Ислом дини насаби, ирқи, бойлиги ва жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, барча инсонларга тенглик, ҳурликни кафолатлаган ягона диндир. Динимиз таълимотлари инсонларни тўла-тўкис, озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қайтаради. Барча инсонларнинг Парвардигор ҳузурида тенг экани ва уларнинг бир-бирларидан устунликлари фақат қалбларидаги тақво билангина ўлчанишини билдиради.

Динимиз таълимоти инсонларга усуллар ва фурулар деб аталган икки хил нарса билан келган. Усуллар диннинг асли ва моҳиятидан иборат бўлган имон, ақида ва тавҳидга боғлиқ таълимотлардир. Улар замон ва макон ўзгариши билан ўзгармайди, одамларга етказишда босқичма-босқичликни қабул қилмайди. Фурулар (тармоқлар) эса инсонларнинг хатти-ҳаракатлари, феълу ахлоқи ва урф-одатларига оид бўлиб, бу ишлар босқичма-босқич, тадрижий суратда буюрилган. Чунки инсоннинг одати ва яшаш тарзига айланган табиати бирданига ўзгариши мумкин эмас. Бунинг учун муайян вақт талаб қилинади.

Ислом келган илк даврда бутун оламда қулдорлик, одам савдоси жорий эди. Албатта, динимиз Аллоҳга қулликдан бошқа ҳар қандай қулликка қарши. Лекин Ислом ҳикмати тижоратнинг бу турини оламдан буткул ва табиий равишда йўқолиб кетиши, инсоният одам савдосининг нотўғри эканини онгли равишда анг­лаб етиши учун ўзига хос замин тайёрлашни тақозо этди. Бу қуйидаги қадамларни ташлаш орқали амалга оширилди:

Одамларнинг барчаси тенглиги ва уларнинг ўртасида тақводан бўлак фарқ ва устунлик йўқлигини эълон қилиш. Набий (алайҳис­салом) Видо ҳажида: “Ҳой одамлар, албатта, Раббингиз бирдир, отангиз бир кишидир, ҳаммангиз Одамнинг болаларисиз, Одам эса тупроқдандир. Аллоҳ наздида ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, қизил танлининг оқ танлидан, оқ танлининг эса қизил танлидан ҳеч қандай устунлиги йўқ, магар бўлса, тақво биландир!” дедилар.

Қулларнинг озод бўлишларига ёрдам беришга, уларни озод этиб юборишга тарғиб қилиш. Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “...(Эй мўминлар!) Қўл остингиздаги (қул)лардан мукотаб[1] бўлишини истайдиганлари бўлса, у ҳолда, агар сизлар уларда яхшиликни билсангиз, уларни мукотаб қилингиз ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан берингиз!..” (Нур, 33). Ояти каримада хожаси билан мукотаба битими тузган кишиларга озод бўлишлари учун ҳатто молиявий ёрдам беришга буюрилмоқда. Набий (алайҳиссалом) хожаси билан мукотаба битимини тузган бир қанча саҳобийларнинг озод бўлишларига ёрдамлашганлар.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (алайҳиссалом) марҳамат қилганлар: “Ким бир қулни озод қилса, Аллоҳ таоло ўша озод қилинган қулнинг ҳар бир аъзоси учун халос­корининг ҳар бир аъзосини дўзахдан озод қилади...” (Бухорий).

Аллоҳ таоло муайян гуноҳлар каффорати учун белгиланган жазолар қаторида қул озод қилишни ҳам жорий этган.

Юқоридагилардан кўриниб турибди: Ислом дини аслида одам савдосига қарши, қулдорлик барҳам топишини истайдиган диндир, акс ҳолда у ушбу хайрли иш учун бу қадар кўп ва ҳартомон­лама ҳаракат қилмасди. Аслида, қулдорлик бар­ҳам топиши учун тарихда энг кўп ҳаракат қилган дин Исломдир. Мусулмонлар­нинг қамровли саъй-ҳаракатлари туфайли оламда қулдорлик камайди. Кейинчалик вақт ўтиб, бутун дунё қулдорликнинг зарарини билгач, бошқа давлатларда ҳам қулдорлик қонунан ман этилди. Ҳозир дунёдаги барча Ислом уламолари ҳам қулдорлик соқит бўлгани ва бугунги кунда ҳеч кимни қулга айлантириш мумкин эмаслигини таъкидлаб келадилар.

Афсус, кейинги вақтларда қулдорлик ва одам савдоси ҳар хил кўринишларда намоён бўлаётгани кузатилмоқда. Жумладан, содда одамларни чет элда ишлаш баҳонасида хорижга олиб чиқиб, у ерда қийин шароитларда ишлатиб, кам маош бериш ёки умуман бермаслик, ҳужжатларини олиб қўйиб, мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари кўпайиб қолди.

Албатта, одам савдосига қарши курашиш ҳар бир имонли инсоннинг вазифаси. Бу йўналишда биз, имом-хатиблар ҳам олдимиздаги бурчимизни виждонан адо этишимиз керак. Қаерда бўлмайлик, бу иллат соғлом жамиятга жиддий хавф солиши, халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканини ҳаётий мисоллар ва ишонч­ли далиллар асосида кишилар онгига сингдиришимиз зарур. Зора қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар жиноятдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба-тазарру қилишса.

Очиқкўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга эса: “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг”, деймиз. Зеро, ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади.

Айрим виждонсиз кимсалар одамларнинг соддалиги, ҳақ-ҳуқуқини билмаслигидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Улар ҳур, озод кишиларни алдаб, ҳуқуқини поймол этиб арзимас матоҳ каби “қуллик”ка сотиб юборишяпти. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари боис қанчалаб юртдошларимиз, хусусан, аёл-қизларимиз чет элларда азобу уқубат чекиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Одам савдоси ниҳоятда қабиҳ иш бўл­ганидан бу ёвузликка қарши мамлакатимизда жиддий кураш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш йўлида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатишга муносиб ҳисса қўшиши лозим.

Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғли,

“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби



[1]­ Мукотаб – хожасига маълум миқдорда пул бериш эвазига озод бўлиши келишилган одам.