Ахборот технологияларининг тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларини кенгайтириб юборди. Ҳозирда мафкуравий кураш умумбашарий майдонга чиқди.

Бу ҳол биздан жамиятимизнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишларни янада самарали, янада таъсирчан ва тизимли ўтказишимизни талаб қилади.

Мафкуравий хавфсизлик – шахс, миллат, жамият, давлатнинг хилма-хил шаклларда намоён бўладиган мафкуравий тажовузлар, турли мафкуравий марказларнинг бузғунчилик таъсиридан кафолатли ҳимояланганлигидир.

Бугунги кунда турли хил мафкура марказлари ўзларининг ғаразли ниятларига эришишда айрим фуқароларимиздан "қурол" сифатида фойдаланишга интилмоқда. Бу эса мафкуравий хавфсизлик учун реал таҳдидлар борлигини кўрсатади. Шунингдек, қўшни давлатлардаги мавжуд террористик ва экстремистик кайфиятлар ҳам мамлакатимиз мафкуравий хавфсизлигига хатарлардан биридир.

2012 йили Покистонда 1577 та террорчилик ҳаракати содир этилди, 2050 киши ҳалок бўлди, 3822 киши яраланди. Қўпорувчилик ишларининг 33 таси террорчининг ўзини ўзи портлатиши усули билан амалга оширилган.

"Толибон" ва "Ал-Қоида" гуруҳларининг жангарилари Покистоннинг биргина Хайбар – Пахтунхва вилоятида 2009 – 2012 йиллари 690 дан ортиқ мактабни вайрон қилди. Натижада юз минглаб бола қаровсиз, саводсиз бўлиб қолмоқда. Энг мудҳиш жиноятлардан бири ўсмир ёшдаги ўғил ва қиз болалардан "тирик бомба" сифатида фойдаланишдир.

Жангарилар яна Покистоннинг Хайбар – Пахтунхва ва Федерал бошқариладиган ҳудудида сўнгги йилларда 500 дан ортиқ тиббиёт пункти ва шифохонани портлатиб ёки ёқиб юборган, 50 дан ортиқ шифокор умрига зомин бўлинди, Афғонистонда эса ўтган йили 44 бор ўқитувчи ва шифокорга ҳужум уюштирилгани террорчи гуруҳларнинг инсонийлик қиёфасини йўқотиб, қабиҳ ва жирканч мақсадлари йўлида нақадар тубанлашиб кетганлигига далил бўлади.

2012 йили Тожикистонда диний экстремистик фаолият билан шуғулланган 144 нафар шахс ҳибсга олиниб, 123 нафар шахсга нисбатан 30 та жиноий иш қўзғатилган. Жиноятчиларнинг 76 таси "Туркистон ислом ҳаракати" ва 36 таси "Ҳизбут таҳрир" оқимига мансуб шахслардир.

Баъзи маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнгги беш йил ичида диний-экстремистик оқим аъзоларининг сони ўн ҳисса кўпайиб, деярли 50 мингга етган. "Ҳизбут таҳрир" гуруҳи мазкур республиканинг Ўш шаҳрида ўзининг минтақавий марказини барпо қилган. Биргина 2012 йилда Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ушбу оқимга тааллуқли 20 мингдан кўп китоб ва дискни мусодара қилди.

Қозоғистонда йил сайин "Таблиғчи" ва "Салафий" диний жамоаларининг тарғибот-ташвиқот ишлари кучайиб бормоқда. 2012 йил мамлакатда 205 нафар "таблиғчи"нинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган. Терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун ҳибсга олинганлар сони ортмоқда. Масалан, 2010 йили 8 та бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич 2011 йили 44 тани, 2012 йилнинг биринчи ярмида 81 тани ташкил этган.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда "Жундул халифат", Қирғизистонда "Жайшул Маҳдий" жиҳодий гуруҳларининг вужудга келиши, Қозоғистон, Тожикис­тон ва Қирғизистонда қатор қўпорувчиликлар содир этилиши ақидапарастлар ичида радикаллашув жараёнининг кучайиб бораётганидан далолат беради.

Ён-атрофимиздаги мамлакатларда диний-экстремистик ташкилотларнинг фаоллашуви биздан ҳушёрликни янада оширишни, айниқса, чегарадош ҳудудларда ушбу вазифага эътиборни кучайтиришни тақозо этади. Зеро, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: "Агарки, биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетиши, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас".

Динни ниқоб қилган ҳолда Ўзбекистонни демократик тараққиёт йўлидан оғдиришга ҳаракат қилаётган турли ақидапараст гуруҳ аъзолари иродаси бўш, билими саёз кишиларни, айниқса, ёшларни ўз таъсир доираларига тортишга уринмоқда. Буни "Жиҳодчилар", "Салафийлар", "Туркистон ислом ҳаракати", "Ҳизбут таҳрир", "Акромийлар", "Нурчилар" ва "Таблиғчилар" каби диний-­экстремистик ташкилотлар ва норасмий диний жамоаларнинг фаолиятлари мисолида кўриш мумкин.

Айниқса, кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида "Жиҳодий" ва "Салафий" жамоаларининг таҳдиди кучайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

"Жиҳодчилар" террор ва қўпорувчилик ҳаракатлари билан ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, амалдаги дунё­вий конституцион тузумни ағдариб ташлаб, ислом амирлиги шаклидаги давлат қуришни мақсад қилган диний-сиёсий гуруҳлардир.

Ўзларини саҳобаларнинг "давомчилари" деб даъво қилаётган, аслида эса ғоя ва амал жиҳатидан уларга мутлақо ёт бўлган "Салафийлар" диний-сиёсий гуруҳи ислом жамияти қуриш давлатчиликнинг асоси бўлиши керак, деган шиор остида одамларнинг онги ва турмуш тарзидан миллий қадрият, урф-одатларни суриб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Мазкур мутаассиб оқим аъзоларининг бош мақсадлари "жиҳод", "ҳижрат", "шаҳидлик", "такфир" каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларидан, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Афғонистон, Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки "тирик бомба"га айлантиришдан иборат. Ушбу ёвуз мақсадлар йўлида ақидапараст оқимлар фаолиятини меҳнат мигрантлари ичидаги ёшларни ўз таъсир доирасига олиш, "ҳужралар"да сохталаштирилган диний ғояларни сингдириш, диний экстремистик мазмундаги материалларни босма ва электрон шакл­ларда тарқатиш, "Интернет" орқали тарғибот-ташвиқот ўтказиш каби усулларга йўналтирган.

Ақидапарастлар ҳар қандай тушунчаларни ўз мақсадларига монанд равишда бузиб тарғиб қилаётганликларининг гувоҳи бўламиз.

Жумладан, "жиҳод" сўзи "жидду-жаҳд", яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат қилиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган ўсмир илм йўлида жиҳод килмокда, деса бўлади. Ҳадисда айтилади: "Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: "Сенинг ота-онанг борми?" дедилар. "Ҳа", деди. "Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!" дедилар". Бошқа ҳадисда "Жиҳоднинг афзали ҳавои нафсинг­га қарши жиҳод қилмоғингдир", дейилган.

"Шаҳид" – ислом динига кўра, имон-эътиқоди, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ва жаннатга кириш шаҳодат (ваъда) қилинган киши, демакдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ички касалликлар хуружи ва вабо билан ўлган, сувда чўккан, девор босиб қолиш ва бошқа айрим сабаблар билан ўлим топган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилади, деб таъкидлаганлар. Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида, деб эълон қилинса ҳам, шаҳид деб ҳисобланмай, балки "ўз жонига суиқасд" деб баҳоланади. Ўз-ўзини портлатиб ҳам ўзининг, ҳам бошқаларнинг умрига зомин бўлган шахслар асло "шаҳид" саналмайди, балки энг оғир гуноҳ қилган шахс­дир. Қуръонда "Ўзлари­нгизни ўлдирмангиз!.." (Нисо, 29) де­йилган. Ҳадиси қудсийда "Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим", дейилган.

"Такфир" мусулмонни имонсизликда айблаш демакдир. Жиҳодчилар уларга эргашмаган мусулмонларни "кофир", яъни "динсиз" деб асоссиз ҳукм чиқаради. Ҳадисда "Кимки мўмин кишини "кофирсан" деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади", дейилади. Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ўзининг "Ал-Фиқҳул акбар" асарида "Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз", деб таъкидлаган. Кўриб турганимиздек, исломда ҳалол меҳнат қилиб, юртига содиқ бўлган инсон у ёқда турсин, ҳаттоки оғир гуноҳ қилган мусулмонни ҳам "кофир" деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.

"Ҳижрат" сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккани тарк этиб, Мадинага боришларига қиёсан қўлланилиб, мусулмонларнинг яшаб турган ерларини ташлаб, бош­қа юртларга кўчиб кетиши назарда тутилади. Ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар "ҳижрат қилмаганлар кофир, кофир юртда яшамоқлик куфр" деган сохта даъво билан ватандошларимизни алдаб, хориждаги жангарилар тайёрланадиган марказларга жўнатишга ҳаракат қилмоқда. Аслида эса, ислом таълимотига мувофиқ, Ўзбекистон каби мусулмон мамлакатидан "ҳижрат" қилинмайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг бир-бирларига ўзаро ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Қуръонда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифаси барча инсонлар зиммасига юкланган: "Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!" (Бақара, 208).

Одамлар ўртасида иғво тар­қатиш, фитна чиқариш ва жамиятда адоват қўзғаш ислом динида ҳаром килинган катта гуноҳ амаллардан саналади: "Фитна қотилликдан ёмондир" (Бақара, 191).

Шу ўринда, жамиятда диний асосдаги низоларга олиб келиши мумкин бўлган миссионерлик ва прозелитизм муаммоларига ҳам эътиборни қаратиб ўтиш лозим. Маълумки, республикамизда виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган. Фуқаролар ўзи истаган динига эътиқод қилиши мумкин. Бироқ ўз диний қарашларини бошқаларга зўрлик ёки алдов билан тарғиб қилиш, яъни бошқаларнинг диний эркинликларини поймол этиш қонунан ман этилган. Тарихда миссионерлик ўз ақидасини турли усуллар билан бошқаларга сингдириш ва ўзига муте қилиб олиш, охир-оқибатда, эътиқодий бўйсундиришни сиёсий бўйсундиришга айлантиришга хизмат қилган. Бунга ўтган асрларда баъзи Ғарб мамлакатлари Африка ва Осиё қитъаларида "колониялаштириш" сиёсатини ўтказишда миссионерликдан муҳим диний-сиёсий омил сифатида фойдалангани яққол мисол бўла олади.

Ҳозирда айрим расмий рўйхатдан ўтган ёки норасмий фаолият юритаётган ноисломий диний жамоаларнинг вакиллари миссионерлик фаолиятини амалга ошираётгани кузатилмоқда. Миссионерлар аксарият ҳолатларда ўз жамоасига жалб қилиш учун турли ўқув курс­лари очиб, ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга ёки ишга жўнатиш, ёз фаслида болаларни дам олиш лагерларига жалб қилиш, хайрия ёрдами кўрсатиш, бепул тиббий ёрдам бериш ва газета-журналлар тарқатиш каби бир қарашда ўзига тортувчи, лекин замирида қабиҳ мақсадлар ётган усуллардан фойдаланмоқда.

Қонун билан тақиқланган миссионерлик билан шуғулланаётган баъзи ноисломий конфессияларнинг диний таълимотида Давлат рамзларини ҳурмат қилиш, Конституцион бурчни бажарган ҳолда ҳарбий хизматни ўташ, жамоат ишларида қатнашиш ман этилгани эса халқимиз учун ноанъанавий бўлган диний жамоа ва секта вакилларининг мақсади жамиятимиз аъзоларининг фуқаролик фаоллигини сўндиришга йўналтирилганидан яққол далолат беради.

Бундан ташқари, айрим ноисломий диний жамоаларда ушбу жамоага аъзо бўлган шахс билангина оила қуриш, жамоа­дан ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли деб билиш белгилаб қўйилган, баъзиларида эса оила қуриш умуман маъқулланмайди, аъзолар даромадларининг деярли барчасини ушбу жамоа раҳбариятига топшириши лозим. Кўпчилик ноисломий жамоаларда адептлар доимий равишда товон (десятина) тўлаб бориши белгилаб қўйилган. Ушбу факт­лар мазкур диний жамоаларда ўрнатилган тартиб шахс, оила ва жамият учун нақадар зарарли эканини тасдиқлайди.

Буюк аждодимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", де­йилган. Биз қанчалик огоҳ ва ҳушёр бўлсак, муқаддас юртимиздаги тинчликка, оиламиз ва фарзандларимизга ёмон кўз билан қараётган кимсалар содир этиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатардан омонда бўламиз.

Дарҳақиқат, тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Огоҳлик фақат мамлакатни ҳарбий мудофаа қилиш эмас. Ақидапараст оқимларга ёки миссионерларга алданиб қолаётганлар ҳам юртимиз фуқаролари, кимнингдир ардоқлаб, катта орзулар билан ўстираётган азиз фарзанди. Агар биз ёшларимизни ўз вақтида диний мутаассиб оқимларнинг сохта ғояларига қарши зарур тушунчалар билан қуроллантирсак, уларни диний-экстремистик оқимлар ва миссионерларнинг таъсиридан ҳимоялаган бўламиз.

Бунинг учун эса маънавият ва маърифат, тарбиявий ишларда сохтакорлик, шошма-шошарликдан сақланишимиз ҳамда ушбу муҳим вазифага турмуш икир-чикирлари ва ташвишларимиздан кейинги ўриндаги масала сифатида қарашга бар­ҳам беришимиз керак. Ёш авлодни ватанпарвар, халқпарвар, миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга ғамхўрлик қилиш нафақат ҳукуматимиз, балки жамоат ва диний ташкилотлар, ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчи ҳисобланади.

Жонажон Ватанимиз, жамиятимиз тинчлигини, фуқароларимизнинг эътиқодини турли ёт ва зарарли ғоялардан фақат ўзимизгина – Ўзбекистон хал­қи ҳимоя қилишини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

 

Ўткир ҲАСАНБОЕВ