Ўтган 2011 – 2012 йиллар давомида араб давлатларида бўлиб ўтган хунрезликлар кўплаб бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритди.

Бузғунчи доиралар ўз мақсадларига эришиш йўлида экстремистик такфирий (кофирликда айбловчи) жамоалардан қўғирчоқ сифатида фойдаланишди. Ғаразли кучлар ташқаридан турли найранглар билан ёшлар онгини бузишга қаратилган фитна, жанжал ва қонли тўқнашувларни ташкиллаштиряпти. Ўзларига эргашадиганларни топишда, айниқса, интернет сайтларидан кенг фойдаланишяпти. Алдовларга ишонган ёшлар бир-бирларининг қотилига айланмоқда. Ғанимлар бу вазиятда ҳеч нарса йўқотмайди. Чунки ўлаётганлар ҳам, ўлдираётганлар ҳам бошқа мамлакатнинг фуқароларидир. Ливия ёки Сурияда қўлларини қонга ботираётган такфирчилар кўплаб юртдошлари ва диндошларининг ўлимига сабабчи бўлишди ва бу ҳол ҳануз давом этмоқда.

Такфирий жамоалар динни ниқоб қилиб, ўзларига баъзида “Жундулло” (Аллоҳнинг лашкарлари), “Жундурроб” (Раббнинг лашкарлари), “Ансорушшариа” (шариат ёрдамчилари) каби жимжимадор номларни қўйиб, мусулмонларга ташқи душмандан ҳам оғирроқ кулфатлар келтиришяпти. Уларнинг дастидан бегуноҳ болалар, қариялар ва аёлларнинг умри хазон бўляпти.

Халқимиз “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади”, дея бежиз айтмаган. Уруш исканжасидаги мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Ғулувчиларнинг калтабинликларидан фойдаланган ташқи душман эса осонлик билан мақсадга эришади.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз” ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида бундай насиҳат қилганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиш билан ҳалокатга учради” (Имом Насаий ривояти).

Ҳадисдаги “ғулув” сўзи “ҳаддан ошиш”, “тажовуз қилиш” маъноларини англатади. Тарихдан маълум, ғулув катта фожиаларга сабаб бўлган. Ҳозирги ғулувчилар ҳам мусулмонларни куфрда айблаган хаворижлар тоифасига ўхшаб кетмоқда.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) хаворижлар ҳақида: “Улар одамларнинг энг ёмонидир. Мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни келтириб, мусулмонларни ёмонотлиққа чиқаришди”, деганлар (Аҳмад Муҳаммад Букрин. “Фитнатут такфир ва ахтоуҳу” (Такфир фитнаси ва хатарлари).

Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мусулмон кишини, бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз”, деганлар.

Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурбон ҳайити куни бизларга шундай хутба қилдилар:

– Биласизларми, бугун қайси кун?

– Аллоҳ ва Унинг расули билувчидир, – дедик. У зот жим туриб қолдилар, биз шу кунни бошқа исм билан атаса керак, деб ўйлаб қолдик. У зот:

– Қурбон ҳайити куни эмасми? – дедилар. Биз эса:

– Ҳа шундай, – дедик. Кейин у зот:

– Бу қайси ой? – деб сўрадилар.

– Аллоҳ ва Унинг расули билувчидир, – дедик. У зот:

– Зулҳижжа ойи эмасми? – дедилар.

– Ҳа, шундай, – дедик. Кейин у зот:

– Бу қандай шаҳар? – деб сўрадилар.

– Аллоҳ ва Унинг расули билувчидир, – дедик. У зот жим туриб қолдилар, биз шу шаҳарни бошқа ном билан атасалар керак – деб ўйлаб қолдик. У зот:

– Уруш ҳаром қилинган Масжидул Ҳаром шаҳри эмасми? – дедилар.

– Ҳа, шундай, – деб жавоб бердик.

– Шундай экан, албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга то Раббингизга йўлиқадиган кунгача ушбу шаҳарда, шу ой ва шу кунда уруш қилиш ҳаром бўлгани каби ҳаромдир. Кейин У зот:

– Етказдимми? – дедилар. Тўпланганлар:

– Ҳа, – деб жавоб беришди. У зот:

– Бу ердагилар йўқларга етказсин, кўпинча эшитгандан кўра етказилган киши эсида тутади. Мендан кейин куфрга қайтманглар, бир-бирларингни ўлдирманглар”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Даврон АБДУҚОДИРОв,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоятидаги вакили