Яқинда Минск шаҳрида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг навбатдаги кенгаши бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро терроризм, экстремизм масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу бежиз эмас, албатта.

Ўтмишда айрим шахслар динни ниқоб қилган ҳолда урушга даъват этишган, афсуски, ҳозир ҳам бундай кимсалар йўқ эмас. Аммо қуролнинг ўзи эмас, ундан фойдаланадиган инсон ўқ отади, динлар эмас, одамлар ўзаро уришадилар.

Замонавий воқелик экстремизм, халқаро терроризм сифат ва миқдор жиҳатидан жиддий ўсганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида терроризмнинг глобал хавфсизликка қарши жиддий таҳдидга айланишига замин яратмоқда. Экстремистик ва террористик гуруҳлар глобаллашув жараёнлари ва йирик давлатлар орасидаги геосиёсий манфаатлар тўқнашувидан ҳамда фан-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда кенг кўламли фаолият олиб боришмоқда.

Жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга мос келмайдиган, муросасизлик ва мутаассибликка асосланган ғоялар “экстремистик” ҳисобланади. Экстремистик ғоя ва ҳаракатлар барча динлар орасида кузатилади.

Ҳар қандай мутаассибликнинг энг ёмон томони – дин билан ниқобланганидир.

Юртбошимиз ўз вақтида БМТ Бош Ассамблеясида жаҳон ҳамжамияти диққатини ушбу муаммога қаратиб, дунёда илдиз отиб бораётган бундай хавф-хатар олдини олиб, таг-томири билан йўқотиш мақсадида халқаро миқёсда терроризмга қарши кураш жамиятини кеч бўлмасдан тузишга чорлаган эди.

Бугунги кунда терроризм умумбашарий даражада жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган йирик гуруҳлардан иборат тизим сифатида шаклланганини, содда қилиб айтганда, халқаро терроризмга айланганини таъкидлаш лозим. Халқаро терроризм турли давлатлар худудида мустақил фаолият юритаётган гуруҳларнинг диний, этник ёки мафкуравий асосда йирик уюшмаларга бирлашувлари асосида шаклланиб боради. 1998 йил феврал ойида Усама бин Лодин ташаббуси билан “Ал-қоида”, “Ал-жиҳод” (Миср), “Ал-жамоа ал-исломия” (Миср), “Жамиат ал-уламои Покистон”, “Ҳаракат ал-ансор” (Покистон) ва “Жиҳод” (Бангладеш) гуруҳларининг “Ислом фронти” уюшмасига бирлашганини мисол келтириш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, халқаро террорчилик ташкилотлари муайян давлат худудида фаолият юритувчи экстремистик гуруҳлардан бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан, халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан илгари сурилаётган сиёсий шиорлар, белгиланган мақсадлар ва амалга оширилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари хорижий давлат, икки ва ундан зиёд мамлакатлар ёки бутун бир минтақада беқарорликни келтириб чиқариш орқали сиёсий ҳокимиятни эгаллашга қаратилган бўлади. Юқорида номи зикр қилинган “Ислом фронти” уюшмаси аъзолари мусулмон давлатларда мавжуд тузумларни ағдариб, ягона ислом давлати тузишни асосий мақсад қилишган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, табиийки, давлатга кириб-чиқишнинг халқаро қоидалари татбиқ қилина бошлади. Натижада юртимизга яхшилар қатори маҳаллий анъаналаримизга зид бўлган турли ёт ғоялар ҳам кириб келди.

Шукр, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бундай хавф илдиз отишининг олди олинди. Адашиб ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларнинг фаол ижтимоий ҳаётга қайтишига имкониятлар яратилди. Бағрикенглик, кечиримлилик каби инсонпарвар ғояларга асосланган сиёсат натижасида ёшларимиз тўғри йўлга тушиб олдилар. Бироқ экстремизм бир ҳудуд ёки минтақа доирасидаги муаммо эмас, унинг хавфи ҳамон мавжуд. Унга қарши курашиш халқаро даражадаги ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Экстремистик гуруҳлар ўзларининг разил ниятдаги ҳаракатларини пухта ва аниқ режа асосида амалга оширишини ҳаёт кўрсатди. Бундай хавфга нафақат тайёр туриш, балки олдини олиш учун мудом ҳушёрлик талаб этилади.

 

Абдулазиз БОБОМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар “Мулла Қирғиз” Ислом ўрта махсус билим юрти мудири