Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида Миср ҳокими бир насроний кампирнинг уйини бузиб, ўрнига масжид қурдирди.

Кампир Мадина шаҳрига келиб, Миср волийи Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) шикоят қилди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) суриштирса, кампирнинг ҳовлиси ўз нархидан ҳам кўпроқ пулга сотиб олинганидан кейингина бузилиб, ўрнига масжид қурилган экан. Шундай бўлса-да, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига тескари иш қилиб қўйишдан қўрқиб, масжидни бузиб ташлаб, уйни эгасига қайта қуриб беришни буюрди. Ислом динининг бағрикенглигидан таъсирланган кампир шу заҳоти мусулмон бўлди (Иззатулла Йўлдошев. “Исломда бағрикенглик масалалари”).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Исломдан ўзга динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва уларга озор бермаслик ҳақида кўп бора таъкидлаганлар. Жумладан: “(Айбсиз) зиммийни ўлдирган киши жаннатнинг ҳидини ҳидламас! Жаннатнинг ҳиди эрса қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради!” деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий).

Яна бир ҳадис маъносига кўра, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) зиммий – ғайридинга ноҳақ озор берган кимса билан қиёмат куни хусуматлашаман, деб мусулмонларни бундай ишдан қайтарганлар. Бу каби ҳадислар мусулмонларни турли дин вакиллари билан ўзаро тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашга чақиради.

Минг йиллар давомида Ислом дини тамойилларига содиқ яшаб келаётган халқимиз бу каби гўзал фазилатларни қон-қонига сингдирган. Ўзи билан бирга яшаётган барча дин вакилларига очиқкўнгиллик билан муносабатда бўлишни инсоний бурч ҳисоблайди. Шу боисдан ҳам юртимизни ўрганган тарихчилар Ўзбекистон ҳудудида яшаган турли дин вакиллари ўртасида низолар келиб чиқмаган, деган фикрни тўла ишонч билан келтирадилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Уларнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг ривожланиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаолият кўрсатишида мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва аҳиллик, айниқса, тинчликсевар халқимизнинг бағрикенглиги муҳим омил бўлаётир.

 

Шукрулло Жўраев,

исломшунослик илмий-тадқиқот маркази катта ходими