Юксак маданиятимиз, миллий ва диний қадриятларимиз бутун дунёда ўзининг салмоқли ўрнига эга. Унга ҳасад билан кўз тикаётган кучлар эса истаганча топилади. Улар турли йўллар билан орамизга суқулиб кириб, қабиҳ ниятларини амалга оширишга уринишмоқда. Айниқса, ҳаёт тажрибаси кам бўлган ёшларни йўлдан оздириб, ўз томонига оғдириш осон кечишини улар яхши билишади.

Юртбошимиз айтганларидек: "Четдан биз учун мутлақо ёт бўлган маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган "оммавий маданият"нинг ёпирилиб келишини унутмаслигимиз керак. "Оммавий маданият" бу ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентиризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдиддир".

Қадимда савдогарлар ўз маҳсулотлари билан бирга мафкураларини ҳам кенг тарғибот қилишган. Ҳозир ҳам бузғунчи ғояларни ташвиқот қилаётган қора ниятли кучлар ана шу усулдан фойдаланмоқда. Масалан, ғарб давлатларининг рамзи туширилган ёки ажнабий ёзувли турли кийимлар - булар бузғунчи ғояларни тарғиб этишнинг янгича усулидир. Шунингдек, миллий маданиятимизга зид бўлган ўта тор, очиқ-сочиқ кийинишлар, бош уриштириб саломлашишлар ҳам шулар жумласидандир.

Патрик Жозеф Бьюкененнинг "Ғарбнинг ҳалокати" асарида: "1950 йилларда бошланган "оммавий маданият" 1990 йилга келиб миллатимизни наслсизлик балосига дучор қилди", деб ёзган.

"Оммавий маданият" таъсирда зўравонликни тарғиб қилувчи филмлар ва ваҳшиёна компьютер ўйинларини кўриш; шахсий манфаати йўлида ҳеч ким билан ҳисоблашмаслик, ҳатто ота-она фикрини ҳам менсимаслик; нафсининг қулига айланиб, ҳеч нарсадан ҳаё қилмаслик, гиёҳвандлик ва ичкиликка юз тутиш; ҳайвоний ҳиссиётлар ва жирканч ишларнинг асирига айланиш каби қатор салбий иллатлар пайдо бўлмоқда.

Юксак ахлоқ-одобга асосланган миллий ғоямизни ёшлар онгига сингдириш бу таҳдиддан энг ишончли ҳимоядир. Аждодларимиздан қолган гўзал анъаналар ва диний қадриятларга риоя этиш, айниқса, ҳаё ва ориятни баланд тутиш, ўзаро оқибатли бўлиш, она ва қизларимиз, жуфти ҳалолимиз, сингилларимизга ғамхўрликни кучайтиришимиз лозим.

Ўзлигимизни унутмайлик, ғайриинсоний ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Чунки биз мусулмон миллатининг фарзандимиз.

Четдан кириб келаётган уятсиз, жирканч ахлоқдан, ёт маданиятдан ўзимизни, фарзандларимизни асрайлик.

 

Абдумутал МУСАЕВ,

Жиззах вилояти Зомин туман бош имом-хатиби