Мамлакатимиз ҳамма соҳада қайта сайқал топмоқда. Обод ва кўркам жомеларимиз одамларга эзгу туйғулар улашувчи маънавий ўчоқ сифатида бу сайқаллашувга ўзига хос ҳисса қўшаётир.

Замонага хос тез суръатли ўсиш-ўзгариш кишиларимизни маънавий юксалиш сари ундамоқда. Намозхонлар сафида турли табақа вакиллари борлигини ҳисобга олсак, бу ҳолат имом-хатибларимизни ўз хизмат-вазифаларига янада масъулиятли бўлишга чақиради.

Халқимиз имомларимизни маънан пок, юксак ахлоқли, теран сўз устаси ва Ислом маданияти тарғиботчиси сифатида ҳурматлайди.

Баъзан жума намозларини турли жойлардаги масжидларда ўқийман. Имом-хатибларнинг жума ўгитлари юракларга етиб бораётган бир нур деб ўйлайман. Нотиқ, ухровий ва дунёвий билими баланд имомларнинг сўзлари намозхонлар руҳиятига бошқача таъсир этади, яшашнинг асл моҳиятини англашга, фикрлашга чорлайди. Баъзида жаноза намозида билимли, мулоҳазали имом-домлаларимизнинг икки-уч дақиқали мавъизалари ҳам кишиларни эзгуликка чорлайди, ўз яшаш тарзини қайта таҳлил қилишга ундайди. Имом-хатибларимиз, домлаларимизнинг билими, тил софлиги маънавиятимиз кўзгусидир. Уларнинг қавм ичидаги обрўлари маълум маънода теран сўзлар-ла ифодаланган мазмунли суҳбатларига ҳам боғлиқ.

Комил инсонни тарбиялаш давлатимизнинг олий мақсади. Динимиз ҳамма вақт инсонни ҳар соҳада тафаккур қилишга, изланишга, мукаммаллик сари интилишга ва сабрли бўлишга чақиради. Ҳар бир инсоннинг ҳақиқий эътиқоди, амалдаги ҳалоллиги, инсофи, адолатпарварлиги эртанги порлоқ кунимизга асос бўлишига шубҳам йўқ.

 

Юсуфжон СОЛИЕВ,

нафақадаги ўқитувчи, Самарқанд шаҳри.