“Халқларимизнинг табиатига мутлақо ёт бўлган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандларимизнинг келажагига катта хавф туғдиришини одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак”.

Ислом КАРИМОВ

 

Қизиқиш туйғуси ижобий ё салбий бўлиши билан шахснинг ҳаёти ҳамда жамият фаолиятига ҳам ижобий ё салбий таъсирини ўтказади. Ижобий қизиқувчанлик кишига фойда келтириши табиий. Бу орқали инсон мақсадига эришади, камолга етади, юксак даражаларни эгаллайди. Салбий қизиқувчанлик дунёвий ва диний кўринишда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Воқеалар ечимини топа олмай, турли можароларга сабаб бўлади.

Динга муносабатда ҳам ижобий қизиқувчанлик ижобий натижа беради – илм-маърифат ошади, жамият ахлоқи яхшиланади. Динда чуқур кетиш, муросасизлик айни салбий қизиқувчанлик оқибати бўлиб, жамият бошига кўп кулфатлар келтиради. Худди шу ҳолни олдиндан ҳис этган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, дин жуда мустаҳкамдир. Унга уюшқоқлик ва бағрикенглик билан ёндашинглар”, деб инсониятни огоҳлантирганлар. Бу чақириқ инсонийликка чақириқдир. Чиндан, диннинг моҳият-мазмунини ҳеч бир одам пайғамбарлардек тушуниб ета олмайди. Улар илоҳий таълимот асосида туширилган китоб-дастурлар нуридан баҳра олган, ҳақиқат чироғини жисмонан ва қалбан онг-шуурлари билан ҳис қилган ва тасаввур эта олган комил инсонлар эди. Шунинг учун улар ҳамма соҳада намуна бўлишган.

Ҳадиси шарифлар бундай таълимот беради: “Кимки шошма-шошарлик қилмасдан, сабру қаноат билан иш қилса, қилган иши тўғри чиқади ёки шунга яқин бўлади. Шошилган одамнинг иши хато чиқади ёки шунга яқин бўлади”; “Бировнинг зоҳирига ёки қилаётган яхши ишига қараб уни мақташга шошманглар, балки унинг охирги ҳолатига назар солинглар”.

Ҳаётий муаммолар шошма-шошарлик ва қизиққонлик билан ечим топмайди. Динимиз динда ва ҳаётнинг барча жабҳаларида шошилмасликка, босиқлик, фикр-мулоҳаза билан иш юритиш, ҳар бир ишда маслаҳат билан фаолият олиб боришга чақиради. Хусусан, ҳар бир мусулмонни маънавий ва маърифий етукликда илғор бўлишга ундайди.

Динимиз кўрсатмаларида мўмин-мусулмонларга ўзаро муносабатларида тинчликни асос қилиб олиш, бошқаларга маслаҳат ва нисаҳатда кескинликдан қочиш тавсия этилган.

Лекин айримлар бу мақталган ахлоққа эриша олмасдан, ҳаётда ўз тилак-истакларининг қулига айланиб, оқибатда турли можароларга йўлиқади. Кичик бир сабаб билан тузатиш мушкул, қалтис вазиятларга тушиб қолади. Аслида, ҳар қандай қизиққонлик ёки шошма-шошарликни фикр-мулоҳаза билан тартибга солса бўлади ва бу одам боласининг чиройли хусусиятларидан биридир. Бу тўғрида Луқмони Ҳаким: “Учта нарсани уч вақтда – ҳалимликни ҳис-туйғу қайнаган ва ғазаб келган вақтда, паҳлавонликни кураш вақтида, дўстликни машаққат пайтида ишлата билинг!” дейишлари айни ҳақиқатни ифода этади.

Ўтмишдаги ва ҳозирги тоифалар таҳлил қилинадиган бўлса, асосан ахлоқий камчилик, муаммони тўғри еча олмаслик, ҳар бир нарсанинг ижобий ва салбий моҳиятини тасаввур эта билмаслик, шошма-шошарлик уларни кескин кайфиятга олиб боргани кўринади. Буни замон тили билан айтилса, “радикаллик” дейилади.

“Радикализм” нима дегани? Бу сўз лотинча бўлиб, radix – томир, илдиз, ўзак маъносини англатади, мақсад-муддаони кескин, муросасиз амалга ошириш, у ёки бу ишдаги мавжуд аҳволни тубдан ўзгартиришга интилишни ифодалайди.

Айниқса, радикализмнинг дин ниқобидаги кўриниши ўта ачинарлидир. Зеро, дин билан ниқобланган радикаллик муқаддас динимизга ҳурматсизлик, одобсизликдир. Унинг турлари, кўринишлари ва мазмун-моҳиятига назар солсак, “ўринсиз фидойилик” оқибатида ўзи ва бошқаларни боши берк кўчага олиб бориб қўйганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, радикаллик ижтимоий барқарорликка, тинчликка ва жамоат тартибига жиддий путур етказадиган, жамият ҳаётини издан чиқарадиган бузғунчи куч сифатида кўриняпти.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси нарсада фикр-мулоҳазали бўлса, ўша нарса зийнатли бўлади. Қайси нарсада фикр-мулоҳаза бўлмаса, у безаксиз бўлади”, дедилар (Имом Муслим). Нега деганда киши ҳис-туйғусига эрк бериб юборса, кибру ҳавоси чиройли ахлоқини босиб кетади. Одам хатосини тан олмайдиган, панд-насиҳатини қабул этмайдиган бўлиб қолади.

Динимиз, инсон ўзининг ва бошқаларнинг тинчлик-осойишталигига, фароғат ва тараққиётига қанчалик инсонпарварлик нуқтаи назари билан ёндашиши кераклигини олға суради. Қаранг, Ислом фақат тинчлик-осойишталикка чақиряпти. Ислом оламига зарар етказмасликка чорлаяпти. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ибодат қилиш билан бир қаторда, ахлоқ ва одобларга буюряптилар. Панд-насиҳат эшитиб, фикр-мулоҳаза қилиб, тўғри йўлни топишга ундаяптилар. Аслида ҳам, диндан мақсад шу эди. Яъни, Аллоҳга қуллик қилиш деганда ибодатлар ҳам, жамият бир-бири билан иноқ яшаши, дунё ҳаётини ҳам фаровон қилиши, уни тараққий эттириши назарда тутилган.

Қаранг: дарахт ўтқазганга қанча савоб! Кўприк қурганга қанча савоб! Илм тарқатганга қанча савоб! Имконияти чекланганларга ёрдам қилганга қанча савоб! Сув келтирганга қанча савоб! Бу кабилар “ўчмас савоб” деб белгиланишининг ўзи динимиз дунёвий ишларга қанчалик эътибор бераётганини кўрсатади. Булардан ташқари, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада яхшилик ва эзгуликка буюряпти. Дин дунёни буз, одамларни ўлдир, обод турмушни йўқ қил, деб ҳеч қачон айтмайди ва айтган ҳам эмас. Соф имон ва ақидага эга киши ўтган пайғамбарлар, солиҳ инсонлар, эзгу ниятли жамиятлардан ибрат олади, ўзи ҳам ўшалардек бўлишга ҳаракат қилади.

Зеро, бизларни бир дин, бир мазҳаб, бир Ватан жамлайди, юртимиз ва халқимиз равнақини сақлаб қолади.

 

Абдулҳай Турсунов,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили