Қадимдан инсон номига доғ бўлиб келаётган, XXI асрда маданийлашган дунё қиёфасига мос келмайдиган иллатлар қаторида одам савдоси билан боғлиқ муаммолар бизнинг давлатимизга ҳам таҳдид солмоқда.

Бу муаммо дунё жамоатчилигини чуқур ташвишлантирмоқда. Унга қарши барча давлатлар ҳамкорликда фаолият юритишлари зарурлиги сабабли, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг кўп эътибор қаратаётган фаолият йўналишларидан бирига айланди. Маълумотларга кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 27 миллион киши одам савдоси туфайли қуллик ҳолатига тушиб қолган.

Бу борада Непал, Судан, БАА, Ҳиндистон, Габон, Гаити каби давлатларда энг оғир ҳолатлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда берилган таърифга кўра, ушбу фаолиятнинг учта йўналишини ажратиб кўрсатиш мумкин: хатти-ҳаракат, восита ва мақсад. Хатти-ҳаракат деганда одамларни алдов йўли билан ёки уларнинг ихтиёрига зид равишда ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ҳамда қабул қилиб олиш билан боғлиқ ишлар; восита деганда куч ишлатиш ёки куч билан қўрқитиш, мажбурлаш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдов, жабрланувчининг эрксизлик ҳолатидан фойдаланиш, уни назорат қилиб турган шахсдан пул ёки бошқа манфаатдорлик эвазига сотиб олиш; мақсад деганда, жумладан, фоҳишабозликда фойдаланиш, мажбурий меҳнат, қуллик ёки қулликка ўхшаш ҳолатларга солиш кабилар тушунилади.

Ҳозирги пайтда илғор жамоатчилик мазкур муаммо сабабидан жарбланганларни осойишта ҳаётга қайтариш, ҳаётда ўз ўрниларини топиб олишларига кўмаклашишлари керак. Республикамизда ҳам одам савдосидан жабрланган мамлакатимиз фуқароларини ижтимоий реабилитация қилиш бўйича кенг тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилиши кўрсатиб қўйилган. Шу Қонунга мувофиқ 2009 йилда Тошкент шаҳрида “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази” ташкил этилган.

Марказ низомига кўра, унинг олдига қуйидаги асосий вазифалар қўйилган:

– одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

– одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

– одам савдоси жабрдийдалари хавфсизлигини таъминлаш;

– одам савдоси жабрдийдаларига қариндошлари билан мулоқот ўрнатишга кўмаклашиш;

– одам савдоси жабрдийдаларига, уларнинг қариндошларига ва васийларига одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот бериш;

– одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш.

Марказ ташкил этилганидан буён унинг хизматидан мингга яқин жабрдийдалар фойдаланди. Уларнинг 28 фоизи аёллар, 2,9 фоизи вояга етмаган болалардир.

Марказга келтирилганлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур тиббий кўмак олишлари учун шароит яратиб берилди; ижтимоий ходим ва руҳшунослар уларнинг ижтимоий ва руҳий муаммоларини ўрганиб, руҳий тикланишлари ва ижтимоий ҳаётда ўз ўрниларини топиб олишларига ёрдам беришди. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал қилиб берилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керак, одам савдоси каби манфур жиноятдан жабрланганларнинг муаммоларини тўғри тушуниб, уларнинг тикланиб олишларига ёрдам кўрсатишда мамлакатимизнинг турли идоралари масъул ходимларидан тортиб, оддий фуқароларгача ўзларининг юксак инсонийлик хислатларини намоён этмоқдалар. Зеро, бу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатларимиз мамлакатимизда “Инсон манфаатлари – олий қадрият” деган шиор остида амалга оширилаётган сиёсатнинг ҳаётий натижаларидир.

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази билан куннинг исталган пайтида

277-65-91; 277-66-91

277-65-83; 277-65-38

рақамли телефонлар орқали боғланиш мумкин.

 

Зиёда ФАРҲОДОВА,

Марказ ходими