Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

2013 йил 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида уламолар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлган суҳбатда Президентимиз бугунги кунда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, олдимизда турган долзарб вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу борадаги имом-хатибларнинг вазифалари ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Давлатимиз раҳбарининг: “Сиз уламолар бошқалардан кўра, халққа динни тўғри тушунтиришингиз, унинг эзгу таълимотларини етказишингиз керак”, деган чақириқлари шахсан мени янада жадал ва бор куч билан меҳнат қилишга ундади. Шу муносабат билан қуйидаги муҳим масалаларни баён қилиш ва имом-хатибларга зарур тавсиялар беришни лозим деб топдим.

Лоқайдлик ва бепарволик ёмон иллат

Шу кунларда Миср ва Суриядаги ғалаёнлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани, у ердаги тўс-тўполонларнинг асосий сабаби оқимлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар эканини Юртбошимиз алоҳида таъкидладилар. Замонавий салафийлар, жиҳодчилар каби бузғунчи фирқалар “шаҳид”, “жиҳод” тушунчаларини ўзларининг ғаразли мақсади йўлида бузиб талқин этаётгани, айрим жоҳиллар эса ўзини портлатиб, айбсиз кишиларнинг ҳалок бўлишини “жиҳод” ёки “шаҳидлик” дейиши мусулмончиликка мутлақо ётдир.

Чиндан ҳам ўзини портлатиб, инсонлар умрига зомин бўлиш улкан гуноҳдир. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Вадо ҳажида: “Эй одамлар, хоҳ ўзингиз ва хоҳ бир-бирларингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ ҳаром қилди...” деганлар.

Бузғунчи гуруҳлар ва баъзи шахслар ўз жонига қасд қилишни шаҳидлик билан қориштириб талқин қиляпти. Шахснинг ўзини-ўзи ўлдиришини “шаҳидлик” дейиш катта хатодир.

“Шаҳид” сўзи луғатда гувоҳ ёки кўрган-билгани ҳақида хабар берувчи киши маъноларини ифодалайди. Дин ёки она-Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган мусулмон ҳам “шаҳид” дейилади. Шунингдек, “шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир Зот” деган маъноларни англатади.

Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши, “ўз жонига қасд қилиш”, деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу иш қаттиқ қораланади. – Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195).

“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Ақоидга кўра, тақиқланган гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса ёки фарзлардан бирини инкор этса, кофир бўлиб қолади. Ушбу оятда ноҳақ қатл қилишни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида мана шундай ҳолатда абадий азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Бу мудҳиш ҳолат, айни пайтда, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам исёндир. Инсон ҳаёт неъматини авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, бўйнига катта гуноҳни орттирган бўлади.

Ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар икки карра гуноҳи азимга қўл уришяпти, чунки улар бу қабиҳлик билан қанчадан-қанча айбсиз кишиларнинг умрига зомин бўлмоқда. Қуръони каримда: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...”, дейилган (Моида, 32).

Маълумки, Ислом манбаларида: “Ўз жонига қасд қилган кишига уламолар ва масжид имоми бошчилигида жаноза ўқиш дуруст эмас”, дейилган. Демак, кўнгли кир кимсаларнинг “тўппа-тўғри жаннатга кириш” ҳақидаги ваъдаларига алданиб, худкушликка қўл ураётганлар, аслида ўша бошлиқларининг манфур мақсадлари йўлида итдек ўлим топишдан бошқа нарсага эриша олмайдилар.

Кези келганда, айрим тоифалар иддао қилаётган “жиҳод” сўзининг маъно-мазмунига ҳам тўхталиб ўтсак. “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар мужтаҳид деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади. «Жиҳод» сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, унинг турлари ҳам кўпайган ва улар орасида босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик “жиҳод” деганда айрим ғўр кимсалар фақат урушни тушунадиган бўлиб қолишди.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Жиҳоднинг энг афзали – кишининг ўз нафси ва ҳавосига қарши курашмоғидир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остидаги қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларидаги худкушлик оқибатида бегуноҳ кишилар ва ёш болаларнинг ҳалок бўлиши жуда ачинарли ҳолдир. Яқинда Доғистонда имомнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани ва Сурия, Ироқдаги Аллоҳнинг уйи бўлган масжидларда қўпорувчилик содир этилганини, Суриядаги бир хунрезлик оқибатида 20 дан зиёд бегуноҳ гўдаклар ҳаётдан кўз юмгани жуда оғир мусибат эканини ифодалашга сўз ожиз.

 

Бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва таҳликали замонда турли минтақаларда, ён-атрофимизда қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар тобора кучайиб бораётганини кўриб, кузатиб, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, ҳушёрлик ва уйғоқлик билан яшашни ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этмоқда.

Ислом КАРИМОВ

 

Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”

Муборак Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Динимиз ҳатто чумолига озор беришдан ҳам қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволарининг сохта эканини фош этмоқда.

 

Имом-хатибларнинг долзарб вазифалари

“Шаҳидлар хотираси” хиёбонида Юртбошимиз динни тўғри тушунтириш, унинг эзгу таълимотларини халққа етказиш бошқалардан кўра, уламолар ва имом-хатибларнинг асосий вазифаси эканини қайта-қайта такрорладилар. Бу гаплари Қуръони каримдаги "(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!.." (Наҳл, 125) мазмунли ояти каримага мувофиқ келади. Шунингдек, Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деган ҳадисларига мос, пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг динини халққа етказувчи эканидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, уламолар дин тарғиботчиларидир. Ҳақиқатан, дин ва шариат ҳақида гапириш уламолар ва имом-хатибларнинг ҳақи бўлса, бошқа томондан, уларнинг бурчи ҳамдир. Шу нуқтаи назардан, имом-хатибларга қуйидаги вазифаларни адо этиш тавсия қилинади:

– Имом-хатиб жума мавъизасида дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мамлакатларида бўлаётган ғалаёнлар ва бундай фитналарнинг ортида қандай ғаразли кучлар турганини, қонли тўқнашувлар қайси юртда бўлмасин, Ислом таълимотига бутунлай зид эканини мўмин-мусулмонларга етказиши зарур.

– “Бу тўс-тўполонлар бизнинг ҳудудимиздан четда, бизга дахли йўқ”, деб лоқайд қараш, бепарво бўлиб юриш асло ярамайди. Бундай бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмайди, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб, бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши мумкин. Шунинг учун ҳамиша огоҳ бўлиш, осойишта ҳаётнинг қадрига етиш учун ҳар бир инсон тинчликка ўз ҳиссасини қўшиши зарурлигини кенг халқ оммасига уқтириш даркор.

– Яқин Шарқдаги ур-йиқитлар кеча пайдо бўлгани йўқ, балки асрлар давомида илдиз отиб ётганини, бунинг асосий сабаби турли бузғунчи оқимлар ўртасидаги низо ва қарама-қаршиликлар ҳамда четдаги разил кучларнинг фитнаси эканини халққа етказиш зарур.

– Имом-хатиб кишиларнинг юксак фазилатлар билан зийнатланишларида асосий кўмакчи ва холис хизматчидир. Шунинг учун, дунёда одоб-ахлоқ асосларига болта ураётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги иллатлар тобора кенг тарқалиб бораётган бир вазиятда, аждодлар қолдирган маънавий мерос асосида ёшларни доимо огоҳликка чорлаб туриш лозим.

– Имон-эътиқоди бақувват инсонгина турли қутқуларга учмайди, тўғри йўлдан адашмайди. Халқ пешвоси бўлган имом-хатибларни халқимиз эътиқоди мустаҳкамлиги йўлида янада фаоллик кўрсатишлари замон талабидир.

– Пуч даъволарга ишониб ўзини-ўзи ўлдириш ва “шаҳидлик” деб залолат ботқоғига ботиш жуда катта гуноҳ эканини оят ва ҳадислардан далил келтириб, исботлаб мусулмонларга тушунтириш лозим. Бундай мудҳиш ишлар Аллоҳ таолога куфрони неъмат эканини батафсил изоҳлашлари шарт.

– Имом-хатибларимиз жамоатчилик орасида тинчлик неъмати ҳақида фақат одатий, қуруқ сўзларни такрорлайвермасдан, баъзи давлатларда юз бераётган нотинчликлар, у ерларда минглаб бегуноҳ кишилар ва болалар қурбон бўлаётгани, миллионлаб инсонлар ўзга юртларда сарсон кезишга мажбур бўлаётганини айтиб, жонли мисоллар орқали кишиларни огоҳликка чақирсинлар, шу йўл билан осойишталикнинг қадри нечоғли улуғ экани ва бу неъматни кўз қорачиғидай асрашга ҳар бир фуқаро масъул эканини англатсинлар.

Ватанимиздаги барқарорликни кўра олмайдиганлар ҳали-ҳануз қинғирликларни қилиш ниятидан қайтгани йўқ. Шу сабабли атрофимизда юз бераётган жараёнларга теран ва жиддий назар солиш зарур. Ғараз мақсадни ўз вақтида бартараф этилса, хунрезликнинг олди олинади. Зеро, тинчлик-осойишталик бор жойдагина одамлар ҳаловат топади, хотиржам яшайди, келажакка ишонч бўлади. Тараққиёт ҳам, обод турмуш ҳам осуда ҳаёт асосида бунёд этилади.