Бугун дунёда кўплаб бузғунчи оқимлар муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқдалар. Ҳозир дунёда 500 га яқин экстремистик, фундаменталистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлса, уларнинг тахминан саксон фоизи Ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Бу оқимларни бир сўз билан динбузарлар деб аташ мумкин. Улар ўзларига турли номларни қўйиб, диний шиорларни байроқ қилиб оладилар-у, лекин қилаётган ишлари динимизга зиддир.

Асосий мақсади мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш бўлган “Ҳизбут-таҳрир” ташкилоти жиҳодни тарғиб қилиш баробарида террорчи гуруҳлар учун “зомбилаштирилган” жангарилар етказиб бермоқда; сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган “Салафийлик” оқимидагилар Қуръон оятларини сўзма-сўз талқин қилиб, оятларнинг мажозий маъноларини рад этадилар. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мавлидларини нишонлашга қарши, ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблайдилар; “жиҳодчилар” ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, амалдаги дунёвий конституцион тузумни ағдариб, ислом амирлиги шаклидаги давлат қуриш учун террор ва қўпорувчиликни авж олдирадилар; “Нурчилик” Ислом дини асосларини бузаётган диний-фундаменталистик ташкилот. Ҳаракатнинг ҳозирдаги раҳнамоси Ф.Гуланнинг: “Мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай ёлғон ва ҳийла ишлатиш мумкин, то қудратли бўлмагунча, маънавий жиҳод орқали ҳаракат қилиш лозим”, деган фикри улар ўз ниятларига етиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмасликларини кўрсатади.

Бошқа бузғунчи оқимларнинг мақсади ҳам, фаолияти ҳам динимиз кўрсатмаларига зид эканини ҳаёт тасдиқламоқда. Бузғунчи оқимлар дунё халқига фақат ёмонлик, вайроналик ва мотам келтирмоқда. Улар айни кунда чет мамлакатларда ишлаётган ватандошларимиз орасига кириб, Ўзбекистондаги мавжуд янгиланишлар, ислоҳотлар билан боғлиқ табиий муаммоларни бўрттириб кўрсатган ҳолда, уларнинг ечими ўзларининг қўлида эканини даъво қилмоқдалар. Аслида эса, улар кирган ҳудудлар жанггоҳларга айлангани барчага аён. “Ислом диёри” деб ном олган ҳудудларга назар солсак, 2009 йили Покистонда 12 600; Афғонистонда 2000; Ироқда 4 500 киши террорчилик қурбони бўлган. Араб дунёсида бўлаётган воқеалар натижасида Ливияда ўн минглаб, Сурияда юз мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик”дир, у одамларни ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган, ундамайди.

Қуръони каримда бегуноҳ кишиларнинг жонига қасд қилиш қораланиб, жумладан, бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).