқчи туманидаги “Бобошер” жоме масжиди имом-хатиби