Қуръони каримнинг кўплаб оятларида жамият билан ҳамоҳанг яшаб, бошқаларнинг қайғу ва қувончларига шерик бўлишга, шу баробарида турли фитналарга бефарқ бўлмасликка буюрилади. Жумладан, Анфол сурасида шундай марҳамат қилинган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (25-оят).

Муфассир уламолар ушбу ояти каримани қуйидагича тафсир қилганлар: “Қайси бир жамиятда зулмлар содир этилса-ю, бошқалар унга бефарқ бўлсалар, зулм ишларни қилганлар-у уларга бефарқ қараб турганлар – ҳамма-ҳамма оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар”.

Бугунги кунда Ироқ ва Суриядаги оғир вазият, бу ўлкаларнинг маълум ҳудудини эгаллаб олган ИШИД террорчи гуруҳи томонидан амалга оширилаётган жиноятлар бутун дунё мусулмонларини қаттиқ ташвишга солаётир.

Динни ниқоб қилган бу нобакор кимсалар дастидан қанча шаҳар ва қишлоқларнинг кули кўкка соврилмоқда, қанча ободу кўркам жойлар вайронага айланмоқда! Тинч аҳолининг қари-ю ёш, эркагу аёлига қарамай қонини тўкишмоқда! Аллоҳ таоло Ўз каломида ноҳақдан ўзга жонга қасд қилган кимсага кўплаб ваъидлар борлигини баён қилган. Жумладан, “Моида” сурасида: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” дейилган (32-оят). “Нисо” сурасида эса қотиллик қилганларга шундай дейилади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай (Нисо, 93).

Машҳур тарихчи Вилз Ислом дини тўғрисида: “У шафқат, эркинлик ва биродарлик руҳи билан тўлиқдир”, дейди. Америкалик муаррих Драбер эса: “Илгари замондаги мусулмонлар насронийлар ва яҳудийлардан бўлган илм аҳлига фақат эҳтиром кўрсатиш билан чекланиб қолмай, балки муҳим вазифаларни топширганлари”ни таъкидлайди.

Динимизнинг бундай олижаноб ғояларига қарши борган ИШИД тарафдорлари эса ўз қилмишлари билан дунё жамоатчилигида мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлиши эҳтимолини туғдирмоқда. Энг ёмони, турли воситалар, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали ўзларининг ёвуз ғояларини тарғиб этиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитишга уринаяптилар. Афсуски, уларнинг даъватларига лаққа тушаётганлар ҳам йўқ эмас. Уларга “ёрдам” беришга отланаётганларга айтгимиз келади: “Ҳижрат” қилиб, кимга кўмак бермоқчисиз?! Мўминликка даъвоси катта бўлгани билан мусулмоннинг қонини тўкаётган жаллодларгами?!

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент Ислом институти кафедра мудири