Инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибасидан аёнки, тажовузкор кучлар қайси мамлакатни бўйсундирмоқчи бўлса, аввало ўша юрт халқини қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Зеро, қадриятларидан мосуво бўлган миллат манқуртга, маънан қулга айланади. “Оммавий маданият” ниқоби остида ўз ғояларини тарғиб қилаётган кучларнинг асосий мақсади ҳам шу.

Глобаллашув ҳосиласи бўлган “оммавий маданият” умумжаҳон маънавий таҳдидига айланиб бормоқда.

Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида дейилади: “Оммавий маданият ниқоби остида ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа ҳалқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.

Бизнинг қадриятларимиз Ислом дини асосида шаклланган ва бой тарихга эга. Ўзгалардан ўрганадиган эмас, ўзгалар ҳавас қиладиган маданиятимиз мавжуд. Қуръони Каримда: “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли-имрон, 110), деб марҳамат қилинган.

Маълумки, ҳар қандай маданият моддий ва ахлоқий унсурдан ташкил топади. Лекин “оммавий маданият” тарғиботчилари фақат моддий унсурни тарғиб қилишади. Келинг, уларни кўриб чиқайлик.

1. Индивидуализм, яъни “ўзингни бил, ўзгани қўй” тамо­йили. Бу ўз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш, демакдир. Ўз хоҳиш-истаклари йўлида жамият, ота-она, оила­дан воз кечилади. Бизнинг муҳитда эса жамоа, маҳалла, ота-она ва фарзандларга, ён-­атрофидагиларга меҳр-оқибатли бўлиб яшайдиган инсонлар жамияти шаклланган.

2. “Жинсий эркинлик”. Бу эркинликнинг ҳаддан ошган кўринишидир: оила қурмасдан беникоҳ ҳаёт кечириш, пала-партиш жинсий ҳаёт тарзи... Энг ёмони, бир жинсли никоҳни тарғиб қилиш. Бу биз учун бориб турган иллат, гуноҳи кабирадир.

3. Космополитизм, яъни қаерда яхши ҳаёт бўлса, ўша ерни ватан деб билиш. Бундай қараш инсонда ватан туйғусини йўқотади, ғурурни ўлдиради.

4. “Анъана ва қадриятларга беписандлик”, яъни халқнинг минг йиллик маънавий негизларини тан олмаслик, уларга эскилик сарқити деб қараш ва кеча пайдо бўлган “маданият”ларга кўр-кўрона эргашиб яшаш.

Булар “оммавий маданият”нинг баъзи кўринишлари, холос. Бироқ “йилт” этган ҳар нарса олтин бўлавермайди. “Оммавий маданият”га муккасидан кетган халқлар таназзулга юз тутганини кўриб-билиб турибмиз. Бундан ибрат олиб яшашимиз лозим. Зотан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Исломда номақбул ҳисобланган, мўмин­ликка путур етказадиган иллатларни тарк қилишга буюриб: “Киши имонининг гўзал бўлиши ўзига тегишли бўлмаган нарсани тарк қилишидир”, “Ўзгалар пандидан ибрат олган киши бахтлидир”, деганлар.

Аллоҳга шукроналар бўлсин, юртимизда 130 дан зиёд миллат вакиллари ўзаро аҳил, тинч-­осойишта ҳаёт кечиришмоқда. Асрлар давомида шаклланган маданиятимиз, қадриятларимиз уларнинг ҳаётига шу қадар сингиб кетганки, фотиҳа ўқиганимизда бизга қўшилиб қўл кўтаришига ёки ўзбекона дўппи кийиб жилмайиб туришига ажабланмаймиз. Чунки бизнинг қадриятлар ўзгаларнинг маданиятини топташ ёки камситиш эвазига шаклланмаган. Аксинча, маънавий булоқларимиздан бошқалар ҳам қониб-қониб ичаётганига аниқ мисоллар кўп.

 

Умидбек САЛАЕВ,

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Иморат бобо” жоме масжиди имом-хатиби