Жаҳоний муаммолардан бири – одам савдосига қарши кураш – юртдошларимиз ушбу иллат қурбони бўлишининг олдини олиш, жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш ва бошқа йўналишларда ибратли ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, тарғибот-тушунтириш ишларини кенг, мунтазам йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

Шундай хайрли ишга ҳисса қўшиш нияти билан журналимизнинг махсус сони – мавзуга доир туркум мақолаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг чет элда ишга жойлашишини таъминлаш масалаларини ҳал этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юклатилган.

Мухбиримиз агентликнинг масъул ходимларига бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

– Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг асосий вазифалари ҳақида тўхталсангиз?

– Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

* меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

* Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун ўринлар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;

* Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя этиш, чет элга чиқишга номзодлар билан дастлабки кўникув тадбирларини ўтказиш;

* фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар, чет эл фирмалари, шунингдек, чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

* меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ чет элга ишлаш учун жўнаб кетаётган фуқароларни ишга жойлашадиган мамлакатда бўлиш хусусиятлари, хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномалари тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида хабардор қилиш, уларнинг малака оширишига ва хўжалик ҳисоби асосида хорижий тилни ўрганишига кўмаклашиш;

* чет элда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат фаолияти мониторингини олиб бориш;

* меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари билан бирга чет элларга ишга юборилган фуқароларимизни Ватанга қайтганидан кейин ишга жойлаштириш ва ҳоказо.

– Агентликнинг вилоятлар ёки туманларда ҳам бўлимлари борми?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан бир қаторда фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича Тошкент, Фарғона, Нукус, Бухоро, Қарши минтақавий бюролари ҳам ташкил этилган.

– Хорижда ишлаётган фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари бузилган тақдирда кимга ва қай тарзда мурожаат қилиши зарур?

– Хорижда турли муаммоларга дуч келган фуқароларимиз ўша давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ёки консуллик идораларига мурожаат қилишлари зарур. Эслатиб ўтамиз, агентликнинг www.migration.uz сайтида элчихоналаримиз телефон рақамлари берилган.

– Бутун дунёда меҳнат миграцияси кучайиши билан “одам савдоси” деган катта бир фалокат юзага чиқди. Бу бало тузоғига эса ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган ёки алдовлару ёлғон ваъдаларга осон ишонадиган кишилар кўп илиняпти. Одам савдосига қарши кураш йўналишида агентликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Агентлик ходимлари одам савдосига қарши курашиш чораларини янада кучайтириш, бу борада кенг аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида жойларда фуқароларга, айниқса, банд бўлмаган ёшларга мавжуд ички меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиш, чет элларда ишлаш тартиб-қоидалари тўғрисида изчил тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришяпти. “Ёшлар” ва “Ўзбекистон” телерадиоканаллари орқали огоҳлантирувчи роликлар эфирга узатиб келиняпти. Олий ва ва ўрта-махсус ўқув юртлари талабалари учун “Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар” мавзуида ўқув-семинар машғулотлари ўтказиляпти. Туманлардаги “Маҳалла” жамоат хайрия жамғармаларига “Чет элларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун” тавсияномалари ва “Адашманг, тўғри йўлни танланг” номли ижтимоий плакатлар тақдим этилмоқда.

– Агентлик доирасида меҳнат мигрантларининг хорижда яшаш, ишлаш шароитлари, истак-қизиқишлари ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Фуқарони иш берувчи рўйхатга олганидан сўнг, меҳнат шартномалари расмийлаштирилгач, унинг яшаш ва меҳнат қилиш шарт-шароитлари ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, тиббий суғуртаси меҳнат шартномасига кўра кафолатланиши керак.

Жумладан, Кореяда ишлаётган фуқароларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш ва эркин ёллаш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида агентлик ушбу мамлакат Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Ўзбекистондаги вакиллиги идораси билан доимий равишда мулоқот ва учрашувлар ўтказиб туради.

 

ТАШҚИ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ МАСАЛАЛАРИ АГЕНТЛИГИ

www.migration.uz

Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Ишонч телефони рақамлари:

+998 71 214 30 76

+998 71 214 54 36

ФУҚОРОЛАРНИ ЧЕТ ЭЛЛАРДА ИШГА

ЖОЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА МИНТАҚАВИЙ БЮРОЛАР ТЕЛЕФОН РАҚАМЛАРИ:

Тошкент – 8 (371) 214 89 25

Бухоро – 8 (365) 223 47 55

Нукус – 8 (361) 222 58 47

Фарғона – 8 (375) 233 38 23

Қарши – 8 (375) 221 80 27