Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили саккиз юз мингга яқин киши ўз жонига қасд қилар экан. Юртимизда эса бу ҳолат асосан аёллар орасида рўй бермоқда. Бу барчанинг қалбига оғриқ соладиган муаммодир. Бундай кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқарадиган сабаблар ва уларни бартараф этадиган омиллар ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашиш мақсадида турли соҳа вакилларини суҳбатга чорладик.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:

– Ҳаёт инсонга берилган энг қадрли омонатдир. Киши бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги керак. Қуръони каримда кишининг ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳ экани таъкидланади: “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларни турли мусибат ва қийинчиликлар билан ҳам имтиҳон қилади. Бошига ташвиш тушган одам Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, қийинчиликдан қутулиш учун ҳаракат қилса ва сабрли бўлса, эвазига кўп яхшиликлар берилади. Динимиз мусибат онларида ҳам Аллоҳни унутмасликни, дуо ва илтижо билан ундан ёрдам сўрашни буюради. Қийинчиликка дош бермай, Аллоҳ берган умрга хиёнат қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади: “У тирилтирадиган ва ўлдирадиган зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унга (боғлиқ)дир. Ахир, ақл юргизмайсизми?!” (Мўъминун, 80). Ояти каримадан англашиладики, Аллоҳ берган жонни фақатгина Аллоҳ таолонинг ўзи олиши мумкин. Ўзгалар жонига қасд қилиш катта гуноҳ бўлганидек, ўз жонига қасд қилиш ҳам Яратганнинг омонатига хиёнат қилиш билан баробар. Инсон ҳар бир ишни қилишдан олдин чуқур тафаккур қилмоғи лозим. Қуръони каримда ҳам жуда кўп ўринларда тафаккур қилишга чорланади. Ҳаётда учрайдиган баъзи бир қийинчилик ва мусибатларни енгишда инсонга, аввало, ақл билан сабр энг катта кўмакчи бўлади. Сабр ҳақида Қуръони каримда: “... Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, дейилади.

Бу ҳақда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам “Ҳажжатул вадоъ”да алоҳида тўхталиб ўтганлар: “Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирларингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Шу билан бир-бирларингизнинг мол-мулкларингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди...” (Имом Бухорий ривояти).

 

Дилноза АЛИМҚУЛОВА, психотерапевт:

– Маълумки, оқил ва руҳан соғлом одам ўз жонига қасд қилмайди. Бундай хатти-ҳаракат жаҳолат натижаси ҳисобланади.

Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш учун бу ниятнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини ўз вақтида аниқлаш, руҳиятга салбий таъсир этувчи воқеа-ҳодисани ақлан ўрганиб чиқиш ва уларни бартараф этиш лозим.

Руҳий тушкунлик шахснинг қадрли нарсасини йўқотиши ёки йўқотиш хавфи бўлган вазиятда вужудга келади. Шунингдек, ҳаётий муҳим мақсадларга етиш йўлидаги тўсиқларни енголмаслик натижасида ҳам вужудга келади. Тушкунлик кишининг мубҳам ҳисси, жонсараклиги, хафа юриши ва имконият йўқлигидан ташвишланиши, ўзини ожиз, чорасиз, ёлғиз сезишида кўринади.

Ўз жонига қасд қилиш аёлларда эркакларга нисбатан уч баробар кўп бўлади, чунки улар руҳий тушкунликдан қутулиш учун имкони кам бўлган йўлларни танлайдилар; ҳиссиётга берилувчан бўлганлари сабабли, кўпинча иродасизлик қиладилар.

Мутахассислар фикрича, одамнинг ўзидан батамом кўнгли қолиши, жисмоний ва ақлий имкониятларини жуда паст баҳолаши ҳам суицид (ўз жонига қасд қилиш)га сабаб бўлади.

Энди айнан оилали аёллар ўртасида бу муаммони келтириб чиқараётган омилларнинг аксарияти руҳий сиқилиш билан боғлиқ. Тушкунлик ҳолатидаги одам атрофидаги ва яқинларининг эътиборсизлиги, қалтис ҳаракатлари, ўйламай айтган бир оғиз сўзи туфайли саломатлиги ва ҳаётидан ажралишига бир баҳя қолганига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Ҳаёт тарзининг кескин ўзгариши, вақтдан режали фойдаланишни билмаслик, жамиятдан орқада қолиш, керак-нокерак талабларнинг кундан кунга ошиб бориши, кетма-кет келган муваффақиятсизликлар, сурункали руҳий зўриқишлар, оила аъзолари ўртасидаги зиддият ва муаммолар, ички аъзоларнинг узоқ давом этувчи баъзи касаллиги билан кечувчи тушкунлик ҳолатлари, фарзандларининг, яқинларининг оғир дардга чалиниши иродаси бўш аёлларни руҳий мувозанатдан чиқаради. Шунинг учун уларга эътибор билан меҳр-муҳаббат кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш оила бошлиғининг, фарзандларнинг бурчи. Аёли эъзозланган, эҳтиёт қилинган хонадоннинг чироғи бевақт ўчмайди.

 

Розия ШОДИЕВА, Хадичаи Кубро аёл-қизлар Ислом ўрта-махсус билим юрти мудираси:

– Ўз жонига қасд қилиш кабира гуноҳ ва қаттиқ азобга олиб борар экан, унинг энг катта гуноҳлардан бири эканига шак-шубҳа йўқ. Зеро, инсон дунёга саодат учун келади. Қуръони каримда икки дунё саодатини сўровчилар мадҳ этилган. Динимиз таълимотида бу дунёни деб, охиратни ёки охиратни деб, бу дунёни ташлаб қўйиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Шундай экан, умримизнинг ҳар дақиқасини, ҳар сониясини ғанимат билиб, уни фақат хайрли ва савобли ишлар учун сарф этишимиз лозимдир. Аёлларнинг энг шарафли вазифаси, сўзсиз, келажак авлодни тарбиялаш. Тарбиячининг ўзи тарбияли бўлмоғи лозим. Афсуски, баъзи қизларимиз тарбиясида йўл қўйилган жиддий камчиликлар уларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, кўп ҳолларда ўсмир қизлар нотўғри йўлларга кириб қолиш ёки жавобсиз севги туфайли ўз жонига қасд қилади.

Шу боис ҳам қизларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз, уларга динимиз талабларидан келиб чиқиб одоб-ахлоқни ўргатиш лозим.

Баъзилар қизларимизнинг юзи, қалбидан уят пардасини кўтариб, ўзи ёқтирган одам билан бемалол гаплашиш, уни синаш мумкин, деган тасаввурларни уйғотмоқда. Ваҳоланки, динимизнинг бу борадаги кўрсатмалари энг гўзал одобни тарбиялайди. Унга кўра, унаштирилиши режалаштирилган ёшлар катталар ҳамроҳлигида кўришадилар. Чунки ҳадиси шарифларда ҳам Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланмоқчи бўлган саҳобаи киромларга келинни кўришни тавсия қилганлар. Тўйсиз, никоҳсиз номаҳрам саналган йигит ва қизнинг ёлғиз қолдирилиши гуноҳ саналади.

Оилали, фарзандли аёллар ўртасида учрайдиган ўз жонига қасд қилиш каби фожиалар хотинларининг ҳар бир хатти-ҳаракатига жавобгар саналган эркакларнинг ўз бурч ва мажбуриятларини билмасликларидан ҳам келиб чиқади. Динимиз эркаклар зиммасига аёлга маҳр бериш, нафақа қилиш, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва рўзғор анжомлари билан таъминлаш, яхши муомала қилиш, озор бермаслик ва сабр-қаноатли бўлиш каби мажбуриятларни юклаган. Шунингдек, аёл ҳам эрининг топганига сабр ва шукр қилиб, ҳар қандай ҳолатда унинг ҳурматини жойига қўйиб, унга итоатли бўлиб, фарзандларига яхши таълим-тарбия бериши лозим. Шунда оила фароғат қасрига айланади, аёл номаъқул ишга асло қўл урмайди, иншааллоҳ!

 

Мубина КАРИМОВА, ўқитувчи, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри:

– Аксарият ҳолларда икки-учта фарзанднинг онаси бўлган ёш келинлар ўз жонига қасд қилаётгани ачинарли ҳол. Менинг назаримда аёл киши она бўлганидан кейин муаммоларга чидашга янада иродалироқ бўлиб қоладигандек. У энди ҳамма нарсани фарзандининг келажаги, бахту камоли билан боғлайди. Афсуски, ўз жонига қасд қилаётган ёш оналар икки-учта фарзандининг тақдирини аро йўлда қолдириб, ўз умрларига зомин бўлмоқдалар.

Аслида, ҳеч бир сабаб бир умрнинг бевақт ҳазон бўлишига, болаларнинг кўзидан оққан ёшга арзимайди.

 

Манзура МАМИРОВА, Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги 10-ўрта мактаб ўқитувчиси:

– Бу муаммонинг илдизи фақатгина иродасизлик, билимсизлик эмас, назаримда. Қишлоғимизда ҳам шундай воқеа содир бўлди: ёшгина келинчак икки яшар ўғилчасини бағрига босганича ўзини тезоқар каналга отди.

Малоҳат жуда ёқимтой, шўх-шаддод, ақлли қиз эди. Онаси Холисхон уни ўқитмоқчи, бирор касб эгаси қилмоқчи эди. Бироқ қайнона бўлмиш қайта-қайта совчиликка келди, ўртага ёши катталарни қўйди. Холисхоннинг қайнонаси: “Тенги чиқса узатиш керак, бахти очилиб кетса, касбининг ҳам кераги йўқ”, дедилар. Катталарнинг гапини қайтаролмай тўй қилинди.

Эмин-эркин юрган ёш қиз бирданига турмушнинг қийинчиликларига дуч келди. Муаммолар, жанжаллар унинг елкасига оғирлик қилди, менимча. Чунки у ҳали жуда ёш эди.

Куёв беш ойлик келинчакни ташлаб хорижга ишлашга кетди. Малоҳат ҳомиладорликнинг барча қийинчилигини ўзи тортди.

Бир ўйлаб кўринг-а, янги келинчак, борган хонадонига ҳали кўникиб улгурмаган. Қийинчиликларни енгишга ҳам руҳан, ҳам жисман ёрдамчи бўладиган турмуш ўртоғи ёнида эмас. Ёшларга ҳаётнинг паст-баландини, билмаганларини ўргатиши керак бўлган қайнона тинмай уришади, ҳақорат қилади...

Ҳозир эса аксарият келинчаклар ҳомиладорлигини ўз ота-онасининг уйида ўтказишга мажбур бўлишади. Малоҳат ҳам бир неча бор отасиникида ётиб даволанишига тўғри келди. Асли жанжаллар шундан бошландимикан... “Сен уйингга кетдинг, хизматимни қилмадинг, биз ҳам ҳомиладор бўлганмиз”, каби деди-дедилар...

Малоҳат неча бор уйига қайтиб келди. “Боласи етим бўлмасин”, деб ҳар гал онаси олиб бориб қўйди. “Қудажон, қизимнинг айби бўлса кечиринг, қизингиздек кўриб, билмаганларини ўргатинг”, деб охирги марта келганида ҳам ташлаб келди.

Ўша куни Малоҳатнинг қайнонаси яна жанжал қилган, ҳақоратлаган. Айтмоқчиманки, қизимга совчи келди, деб ёш, нозик, ҳали оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қизларни ўзи яхши билмаган хонадонга узатиб юборганларнинг кейинги пушаймонлари фақат ўзларига душман бўлади, холос.

Таҳририятдан: Ўз жонига қасд қилиш муаммосининг сабаблари, ўзига хос омиллари кўп. Лекин ҳар қандай қийинчилик ҳам нисбий. Шу сабабли бошига мушкул иш тушган одам атрофга очиқ кўз билан қараса, ўзидан ҳам мураккаброқ, оғирроқ шароитларда ирода, сабр ва яхши ният билан яшаётган кишиларни кўради, ибратланади. Энг муҳими, Шайх Абдулазиз Мансур таъкидлаганларидек, фарзандлар онгига ёшлигидан мусибат онларида ҳам Аллоҳ таолони унутмасликни, дуо ва илтижо билан Ундан ёрдам сўрашни, ҳаёт неъматига хиёнат қилмасликни сингдирган ота-оналар ва уларнинг болалари нажотсиз қолмайдилар, иншааллоҳ.

 

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.