Оломонча маданият – ахлоқий бузуқлик, зўравонлик ғояларини тарқатиб, шунинг ортидан бойлик тўплашдир. Халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий илдизларини қуритувчи иллатдир.

Ғарб давлатларида бир жинслилар никоҳидан одамлар нафратланмай қолаётганига эътибор берсак, “оломонча маданият” тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганини тасаввур этиш қийин эмас.

Муқаддас Ислом дини инсон ҳаёти, ақли, дини, насли ва мол-мулкини муҳофаза этишни ўзига мақсад қилди. Оломонча маданият айнан мана шу эзгу мақсадга қарши улкан таҳдид ҳисобланади. Ҳозирги кунда оломонча маданият амалга оширмоқчи бўлган асосий иш буюк аждодларимизнинг асл маънавий қадриятларини эскилик сарқитига чиқариш ҳамда инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига путур етказишдан иборат.

Дунёнинг турли минтақалари аро ахборот алмашинуви, янгиликлардан тезда хабардор бўлиш, албатта, ижобий ҳолат. Лекин кириб келаётган ахборот оқимининг халқимиз учун нечоғлик фойдали экани, бу хабарлар маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган зарарлар, уларнинг олдини олиш ҳақида ўйлаб кўришимиз шарт.

Жамиятнинг маънавий юксалишига раҳна солаётган бундай таҳдидларга қарши кураш фақат юксак маънавият, огоҳлик, ҳушёрликка даъват билан амалга ошиши мумкин. Бу йўлда таълим-тарбия, маънавий-маърифий тарғибот, айниқса, оиланинг ўрни аҳамиятли. Зеро, тарбия оиладан бошланади.

Муқаддас динимиз инсон хулқига путур етказиши мумкин бўлган барча катта ва кичик иллатлардан мусулмонларни огоҳлантиради. Бу каби қабоҳатлардан четланиш йўллари ҳамда уларга қарши кураш усулларини таълим беради. Жумладан, кишини жарликка қулатиб, дунё ва охират саодатидан маҳрум этувчи зино ҳақида огоҳлантириб, уни ва унга олиб борувчи воситаларни ҳаром қилди. Шунингдек, бу гуноҳнинг кўринишидан бири бўлган “кўз зиноси” ҳақида хабар берди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Одам боласи зинодан “насиба” олади. Икки кўзнинг зиноси назар солиш. Тилнинг зиноси гапириш. Икки қулоқнинг зиноси эшитиш. Икки қўлнинг зиноси ушлаш. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради” (Имом Бухорий).

Бугунги кунда яланғоч аёлларнинг суратларига қараш ва фаҳш филмларни кўриш уят бўлмай қолмоқда. Болаларга бағишланган баъзи оломонча мултфилмлар ҳам фарзандларимизни гўё бу каби қабоҳатларга ёшлик вақтиданоқ тайёрлаб келмоқда, десак муболаға бўлмайди. Шундай экан, фарзандларимиз ўтказаётган ҳар бир дақиқани назорат қилиш, уларнинг мурғак қалбларини оломонча маданият таъсиридан ҳимоялаш биз катталарнинг вазифамиздир.

Замондош олимларимиз фаҳш филмларни кўриш зинонинг бир тури экани ва унинг ҳаромлигига Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўзнинг зиноси қарашдир” ҳадислари ҳамда Нур сурасининг 30 ва 31-оятларини далил қилишади. Бундан ташқари, фаҳш филмларни кўриш ер юзида фисқу фасод, ёмонлик ва фаҳш ишларини ёйишга ёрдам беради. Аллоҳ таоло бундай қабиҳ ишлардан қайтаради: “Албатта, имон келтирганлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар” (Нур, 19). Яна Аллоҳ таоло фаҳш ишларнинг ҳар қандай туридан қайтаради ва “Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг” (Анъом, 151), деб бизни огоҳлантиради.

Ҳайтамий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Заважир ан иқтирофил кабоир” китобида бундай дейди: “Билгин, кўпчилик уламолар гуноҳнинг кичиги бўлмайди, балки барча гуноҳ каттадир, дейишган. Гуноҳларнинг баъзисига кичик дейилиши, ўзидан катта бўлганига нисбатан айтилади”. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Аллоҳ қайтарган барча нарсалар кабирадир (яъни, катта гуноҳдир)”.

Фаҳш филмларга қараш нафсий касалликка, қалб қорайишига, ҳалолдан бош тортишга ҳамда гуноҳларга журъат қилиб, енгил санашга олиб келади. Бундай филмларни кўриш икки сабаб юзасидан катта гуноҳ ҳисобланади:

1. Бегона аёлга шаҳват назари билан қарашда фитнага тушиш хавфи бор. У катта гуноҳга бошлайди. Ҳадисларда баён қилинган катта гуноҳлар ичида бегона аёлга шаҳват билан қараш ҳам зикр қилинади. Фаҳш филмларни кўришда шаҳват назари билан қараш такрор ва бардавом бўлгани учун гуноҳ янада каттароқ бўлади.

2. Кичик гуноҳда бардавом бўлиш катта гуноҳга олиб боради. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Бардавомлик ила кичик гуноҳ йўқ”, деб айтган.

Оммавий маданият жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва инсоннинг ўзлигини йўқотишига сабаб бўлади. Бундай ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолган кимсаларга бошқалар бефарқ бўлмаслиги керак.

Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, одам танасида унга “иммунитет”, яъни “қарши курашувчанлик” ҳосил қилинади. Бунинг учун фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимиз ва динимизга садоқат руҳида тарбиялаш керак. Улар қалби ва онгида соф эътиқод, яхши билан ёмон, ҳалол билан ҳаром тушунчасини кучайтириш зарур. Ана шунда ёвуз ниятли кимсаларнинг инсон учун мутлақо зарар бўлган пуч ғоя ва даъволаридан сақланган бўламиз.

Жалолиддин ҲАЙДАРХОН ўғли,

“Новза” жоме масжиди имом-хатиби