Халқимизга ва кенг жамоатчиликка маърифатни етказишда имомлар зиммасига улкан масъулият юкланган.

Одамларга яхшилик қилиш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш каби энг савобли ишларда мўминларга намуна ва пешво бўлиш буюк вазифадир.

Ибн Абу Ҳинддан (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилинади: "Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: "Мени бир амалга далолат қилинг, уни бажарай", деди. У зот (алайҳиссалом): "Қавмингнинг имоми бўл", дедилар. Ҳалиги одам: "Агар бунга қодир бўлмасам-чи?" деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Унда уларнинг муаззини бўл", дедилар. У киши: "Буни ҳам қилолмасам-чи?" деди. Шунда У зот (алайҳиссалом): "Унда биринчи сафда бўл", деб марҳамат қилдилар (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ривоятда: "Менга бир амал хабарини беринг, уни қилиб жаннатга кирай", де­йилган ва жавобда олдин муаззинлик, кейин имомлик зикр қилинган.

Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Имом кафил, муаззин омонатдордир. Ё Аллоҳ, имомларни тўғри йўлга бошла, муаззинларни мағфират эт!" деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд).

Мусулмонлар меҳробда турган инсон айтган ҳар бир сўзга диққат қилишади. Жамоат ибодатининг комил бўлиши имомга боғлиқ.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким бир тақволи олим ортида намоз ўқиса, гўё Набийнинг ортида намоз ўқибди", деганлар (Имом Зайлаъий "Насбур роя"да келтирган).

Давр талаби билан таъриф берадиган бўлсак, имом – диний ўқув юртларидан бирини тамомлаган, илмли, диёнатли, яхши ахлоқли, адолатли, шариат аҳкомларига оғишмай амал қилувчи ва мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган ҳамда диний раҳбарият тавсияси асосида тайинланган киши бўлиши зарур (Айдарбек Тулепов. "Ислом ва ақидапараст оқимлар").

Имомлар бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Энг олдин улар имомликнинг мансаб ёки талашиладиган амалдорлик эмас, балки у буюк вазифа, улкан масъулият, шарафли хизмат эканини анг­лаб етишлари, унинг ўзига хос жиҳатларини яхши эгаллашлари лозим.

Имомлик ижтимоий фаолиятдир, шунинг учун имом жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларнинг, амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунини теран тушуниши ва халқимизга тўғри етказа олиш малакасига эга бўлиши керак.

Имом – юксак даражада эзгу маданиятли ва ўз соҳасини чуқур эгаллаган, билимдон ва ақл-заковатли мутахассис бўлиши ва ўз билимини мунтазам ошириб, чуқурлаштириб бориши керак.

Жумладан, имом нутқ маданиятига, яъни равон гапириш, фикрини чиройли ва тушунарли, таъсирчан қилиб баён этиш, аниқ ифодалаш малакаларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратиши керак.

У ҳозирги замон ютуқларидан, янгиликларидан хабардор бўлиши ва унга танқидий ва таҳлилий ёндаша олиши керак.

Имом Термизий ривоятидаги ҳадисда: "Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари ҳамда осмонлару ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли, (де­нгиздаги) наҳанг ҳам одамларга яхшиликни ўргатган кишининг ҳақига дуою дуруд айтишади", дейилган.

Демак, имом-хатиблар учун элнинг маърака,   маросимларини суннатга мос ўтказишдан ташқари, одамларга дину диёнат, ҳалолу ҳаромни ўргатиши, охиратни эслатиб туриши, Аллоҳ амрларини ва Унинг ҳақ Расули васиятларини чиройли етказиши, имомлик касб эмас, вазифа эканини ҳар доим ёдда тутиши жуда муҳимдир.

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкет Ислом институти "Таҳфизул-Қуръон" кафедраси мудири, "Новза" жоме масжиди имом-хатиби