ХХI аср. Ҳали унинг бошланганига кўп йил бўлгани йўқ. Бошқачароқ айтсак, янги аср эндигина бир ўспириннинг тенгдоши бўлди. Бироқ мана шу қисқа вақт давомида бу кўҳна дунё кўплаб иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар, тараққиёт, бўҳронлар ва таназзулга гувоҳ бўлди.

Глобаллашув жараёни деб ном олган бу катта тегирмондан қандай омон чиқиш мумкин? Атрофимизда тарқатилаётган ахборотлардан тўғри истифода этиш учун нима қилиш керак.

Бугунги кунда баъзи ёшларнинг интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги аниқ манбаи кўрсатилмаган, асоссиз хабар ва маълумотларга ишониб қолишаётгани ачинарли ҳол, албатта. Муқаддас динимиз кўрсатмаларига кўра, нақл қилинган бирор хабарга ишонишдан аввал уни текшириб, аниқлаб олиш талаб этилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот, 6).

Уламолар ушбу ояти каримадан келиб чиқиб, келтирилган хабарни ишончли дея баҳолаш ва уни қабул қилиш учун хабар қилувчи шахс мусулмон, балоғат ёшига етган, ақл-идрокли ва тақводор бўлиб, фосиқ ва мурувватсиз бўлмаслиги шарт дейдилар.

Машҳур муфассир Ибн Жарир Табарий ушбу оят тафсирида Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Хабарни текшириш Аллоҳдан, (унда) шошқалоқлик қилиш шайтондандир”, деган ҳадисларини келтиради.

Ҳадисдан кўринадики, олинган маълумотни текшириб, асосли ёки йўқлигини аниқламай туриб, ўша маълумотга қараб иш тутиш шайтон йўлига кириш билан баробар. Чунки бунда хабарчининг ғаразли мақсадини амалга оширишига замин яратиб қўйилади. Халқ орасида ўзининг иғво ва бўҳтон сўзлари билан кун кўрадиганларнинг тегирмонига сув қуйилади. Аксинча, хабарни текшириб, рост ёки ёлғонлигига ишонч ҳосил қилинса, ҳеч кимга ноҳақ азият етказилмайди. Эл орасида асоссиз гапларни тарқатувчиларнинг илдизига болта урилади.

Бу борада буюк муҳаддис бобокалонимиз Бухорий ҳазратларининг йўлларини тутсак, барака топамиз. У киши етти юз мингдан ортиқ ҳадисни жамлаб, улардан етти мингдан зиёдроғи, аниқ қилиб айтганда 7632 та ҳадисни ишончли деб топдилар. Асосан ҳадис ривоят қилувчиларга қараб уларнинг ҳадисларига баҳо бердилар. Ровийлар бўйича меъёр ишлаб чиқдилар ва қайси бир одам ушбу меъёрга мос келса, у ривоят қилган ҳадис саҳиҳ, яъни ишонарли деб баҳоланди. Ровийда иллат бўлса, ҳадис ҳам ишонч қозона олмади.

Муҳтарам Юртбошимиз бир ўринда журналистларга қарата: “Биз журналистнинг ўз фикрларини баён этиш, далилларни қандай тушунса, шундайлигича талқин қилиш ҳуқуқига ҳурмат билан қараймиз, лекин барча учун бирдек қатъий бир қоида мавжудки, журналист ҳар қандай вазиятда ҳам аниқ далилларга таяниши лозим”, дедилар ва аниқ мисоллар билан Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония, Туркия ва Россия каби мамлакатларда юз берган воқеаларга таҳлилий баҳо бериб ўтдилар. Демак, кўплаб мамлакатларни ўз домига тортган нотинч сиёсий жараёнларнинг келиб чиқишида оммавий ахборот воситалари ёки интернетда тарқатилаётган хабарларнинг ўрни катта экан.

Бузғунчи кучлар халқлар ўртасида уруш-жанжал, зиддиятлар келтириб чиқаришда интернетдан ҳам кенг фойдаланишмоқда. Бунда WikiLeaks каби сайтларнинг “ҳиссаси” катта. Бундай сайтларнинг манбалари номаълум, улар фитнага сабаб бўлувчи шов-шувли ёки ёлғон-яшиқ маълумотларни кенг оммага эълон қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, бузғунчи кимсалар “facеbook” “twitter”, “instagram”, “odnoklassniki” каби ижтимоий тармоқлар орқали ҳам минглаб кишиларни оммавий норозилик уюштиришга чақиришади. Миср ва Сурия каби араб мамлакатларида ҳали-ҳануз давом этаётган тўс-тўполонларни авж олдиришда, нифоқ уруғларини сочишда ҳам радикал гуруҳлар ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишди.

Маълумки, бутун жаҳон афкор оммасининг диққат-эътиборида бўлган “Араб инқилоби” ёки “Араб баҳори” номи остида бошланган воқеалар дастлаб Тунисда давлат тўнтаришига олиб келди. Сўнгра занжирли реакция бўйлаб, Миср, Ливия, Сурия, Иордания, Яман ва бошқа араб давлатларига тарқалди.

Бу тўнтаришларни бошлаганлар 18 – 35 ёшлардаги фуқаролар эди. Яъни, улар ташқи кучлар ва ижтимоий тармоқлар таъсири остида, ўзларидан бошқа ўлкаларда уларнинг дўстлари қандай яшаётганини кўриб, ўз ҳаётларини тубдан ўзгартиришга аҳд қилишди. Жумладан, Мисрдаги тартибсизликлар “Twitter инқилоби” деган ном билан танилди (Айдарбек Тулепов. “Интернетга ин қурган ўргимчаклар”», 17-бет).

Араб мамлакатларини қуршаб олган сиёсий таназзулга бир назар солайлик. Араб зиёлиларининг интернетда тарқатган фикрларига қараганда, “араб баҳори” – улкан фитна. У арабларга кулфат, уни олиб келганларга “баҳор”ни ваъда қилиб, зулматни келтирди. Буни англаган миллионлаб араблар бундай “қонли баҳор”ни четдан олиб келиб, ёйганларни лаънатламоқда. Араб халқининг ичидан чиқиб, бузғунчиларга шериклик қилган сотқинларни ер муштлаб қарғамоқда. Афсус. Энди кимни айбдор қилиш керак. Ахир ёшларни ўз халқи ва ҳукуматига қарши гижгижлаган ва сохта ваъдалар берган шахслардан фақатгина виртуал оламдаги тахаллуслар ва аллақачон амалдан тўхтаган электрон манзиллари қолган, холос.

Шундай дамларда беихтиёр Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридаги мана бу фикрни эслайсиз: “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим...” (13 – 14-бет).

Қоп-қоронғи тунда маёқ қайси томонни кўрсатса, одамлар шу ёққа қарайди. Одамларнинг қаёққа қараб, нимани кўришлари маёқни тутган кишининг хоҳишига боғлиқ бўлиб қолади.

Турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар одамлардан ўз сегменти (қавми)ни ажратиб олгач, уларнинг хулқига ҳам “эгалик” қилмоқда. Нимани кўриши, эшитиши кераклигини, қачон қаерда бўлишини ҳам ҳал этмоқда, бошқармоқда. Афсуски, содда одамлар “маёқ” (интернет, телевидение, медиа воситалар) кўрсатаётган томонгагина қарайдилар. Уни бошқараётган қўлни кўрмайдилар.

Ақллилар эса маёқ эгаларига, ҳаётни кўрсатаётган одамнинг кимлигига эътибор берадилар. Сабабни кўрадилар. Одамлар орасини ким “бўлиб ташлаб”, уларнинг инон-ихтиёрларига ким “эгалик қилаётганини”, декабр ойида “баҳор”ни ким, нега келтирганини тушунадилар. Синчиклаб қараб, “табиий сарҳадларни кенгайтириш” мақсадидаги босқинчи қўлларни кўрадилар. Унинг овозини эшитадилар ва бундай ҳодисаларга нисбатан мустақил фикрларини баён этадилар.

Айни кунда Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудининг бир бўлагида жойлашиб олиб, “биз халифалик давлатини тикладик”, деб дунёга бонг ураётган Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) деб номланган экстремистик ташкилотнинг ҳам фаолияти бевосита интернет билан боғлиқ. Бу ташкилот ўз сафларига янги-янги “жиҳодчилар”, исломнинг барча қонуниятларига зид келадиган, разолат билан йўғрилган таълимот йўлида “шаҳидлик”ка тайёр бўлганларни чорлаш учун вебсайтлардан фойдаланмоқда. Бу борада ҳам кўринмас қўлнинг қилмишлари аниқ кўзга ташланади. ИШИДнинг молиявий базаси бойитилиши, назорат қилиб турилган ҳудуддаги нефтни арзон баҳода олиб, мўмай даромад кўрмоқчи бўлаётганлар наҳотки хунрезларнинг тегирмонига сув қуяётганини, яна ўнлаб бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилишдек оғир гуноҳга кўмак бераётганини англаб етмаса? Балки бундай “ўйинлар”нинг режасини ўзлари тузиб бергандирлар?

Хулоса ўрнида айтиш керакки, дунёни қамраб олган мафкуравий хуружлардан огоҳ бўлиш, ёшларни асраш масаласи доимо долзарб. Айни кунларда турли “хайрихоҳлар”нинг “ёрдамлари” натижасида дунёда содир этилаётган нотинчликлардан тўғри хулоса чиқариш жуда муҳимдир.

Ҳайдархон ЙўлдошхЎжаев,

тарих фанлари номзоди, доцент,

Тошкент ислом институти ректори