Ўзбекистон мустақил бўлгач, хорижий мамлакатлар учун юртимиз эшиклари очилди. Ватанимизнинг минтақада эгаллаб турган мавқеи ва халқимизнинг бир-биридан гўзал урф-одатларига қизиқиш ортди. Бу ҳол яхши ниятли ҳамкорлар билан бир қаторда ғаразли мақсадлардаги “меҳмонлар”нинг келишига ҳам сабаб бўлди. Улардан бири инсонларни динидан айириш мақсадидаги миссионер секталардир. “Мissio” сўзи “юбориш”, “вазифа топшириш”, яъни, “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга ёрдам берадиган бирор динни кенг ёйишдир.

Тарихда миссионерлар Америка, Осиё, Африка халқларини забт этишда ошкора ёки махфий қатнашишган, истилочиларга ёрдам беришган.

Миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар доим ўша минтақа барқарорлиги, аҳоли тинчлиги бузилишига, ҳатто қон тўкилишларига сабаб бўлган. Масалан, Шарқий Тимор оролининг Индонезиядан ажралиб чиқиши воқеасини кузатган мутахассислар бу ишда миссионерлар бевосита иштирок этганини айтишади. Африка қитъасида ҳам миссионерлар сабаб кўп қон тўкилди. Ҳозирги кунда Судан давлатида ҳам айнан миссионер секталар туб аҳолининг насроний ва мусулмон қавмлари ўртасида можаро чиқаришга уринишмоқда.

Миссионерларнинг гаплари мулойим, “ҳотамтойлик”ларининг чегараси йўқ бўлиб туюлиши мумкин, аммо улар даъват этаётган нарса тавҳид эмас. Насронийлик ниқобида сафларини таъсир доираларини кенгайтирмоқчи бўлган миссионерлар чақираётган нарса ширк­нинг турли кўринишларидир.

Миссионерлик йўли билан насронийлик динини тарғиб қилиш тарихда мустамлакачи империяларни тиклаш ва мустаҳкамлашда мафкуравий қурол сифатида ишлатилган. Миссионерлар XIX–XX асрларда Осиё халқларини забт этишда махфий равишда қатнашганлар. Улар ҳозир ҳам бу найрангларини давом эттириш пайида.

Миссионерларнинг мақсади уч нуқтада жамланади: халқларни нас­ронийлаштириш баҳонасида уларни иқтисодий, сиёсий, маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш; одамларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш ва динидан чиқариш; бузғунчилик қилиш, одамларни адашган эътиқодларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини тўлдириб бориш.

Мамлакатимизда соф исломий эътиқод – Ислом дини қонун йўли билан ҳимоя қилинади. Унинг кўрсатмалари мусулмон халқимизнинг эзгу орзу-ниятлари амалга ошиши учун энг тўғри йўлдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Ислом ота-боболаримиз динидир. Уни ташқи таъсирлардан, ёт унсурлардан тозалаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”.

Миссионерлар олдинига динимиздан яхши хабардор бўлмаган оддий, тажрибасиз кишиларга қармоқ ташлайди. Демак, хавфдан эҳтиёт бўлиш учун аввало, динимизни пухта ўрганишимиз, пок ақидамиз, масъулият, ҳақ-ҳуқуқларимизни яхши билишимиз, уларга амал қилиб яшашимиз керак.

Акмалхон НИЗОМОВ,

Шаҳрисабз шаҳар “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом ноиби