Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Ўтганларни ёд этиш, уларнинг ҳаёт йўлларидан ибратланиш, қилган ҳайрли ишларидан ўрнак ола билиш халқимизга хос фазилатдир. Уларнинг руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш, марҳумларнинг хоки поклари қўним топган масканлар – қабристонларни обод қилиш ҳам савобли амаллардан саналади. Зеро, Аллоҳ таоло бизни шунга буюради: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр, 10).

Динимизда марҳумларни доимо яхши сифатлари билан эслаш ҳақида кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: "Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар" (Имом Термизий ривояти). Қабрларни зиёрат қилиш динимизда суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага келганларидан кейин бундай дедилар: "Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади" (Имом Термизий ривояти).

Шу ўринда қабристонларнинг зиёрат одобларига ҳам тўхталиб ўтсак. Аввало бу ерга: "Сизга салом, эй қабристон аҳллари", деб хокисорлик билан кирилади. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловати ҳамда дуои хайрлар қилинади. Шунингдек, қабристонларни обод қилиш, қабрлар атрофини тартибга келтириш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканини унутмайлик. Биз, мусулмонлар, аждодларимиз руҳини шодлантириш мақсадида уларни қанча кўп хотирласак, келажак авлод ҳам бундан ибрат олади. Зеро, ёшларни халқимиз, миллатимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда юртимиздаги тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларни обод қилиш масъулиятини ва қадрлаш каби туйғуларини кучайтириш барчамизнинг вазифамиздир. Азиз-авлиёларнинг мақбараларини, ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш, атрофини тартибга солиш, озода сақлашнинг ҳам ўзига хос қоидалари бор. Уларнинг мозорига борганда Каъба атрофини тавоф қилгандек айланмасдан, тиловат ва дуо қилиб, савобини шу қабр соҳибининг руҳига бағишлаб, биздан ва авлодларимиздан шу зотлар каби улуғ инсонлар чиқаргин, деб Аллоҳга илтижо қилинади. Зиёрат этувчи киши қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилишини талаб қилмайди. Ҳар қандай ҳожатларни раво этишни фақат Парвардигорнинг ўзидан сўраш лозим. Агар имкони бўлса, қабристоннинг қибла томонига ўтиб, орқани қиблага қилиб, қабр аҳлига юзма-юз туриб тиловат ва дуо қилиш лозим бўлади. Қабрларга шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, унинг устига ўтириш, босиб юриш, қабр рўпарасида намоз ўқиш мумкин эмас.

Белги сифатида қабр устига тош ёки тахта қўйиш, унга марҳумларнинг номини ёзиб қўйиш жоиз, аммо чиқими кўп ва дабдабали тошлар ўрнатиш исроф саналади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлга мандубдир. Қабрларни жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари зиёрат қилган яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади. Зиёратчи "Ёсин" сурасини қироат қилиши мандубдир. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтадилар: "Зиёратнинг афзали ота-онанинг қабрини зиёрат қилмоқдир. Зиёрат қилмоққа кунларнинг афзали одина, яъни жума кунидир. Бу кунда тирикларни кўрса хуш бўладур. Ўликлар ҳам ушбу кунда хушвақт ва осудадир".

Бундан роппа-роса 15 йил олдин Юртибошимиз ташаббуслари билан 9 май кунига "Хотира ва қадрлаш куни" деб ном берилган эди. Шундан буён бу санада аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларни давом эттириш, ўтганларимизнинг манзил-маконларини обод қилиш анъана тусига кирди.

Аллоҳга беадад шукрки, юртимиз обод, халқимиз озод, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон, Ватанимиз тинч, осойишта. Мана шундай доруломон кунларда аждодларимизни хотирлаш, ётган жойларини обод этиш инсоний бурчимиздир.