Ихтилофчилар, мазҳабсизлар машҳур фиқҳий мазҳабларни тан олишмайди ва: “Ислом дини ҳар қандай оддий мусулмон тушунадиган бир неча осонгина ҳукмлардан иборат. Мазҳаблар эса, илм аҳлининг баъзи масалалар бўйича тушунча ва қарашлари тўпламидир. Бу мазҳабларга эргашишни Аллоҳ таоло ва Унинг Расули ҳеч кимга фарз қилмаган...”, деб хатоларини хаспўшламоқчи бўлишади.

Уларнинг бу гаплари асоссиз эканини биз бундай исботлаймиз: “Агар Ислом “бир нечта осонгина ҳукмлардан иборат” бўлса, ҳадис китоблари турли аҳкомларни қамраб олган минглаб ривоятлар билан тўлиб-тошмасди ва Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турли қабилалардан келган гуруҳларга Ислом аҳкомларини ва Аллоҳ таолонинг улар зиммасига юклаган амрларини соатлаб тик оёкда туриб ўргатмас эдилар”.

Аслида, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга Ислом ва унинг арконларини етказишлари бир вазифа, ўша арконларни бажариш тартибини ўргатишлари бошқа вазифадир. Биринчи вазифа учун озгина фурсат етади. Иккинчиси эса, меҳнат, ўрганиш ва ғайратни талаб этади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ислом аҳкомларини ва уларни бажариш тартибини ўргатишлари учун турли қабилаларга ўзларининг энг хос саҳобаларини юборар эдилар. Холид ибн Валидни (розияллоҳу анҳу) Нажронга, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу), Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ва Муоз ибн Жабални (розияллоҳу анҳу) Яманга, Усмон ибн Абул Осни (розияллоҳу анҳу) Сақифга юборганлар. Ҳаммалари борган жойларида одамларга Ислом асосларидан таълим берди, шариат аҳкомларини батафсил ўргатиш ишларини олиб борди.

Исломнинг илк даврларида кўп жойларга тарқалмагани ва мусулмонларнинг оддий ҳаёт кечиргани сабаб муаммолар ҳам оз эди. Лекин кейинчалик Ислом тарқалган ерларнинг кенгайиши, илгари мавжуд бўлмаган кўпгина анъаналар, урф-одатлар ва манфаатлар юзага келиши сабабли муаммолар кўпайди. Уларнинг барчаси ўзига хос ҳукмларни тақозо этарди. Агар мазҳабсизлар муфтий ва имомнинг ёрдамисиз, тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатдан ёки бу иккисига қиёс қилиш орқали ҳукм чиқаришга қодир бўлатуриб, шундай десалар, бу гапларини қабул қилардик. Чунки Аллоҳ ва Расулининг сўзларини бевосита англаб олиш имкониятига эга одамнинг (мужтаҳиднинг) бошқа мужтаҳидлар сўзларига тақлид қилишига ҳожат йўқ. Агар бу гапларни авом – ижтиҳод ва истинбот қилиш, далиларни ва уларнинг маъноларини англаб етиш салоҳиятига эга бўлмаганлар айтишса, унда бу ҳеч бир асосга эга эмас, ҳақиқатдан йироқ гапдир.

Агар ҳаммага бирдек Қуръон оятларидан Аллоҳ таоло ирода қилган ҳукмларни тушуна олиш қобилияти берилган бўлса, одамлар қадимдан авом ва олимга, муқаллид ва мужтаҳидга бўлинармиди?

Мазҳабларни инкор қилувчилар: “Инсон қабрга қўйилганидан сўнг мазҳаби ёки тариқатидан сўралиши ҳақида бирон-бир далил йўқ!..” деб ҳам айтишади.

Бу гaп мазҳабсизлар Аллоҳ таоло инсон зиммасига юклаган вазифалар фақат икки фаришта қабрда сўрайдиган нарсалардир, деган эътиқодда эканини кўрсатиб турибди. Бундан, икки фаришта нима ҳақида савол берса, ўша нарсалар фарз, нимани сўрамаса, улар фарз ҳам эмас, шариатга мувофиқ ҳам эмас, деган иддао келиб чиқади.

Бундай хато эътиқоддан Аллоҳ таоло асрасин. Бу дунёда мусулмонларнинг зиммаларига юкланган фарзлар қабрда икки фаришта сўрайдиган нарсалардан кўпдир.

Мазҳабсизлар: “Тўртта фиқҳий мазҳабнинг вужудга келишига адолатсиз сиёсатлар ва ғаразгўй ажамлар – араб бўлмаганларнинг тожу тахтни эгаллаб олганлари сабаб бўлган, холос, бунга ишонмаганлар Ибн Халдуннинг “Тарих” асари муқаддимасини ўқиб чиқсин”, дейди.

Биз мазҳабсизлар айтганидек иш тутиб, Ибн Халдун китоби “Муқаддима”сини ўқиб чиқдик. Унинг мазҳабларнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳақида айтганларини кўздан кечириб, бирор жойда мазҳабсизлар айтган гапларни учратмадик. Ибн Халдун фиқҳ ва фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихи тўғрисида бундай деган: “Саҳобаларнинг ҳаммалари ҳам фатво берадиган даражада эмас эдилар ва уларнинг ҳаммаларидан ҳам дин ўрганилмасди. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган Қуръон ҳофизлари шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки у зотдан эшитган ўзларидан илғор саҳобалардан олган. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган... Исломнинг илк даврларида ишлар шундоқлигича қолди. Кейинроқ Исломга кирган шаҳарлар кўпайди ва саводсизлик камайди, фиқҳ такомиллашиб, алоҳида илмга айланди. Кейин уларнинг исмлари “қори”дан “фақиҳ” ва “уламо”ларга алмашди. Уларнинг даврида фиқҳ иккига – ироқликлар мансуб бўлган раъй, қиёс аҳлига ҳамда ҳижозликлар мансуб бўлган ҳадис аҳлига бўлинди. Ироқликларда ҳадис кам эди. Шунинг учун улар кўпроқ қиёсдан фойдаланиб, бу борада маҳоратлари ошди. Шунинг учун ҳам улар “раъй аҳли” деб аталди. Уларнинг жамоаларига мазҳаб соҳиби бўлган Абу Ҳанифа Нўъмон бошчилик қиларди. Ҳижозликларнинг имоми Молик ибн Анас ва ундан кейин Шофиъий эди. Кейинроқ бир гуруҳ уламо чиқиб, қиёсни рад этишди ва унга амал қилишни бекорга чиқаришди. “Зоҳирийлар” деб аталган бу гуруҳ ҳукм олиш манбаини насс ва ижмоъ билан чегаралаб қўйди. Улар очиқ қиёсни рад этди. Бу мазҳаб имомлари Довуд ибн Али, унинг ўғли ва шогирдлари эдилар. Ушбу мазҳаблар (аҳли раъй, аҳли ҳадис ва зоҳирийлар) ўша пайтларда уммат орасида машҳур бўлган мазҳаблар эди...”

Ибн Халдуннинг мазҳаблар, уларнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги қисқача гаплари ана шулардир. Улар орасида мазҳабсизлар айтган гап асло йўқ. Демак, мазҳабсизлар далилни сохталаштиришган.

Мазҳабсизлар: “Сизлар тақлид қилаётган, ва сўзларини Қуръон ва суннат ўрнида қабул қилаётган мазҳаббошилар пайдо бўлишларидан олдин одамлар қайси мазҳабда бўлганлар? Шу имомлардан илгари одамлар ҳидоятда бўлишганми ёки залолатдами?” дейишади.

Биз бу хато фикрга бундай жавоб берамиз: “Саҳобаларнинг орасида фатво ва ижтиҳод аҳли, Ибн Халдун айтганидек, саноқли ва атоқли кишилар бўлган, улардан бошқалари ушбу мартабага етмаган кишилар эди. Хўш, унда қолган саҳобалар динни кимдан ўрганишган? Ҳа, улар динни ижтиҳод қилиш ва ҳукм чиқариб олишга қодир саҳобалардан олганлари аниқ. Бу тақлиддан бошқа нима бўлиши мумкин?! Демак, бу йўл ҳозиргача ўзгармай, қандай бўлса, шундайлигича қолган. Саҳобалар замонида авом халқ ўша даврда фатво бериш ва ижтиҳод қилиш билан танилган кишиларга эргашар эди. Тобеинлар замонида ҳам, ундан кейинги даврда ҳам худди шундай давом этди. Шофиъий, Абу Ҳанифа, Аҳмад ва Молик (раҳимаҳумуллоҳ) ҳам шундай мужтаҳид олимлардандир. Тўрт имомдан олдин ўтган авом кишилар мужтаҳидларга тақлид қилгани каби, улар давридаги авом ҳам ана шу тўрт имомга тақлид қилиши жоиз.

Тўрт мазҳаб имоми ўзлари учун истинбот услубларини тузиб чиқишди. Ушбу услубларни улар Китоб ва Суннатнинг далилларидан чиқариб олишди. У билан раъй ва соғлом қиёсни аниқлаб, ботил раъйни ва ботил қиёсни ажратишди. Натижада истинбот ёрдамида раъй ва ҳадис мазҳаблари бирлашди, ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйиш жиҳатлари йўқолди. Бу маълум воқеликдир. Ўйлаймизки, бунга далил ва исботлар келтириш учун вақт сарфлашнинг кераги йўқ.

Назаримизда зийрак ўқувчи учун ушбу адашган тоифанинг юқорида санаб ўтилган важлари ва уларга берилган жавоблар ушбу адашган тоифанинг даъволари асоссиз эканини билиб олишга етарлидир.

Мубашшир АҲМАД,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси