Шукр, ватанимиз тинч ва обод. Энг муҳими, ҳар ким ўзи хоҳлаган динига эътиқод қилиш имкониятига эга. Бу масалага урғу бераётганимизнинг боиси бор. Чунки эътиқодсиз яшаб бўлмайди.

Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик муҳити шаклланган. Уларнинг бир заминда ҳамжиҳат яшаётгани диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир. Зеро, “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 18-модда).

Эътиқод эркинлиги, диний бағрикенгликнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари диний ташкилотлар ва давлат муносабатларида доимо долзарб бўлиб келган. Бу бежиз эмас, албатта. Дин аҳолида юксак ахлоқ, поклик, Ватан ва халқ манфаати йўлида фидокорлик, руҳий чиниқиш, содиқлик каби қадриятлар шаклланишида беқиёс аҳамиятлидир.

Истиқлолнинг илк давридаёқ юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари аниқ белгилаб олинди. Ўтган давр мобайнида ана шу йўналишлар бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди, салмоқли натижаларга эришилди. Айниқса, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш борасида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу соғлом ва баркамол авлод тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўринишидир. Ёшларнинг таълим ва тарбияси ҳақида гап кетганда, Юртбошимизнинг динни фақат бирёқлама эмас, балки уни дунёвий фанлар билан уйғунлашган ҳолда ўрганиш лозимлиги ҳақидаги тавсияларини ёдда тутиш даркор. Бунинг замирида Ислом динининг мўътабар манбалари моҳиятини дунёвий фанлар асосида англаш, идрок этиш зарурияти ётади.

Бугун динимизни ўрганишга, илмий изланишларга кенг йўл очилган. Собиқ шўро даврида Республикамизда 89 та масжид ва иккита мадраса чекланган ҳолатда фаолият юритган бўлса, эндиликда 16 конфессияга мансуб 2225 та диний ташкилот, жумладан, 2038 масжид, 9 та мадраса, Тошкент Ислом Институти ва Тошкент Ислом Университети фаолият кўрсатмоқда.

Илгaри oдaмлaр Қуръoн сурaлaрини ёд oлишaрди-ю, мaънoсини кўпинчa тушунишмaс эди. Энди ҳaр бир киши ўз oнa тилидa Ислoм динининг мoҳиятини уқиб oлиши мумкин.

Такрор айтамиз – инсoн эътиқoдсиз яшaй oлмaйди. Чунки кoмил эътиқoд жaмият мaънaвий қиёфaсини бeлгилaйди. Шу маънодa, бугунги aвлoдни муқaддaс қaдриятлaримизни aвaйлaб aсрaш, аждодларга садоқат руҳида тарбиялаш мaънaвий қудрaтимизга қудрат қўшгусидир, иншааллоҳ!

Абдувосеъ ШОНАЗАРОВ,

Китоб шаҳри “Хожа Бухорий” Ислом ўрта-махсус билим юрти ўқитувчиси