Шу йилнинг май ойида Покистоннинг Лоҳур шаҳрида мудҳиш ҳодиса содир бўлди: бир гуруҳ жангарилар иккита масжидга ҳужум уюштириб, 2000 нафарга яқин мусулмонларни гаровга олди. Бундай босқинчилик натижасида 80 нафар намозхон ҳалок бўлди, яна юзлаб одамлар турли даражада тан жароҳати олди...

Ушбу ҳодиса икки жиҳати билан кўнгилда оғриқ қолдиради. Биринчиси – беайб инсонларнинг ҳалок бўлиши, иккинчиси, ушбу хунрезликни уюштирган кимсалар “Ислом”ни ниқоб қилиб олганидир. Бу ҳол жаҳон жамоатчилигининг муқаддас динимиз ҳақидаги тасаввурларини лойқалатиши эҳтимолини юзага келтиради. Шундоғам динимизга ола қарайдиган, мусулмонлар ўртасида фитна тарқатиб, низо чиқаришдан манфаатдор бўладиганлар оз эмас...

Аслида, муқаддас динимиз инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто ўзга дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, тинчлик-­осойишталикни асраш Ислом дини асосини ташкил этади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (Моида, 32).

Ушбу ояти карима Ислом дини инсонни қанчалик қадр­лашига инкор этиб бўлмас далилдир. Динимиз ҳатто ҳайвонларга ҳам озор беришдан қайтаради. Беайб инсоннинг умрига зомин бўлиш бутун инсониятни ўлдиришдек жиноят экани бежиз таъкидланмаяпти. Чунки инсонни Яратганнинг Ўзи мукаррам этиб қўйган. Аллоҳ таоло мукаррам этиб яратган жонзотни ўлдириш мумкинми?! Бундай қабиҳ ишга қўл урган кимса улкан азобларга гирифтор этилиши ҳам Каломуллоҳда айтилган:

“Мўминлар Аллоҳдан ўзгага илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар ва зино ҳам қилмайдилар. Ким ана шуларни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у азобда хор бўлиб абадий қолур” (Фурқон, 68–69).

Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида бундай деганлар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхшиси ва ёмонини фарқига бормай урса (ёки азият етказса), мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас” (Имом Муслим).

Ҳақ дин бўлмиш Ислом нозил бўлгандан буён қанча-қанча синовдан ўтиб, Яратганнинг марҳамати ила ўзининг софлигини йўқотмади. Айниқса, ўтган асрнинг охирларида динимиз ниқоби остида дунёнинг турли нуқталарида рўй берган бузғунчилик, қўпорувчиликлар амалга оширилди. Оқибатда “ислом террорчилиги”, “ислом фанатлари” деган атамаларни истеъмолга олиб кирди. Бироқ вақт аста-секин ҳамма-ҳаммасини жой-жойига қўймоқда. Ислом – тинчлик, бағрикенглик дини эканини ноисломий давлатлар ҳам тан олмоқда.

Масалан, Буюк Британия ҳукумати “ислом террорчилиги”, “ислом фанатлари” каби атамаларни қўллашдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мамлакат ички ишлар вазири Жеки Смит террорчи зўравонлар ўз эътиқодига зид ҳаракат қилиши ҳақида сўзлаб: “Мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам кимнидир қўрқитиш, фитна, суиқасд қилиш, озор бериш Ислом динида йўқ. Демак, бундай ҳаракатларни Исломга қарши фаолият, деб аташдан бошқа иложимиз йўқ”, деб таъкидлади.

Гавҳар ҲОЖИЕВА,

«Жўйбори калон» Ислом аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси