Яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ҳамкорликда “Баркамол авлод тарбияси ва уларни диний-экстремистик гуруҳларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш масалалари” мавзуида матбуот анжумани ташкил этди.

Мамлакатимиз мустақиликка эришгач, миллий ва диний қадриятларни тиклаш асосида ҳартомонлама комил инсонни вояга етказиш, ёшларимизни мустақил фикрли, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшадиган, халқи ва Ватанига содиқ, маънавияти юксак инсон қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Ёшларимизни ғаразгўй тоифаларнинг таъсиридан асраш, уларнинг руҳиятида, тарбиясида миллий ва маънавий қадриятларимизни шакллантириш бош вазифа сифатида кун тартибидан жой олди. Маълумки, бузғунчи оқимлар ва террорчилар юзага келтирадиган низо ва қонли тўқнашувлар давлатлар тараққиёти ва иқтисодий ўсишини бир неча йилларга орқага суриб юборади. Сўнгги йилларда бир қатор араб мамлакатларида бўлиб ўтган тартибсизликлар ва фуқаролик урушлари оқибатини мисол тариқасида келтириш мумкин. Миср Араб Республикасидаги сиёсий инқироз ва низолар туфайли давлатнинг иқтисодий салоҳияти 35–40 фоизга пасайган, давлат бюджети бир неча баробарга қисқарган. Суриядаги тўқнашувларда ҳаётдан кўз юмганлар сони юз мингдан ошиб кетди.

Афғонистон, Покистон, Ироқ каби мамлакатларда деярли ҳар куни амалга оширилаётган террорчилик хуружларидан аҳоли азият чекмоқда, ёшлар илм олиш имкониятларидан маҳрум бўлишмоқда.

Маънавият ва қадриятларимизга соя солаётган таҳдидлардан яна бири “оммавий маданият” деб номланувчи иллат, асрлар давомида шаклланган анъаналаримизни йўққа чиқаришга хизмат қилади. Мазкур хавф, аввало, халқимизнинг бой маънавиятига қарши қаратилган бўлиб, унинг жамиятимизда илдиз отишига қарши ўз вақтида чоралар кўрилмаса, ўта салбий оқибатларга олиб келиши дунё тажрибасида синалмоқда.

Республикамизнинг барча ҳудудларида турли бузғунчи оқимлар, ёт ғоялар, оммавий маданият каби иллатларга қарши бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Иқтидорли имомлар, маърифатчилар ёшлар тарбияси, уларга тўғри йўл кўрсатиш, турли бузғунчи ғоялардан асраш каби ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган мавзуларда маъруза ва суҳбатлар ўтказмоқдалар.

Тошкент Ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим муассасалари ва бошқа маърифат масканларида буюк аждодларимиз хотирасига бағишланган табдирлар, ёшларни турли оқимлар таъсиридан асраш, уларни баркамол, элу юртга садоқатли, билимли қилиб тарбиялашга қаратилган анжуман ва йиғилишлар ўтказиш анъанага айланди.

Анжуманда ана шулар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати