Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Ҳозирги пайтда жаҳонда кечаётган глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари оқибатида мустақиллик йўлига ўтган ёш мамлакатларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги катта хатар остида қоляпти. Айниқса, халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишга урғу берилаётгани бу хатарни янада кучайтирмоқда. Мухолифларимизнинг динимиз асл моҳиятини бузиб кўрсатиш билан ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж оляпти.

Ғарб давлатларининг оммавий ахборот машиналари тинимсиз равишда афкор оммага Ислом динини бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, зўравонлик дини дея кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Шу жиҳатдан ҳам жамият олдида одамларнинг динимиз қадриятлари билан “Исломни қайта тиклаш шиори” остида муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурати туғилди.

Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги пайтларда Марказий Осиё ҳудудида ҳам айрим диний-сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар, хусусан, ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилишмоқда. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай, “бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса Исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”. Бундай қабиҳ хатти-ҳаракатларнинг мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига раҳна солиши, миллатлараро ва динлараро бирдамликка путур етказиши, одамларни бир-бирига қарши турли гуруҳларга бўлиб ташлаши, улар орасида фитна ва бузғунчилик ғояларини ёйиши кундай равшан.

Бундай кенг миқёсли ва пухта ўйланган хуружларга қандай омилларни қарши қўйиш мумкин? Бунинг учун энг олдин одамларимизга ташқи бузғунчи кучларнинг дин омилидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳаракатларининг моҳиятини соф диний манбалар асосида очиб бериш керак. Ислом дини зўравонлик, қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик дини эканини кенг тушунтириш лозим бўлади. Аслида бу дин ҳар қандай зулм, қотиллик, бировга озор етказишдан бутунлай холи, энг гўзал ва эзгу амалларни бажаришга чақирувчи соф диндир.

Мана шу томондан олиб қарайдиган бўлсак, имон ва куфр масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир. Бир инсоннинг мусулмонлик даъвосида қанчалик ростгўй экани ёлғиз Парвардигоргагина аён. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги кўплаб буюк алломаларимиз, мутафаккирларимиз ўзларича қарор қилишдан сақланишган, муайян бир шахсни кофирга ҳукм қилиш борасида жуда эҳтиёткор бўлишган.

Аммо бугунга келиб буюк аждодларимиз анъаналари унутилди, бир-икки китобни ўқиб олиб, ўзини “мужтаҳид” санайдиган, кишиларни бўлар-бўлмасга кофирга чиқарадиган оқим ва фирқаларнинг вакиллари пайдо бўлди. Бундай оқим ва фирқалар (масалан, “Ал-ҳижра ват-такфир”, “Ҳизбут таҳрир” каби) имон ва куфр масалаларида ўта журъатли бўлиб кетишган. Исломни ҳали чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр-кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йўлига кириб қолишяпти. Шу ўринда “Нега шундай бўляпти? Уларнинг хатоси нимада? Муаммонинг ечими борми?” деган саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақоламизда ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло бандаларини сўзларнинг энг гўзалига, фойдалисига эргашишга чақиради: “Бас, (эй Муҳаммад,) Менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17 – 18).

Пайғамбаримиз Муҳаммаддан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади: “Мусулмон – қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Мўмин – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир – гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши. Аллоҳ йўлида мужоҳид – нафсига қарши курашишга киришган киши”; “Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди”; “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто уялардаги чумолию денгиздаги балиқлар ҳам саловат айтади”.

Динимизнинг бу кўрсатмаларидан чекиниб, адашган фирқаларга эргашиб кетган ёшларимиз жоҳилликлари, диннинг асл моҳиятини англаб етмаганлари оқибатида имон ва куфр масаласида бир неча хатоларга йўл қўйишади. Келинг, ана шу хатоларни кенгроқ кўриб чиқайлик:

Бизнингча, улар йўл қўяётган хатоларнинг биринчиси масалага енгил-елпи қараш, шошма-шошарлик қилишдир. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ бундай деганлар: «Киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади». Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган. Бу ҳақда ёзилган асарларнинг биринчиси мисрлик олим, ҳижрий 768 йили вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ибн Маҳмуд Бадр Рашид Рашидий қаламига мансуб. Унинг “Куфр сўзлар” номли асарига биринчи бўлиб ҳанафий олимлардан аллома Алийу Қори муфассал шарҳ ёзган.

Хатоларнинг иккинчиси Аллоҳ буюрмаган ишларга вақтни беҳуда сарфлашдир. Мусулмон кишининг дунё ва охиратда ўзига наф берадиган амаллар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Қироат илми олимларидан Имом Шотибий бундай дейди: “Шариатда эътироф этилган илм, яъни Аллоҳ ва Унинг расули мақтаган илм – амал қилишга ундовчи илм бўлиб, у ўз эгасини хоҳиш ва истакларга эргашувчи эмас, балки илмига мувофиқ юрувчи қилади”. “Такфир” эса ҳеч кимга фойда бермайдиган, аксинча, зарарига ҳужжат бўладиган манфаатсиз ишлардандир. Ахир, Аллоҳ таоло бизларни бирор шахс ёки жамиятнинг камчиликларини излашга, уни кофирга чиқариш учун умр бўйи ҳужжат тўплашга буюрмаган-ку! Бу ҳақиқатни ҳар ким ақида илми устозларидан аниқлаб олса бўлади. Ачинарлиси, бу каби ишлар билан шуғулланиб юрган ёшларнинг кўпи имоннинг энг муҳим масалалари, намоз, рўза, закот каби ибодатнинг асосий шартлари борасида етарли илмга эга эмаслар. Улар ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сураларини тажвид қоидаларига биноан ўқиёлмайди, ҳадиснинг асл матнларига “тишлари ўтмайди”.

Учинчи хато бундай нозик масалаларга ҳали уларнинг шартларини мукаммал равишда ўзлаштирмай туриб киришиб кетишдадир. “Куфр” сўзи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, исталган пайтда, дуч келган одамга қарата айтиб юбориладиган сўз эмас. Буни имонли мусулмонга нисбатан қўллаш енгилтаклик, калтабинлик ва жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ислом тарихида бундай ишга илк бор қўл урган хаворижларни ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Бундай нодон ёшлар Қуръон ўқиса, тиловатлари бўғзидан нарига ўтмайди”, дея сифатлаганлар. Мана шу гап барча замонларда хаворижларга эргашувчиларнинг Қуръон оятлари ва ҳукмларини чуқур идрок эта олмасликларига ишорадир.

Исломда “Ал-яқину ла язулу биш-шак” (Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўқ бўлмайди) деган қоида бор. Масалан, бир мусулмоннинг таҳорати шак-шубҳалар билан бузилмайди, шундай экан, қандай қилиб гумон-тахминлар билан унинг бутун имони ва мусулмонлик сифатига тил теккизиш мумкин? Бу қоидага кўра, унинг жони ҳам, моли ҳам бошқаларга ҳаромдир. Расулуллоҳ вадо ҳажида: “Ушбу шаҳарда (Маккада), ушбу ойдаги (Зулҳижжа) бугунги кун (Арафа) ҳурматлангани (ҳаромлиги) каби қонларингиз, молларингиз ва ор-номусларингизга тажовуз қилиш ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Эшитганлар эшитмаганларга етказсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Шундай бўлгач, “такфирчи алломалар” қайси ҳужжатга кўра мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни қатл этишга фатво беришяпти экан?!

Биз бу мулоҳазаларимиз билан Исломда умуман “куфр, такфир” деган тушунчалар йўқ, демоқчи эмасмиз. Чунки баъзи оят ва ҳадисларда у ёки бу амал куфр деб аталгани Ислом ақидаларидан бир оз хабари бор кишига яхши маълум. Лекин мусулмонлар бу борада жиддий фарқли томонлар борлигини яхши англаб олишлари керак. Бу ҳам бўлса, бирор амални “куфр” дейиш билан ўша амални содир этган муайян шахсни кофирга чиқариш ўртасида катта фарқ бор. Фикримизни Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадислар билан далиллашимиз мумкин. Имом Бухорий ҳазрат Умардан ривоят қилган ҳадисда келтирилади: «Расулуллоҳ даврларида Абдуллоҳ исмли киши келтирилиб, ичкилик туфайли дарра урилди. Сўнг яна бир куни келтирилиб, яна дарра уришга буюрилди. Шунда тўпланганлар ичидан бир киши: “Эй Аллоҳ, уни даргоҳингдан (раҳматингдан) йироқ қил, жуда кўп келтирилди”, деди. Шунда Расулуллоҳ : “Уни лаънатлама, чунки мен унинг Аллоҳни ва Расулини севишини биламан”, дедилар». Бошқа бир ҳадисда ичкилик туфайли жами ўн кишини лаънатлаган Пайғамбаримиз худди шу ишни қилган муайян бир кишини лаънатлашдан қайтардилар.

Мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан қилган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни “куфр диёри” деб аташ Ислом ақидасига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифанинг ақидага оид “Фиқҳул акбар” китобида баён этилган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам. Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз. Уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат кофир деб эмас”.

Мазҳабимизда мўътабар саналган “Дуррул мухтор” ва унинг шарҳи “Раддул муҳтор”да бундай ёзилган: “Ислом диёри фақат мана бу учта шарт тўпланганидан кейингина куфр диёрига айланади: 1) ширк аҳли ҳукмлари юртилиши билан (шу жойнинг ҳошиясида: “Мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади”, дейилган). Демак, мусулмонларнинг ҳукми ҳам, кофирларнинг ҳукми ҳам юритилган диёр куфр юрти саналмайди; 2) Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашиб қолса; 3) мамлакатда бирор тинч ва хавфсиз мусулмон қолмаса”.

Ушбу уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр мамлакатига айланади. Агар биттаси ёки иккитаси топилиб, бошқаси топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади. Ислом ҳукмлари деганда фақат сиёсий ҳукмлар эмас, жума ва ҳайит намозларини барпо қилиш, муфтий ва қози сайлаб, унга эргашишни буюриш, ҳаж сафарига шароит яратиб бериш каби ҳукмлар ҳам тушунилади. Чунончи, юқоридаги китобда ёзилганидай, “Дорул ҳарб (куфр юрти) мусулмонларнинг жума ва ҳайитларига ўхшаган ҳукмлари юритилиши билан Ислом юртига айланади, гарчи у ерда кофирлар бўлса ҳам ва Ислом мамлакатига қўшни бўлмаса ҳам”.

Замонамизнинг машҳур алломаси доктор Юсуф Қаразовий бир мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидаги жавобни берган: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга мусулмонларга қилинадиган муомала тўлалигича қилиниши керак”.

Бу далилларга инсоф билан ёндашадиган бўлсак, мамлакатимиз Ислом диёри эканига, мусулмонларимизнинг бари мусулмон раҳбарлар қўл остида эканига асло шак-шубҳа қолмайди. Мамлакатимизда динимиз аксарият ҳукмларига амал қилинмоқда, юрт раҳбарлари ўзларининг мўмин эканларини баралла айтиш билан бирга, ўзгаларни Исломда собит туришга, бошқа динларга қўшилиб кетмасликка тарғиб қилиб туришибди. Демак, бу юртни жоҳилият даврига ўхшатиб “куфр диёри” дея аташга, халқини куфрда айблашга ҳеч қандай асос йўқлиги очиқ аён бўлиб турибди.

Инсон илмни қанчалик чуқур эгалласа, дин асосларини теран англайдиган бўлса, бир масалага киришишда, воқеликка баҳо беришда ва хулоса чиқаришда шунчалик эҳтиёткор, эътиборли бўлади. Аксинча, илми қанчалик саёз ва юзаки бўлса, ўрганган нарсаларини тўғри ва теран фаҳмламаса, бу каби хатарли масалаларда фатво беришга, хулоса чиқаришга журъатли бўлиши, ҳақ йўлдан адашиши, залолатга юз буриши шунчалик осонлашиб қолар экан. Аллоҳ таоло бундай жоҳилларга қарата: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл, 43), деб буюрган.

Шу ўринда мана шундай хатоларга йўл қўймасликнинг муҳим шартларидан бўлмиш диний илм, хусусан ақида илмини ўрганишда устозни тўғри танлаш зарурати ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу борада энг яхши устоз умрини шу билимларга бағишлаган, ақида ва фиқҳ илмларини чуқур эгаллаган, Ислом таълимотлари ҳақида теран фикрловчи шайх ва уламолардир. Ўтмиш уламоларимизнинг айтишларича: “Олдинлари илм кишиларнинг зеҳнида бўлган, кейинчалик у китобларга кўчди, лекин калитлари ўзларида қолди”. Яъни, инсон ўзи ўқиб-ўрганиши билангина илмни тўла эгаллай олмайди, у ҳамиша бир оқил устозга муҳтождир. Имом Шотибий “Мувофақот” китобида илмни устозлардан олиш баракоти ҳақида бундай ёзади: “Қанчадан-қанча масалалар бор, илм толиблари уларни китобдан ўқиб ёд олади ва доимо такрорлаб юради, аммо маъносига тушунмайди. Агар ўша масалаларни олим киши баён этиб-шарҳлаб берса, дарров тушунади. Бу тушуниш талабанинг ақли етмаган жойни шайх изоҳлаб бериши орқали ёки шунчаки устоз олдида турган талабага Аллоҳнинг марҳамати сабабидан ҳосил бўлиши мумкин”. Бунга мисол қилиб саҳобаларнинг Қуръонни тушунишдаги ҳолатларини келтириш мумкин. Баъзи оятлар нозил бўлганида ўзича тушундим деб ҳисоблаган саҳобийлар кейинчалик Расулуллоҳдан ушбу оятда ирода қилинган маъно бошқача эканини билиб олганлари маълум ва машҳурдир.

Булардан шу нарса аён бўлади: дин илми асл таълимотларидан узилган йиллари туғилиб катта бўлган айрим ёшлар дин ва ақида хусусида шоша-пиша бир-икки рисолача билан танишиб ёки интернет тизимидаги баъзи сайтлар келтирган маълумотларга таяниб, у ёки бу масалада ўзларини олим санашга, ҳатто фатво беришга ҳам журъат қилишяпти. Натижада илгаридан бир мазҳаб доирасида ва соф ақидада аҳил яшаб келаётган юртимиз мусулмонлари, хусусан, тенгдошлари онгини заҳарлашга уринишяпти. Уларнинг асл мақсадлари яхшилик қилиш ёки дин ҳақида жон куйдириш эмас, балки четдаги ҳомийлари ишончини ва маблағини оқлаш йўлида фитна ва бузғунчилик қилишдир. Шу боис ҳам ҳар бир мусулмон ақида илмини яхши ўзлаштириши, ақидада собит бўлиши зарур. Улуғ шоиримиз Сўфи Оллоёр бежиз бундай ёзмаганлар:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш лозим, кейинги бир неча ўн йиллар мобайнида Ислом уммати ўртасида фитна ва бузғунчилик уруғларини сепишга ҳаракат қилган “Ал-ҳижра ват-такфир” каби фирқаларнинг “дарға”лари ўзларининг бу фикрлари аҳли сунна вал жамоа эътиқодига асло тўғри келмаганини эътироф этиб, бу хато фикрларидан қайтганларини эълон қилишди. Уларнинг мусулмон кишини “кофир”га чиқариш, у яшаётган жамиятни “жоҳилият”га нисбат бериш ҳақиқатан Исломнинг барҳаёт таълимотларига хилоф эканини кеч бўлса-да, охири тан олишлари ва буни барчага маълум қилишлари, ушбу хато ғоя ва фикрларнинг издошларига ҳам тўлалигича тааллуқли деб ўйлаймиз. Шундай бўлгач, ҳозирги ҳолатимизни жоҳилият даврига тенглаб, унга жиҳод қилиш фарз деб “фатво” чиқараётган кимсалар бу қилмишлари билан Ислом уммати орасига фитна солаётганини, Ислом бирдамлигига путур етказаётганини, мусулмонлар тинчлиги ва осойишталигини бузиб, фасодга йўл қўяётганини бир ўйлаб кўрса, ёмон бўлмасди.