Худкушлик, террорчи-камикадзе, ўзини портлатиш... Таассуфки, ушбу иборалар жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали тез-тез қулоққа чалиняпти. Айниқса, бу мудҳиш ҳолат аёллар томонидан амалга оширилаётгани ачинарлидир.

Тарихга назар ташласак. ХХ асрнинг 70-80-йиллари Лотин Америкаси ва Европадаги террорчи ташкилотларнинг асосий қисмини, Германиянинг “Қизил армия фракцияси” ҳамда “Иккинчи июнь” ҳаракатларининг учдан бирини аёллар ташкил этган, аммо улар орасида ўзини портлатиб, жонига қасд қилганлар бўлган эмас. Шри-Ланкада узоқ йиллар фаолият юритиб келган “Тамил-Иламни озод этиш йўлбарслари” ҳаракати аёлларнинг эркаклар билан бир сафда жанг қилиши тарафдори бўлган ва аксарият терактларида хотин-қизлардан фойдаланган. ХХ асрнинг 40 йиллари Ҳиндистонда Британия мустамлакачиларига қарши курашган қўзғолончилар бўйинларига портловчи снарядлар илган аёлларни ҳарбий қўшин томон юбориб, душманни қиришга интилганлар. Жаҳон сиёсий луғатига “шаҳида аёллар” тушунчаси Фаластин ва Исроил ўртасидаги уруш натижасида кириб келди.

Маълумотларга кўра, Толибон ҳаракати, “Ал-Қоида”, “ҲАМАС”, “Ҳизбулло”, Шимолий Кавказдаги “Жиҳодчилар” каби ўнлаб террорчи гуруҳлар жангарилик ҳаракатларида аёлларнинг ўзини-ўзи портлатиш усулидан фойдаланиб келмоқда. “ҲАМАС” ташкилоти узоқ вақт бу ҳолатни қоралаган. Аммо бундай “усул”нинг натижасини кўргач, сафларига қўшилган эркак-аёлларни 2004 йилдан “шаҳидлик”ка даъват эта бошлади. Фақат “шаҳида” бўлишни истаган аёл аввало, бир қиз ва бир ўғил фарзандни дунёга келтириши лозимлигини шарт қилиб қўйди.

Бу мудҳиш усулни қўллаётган экстремистик оқимлар, хусусан, “Ал-Қоида” ҳаракати “ислом манфаати” йўлида худкушликка изн берувчи “фатво” чиқарган бўлса, “Ҳизбут-таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти ўзини портлатиб, ҳаётдан кўз юмадиганларни “шаҳидлар” қаторига киритган. “Ал-Қоида” экстремистик ташкилоти Ироқда ўз жонига қасд қилишга тайёрланадиган, вояга етмаган болалардан иборат “Туйурул жаннат” (“Жаннат қушлари”) ва аёллардан ташкил топган “Ҳарим ал-Қоида” (“Ал-Қоида аёллари”) гуруҳларини тузганлиги маълум.

Худкушликни амалга оширишда аёллар атрофдаги одамларда ортиқча шубҳа уйғотмайди. Хотин-қизларнинг либослари орасига портловчи мосламаларни яшириш ҳам нисбатан қулай. Яна бир жиҳати, жамоатчиликнинг асосий эътибори худкушликни амалга оширган аёлнинг шахсига қаратилиб, ушбу ҳаракатнинг бевосита буюртмачиси бўлган террорчи ташкилот бир мунча назардан четда қолади. Хотин-қизларнинг “шаҳидлик” йўлидаги жасоратлари сафдош эркаклар “жангавор руҳини” янада кўтаришга хизмат қилади, деган қараш ҳам бор. Шу каби омиллар туфайли XXI аср бошларидан ислом ниқоби остидаги террорчи ташкилотлар ғаразли мақсадларини амалга оширишда хотин-қизлардан фойдалана бошлади.

Мутахассислар таҳлилларига кўра, аёллар бирор ғоя, мақсад учун эмас, нимадир сабаб бўлиб шу йўлга кирадилар. Уларни ўз сафларига чорлаб, фаол аъзога айлантиришга уринаётган ғаламислар нoзик xилқат ҳисoбланувчи аёлларга турли усул ва вoситалар, ҳатто кучли гипнoз йўли билан таъсир ўтказадилар. Оқимларига аввало, рафиқалари, опа-сингилларини, шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқинларини тортиб олишга ҳаракат қиладилар. Соф диний ақидалардан бехабар, итоаткор аёлларга турли оят ва ҳадисларни нотўғри талқин этиб, жаннатни “ваъда қилиб”, уларни жиноятга бошлайдилар. Афсуски, ишонувчан ожизалар, жумладан, ватандош аёл-қизларимиз орасида ҳам диний экстремистик гуруҳлар вакилларининг сафсаталарига учиб, қабоҳат қуролига айланиб қолаётганлар бор.

Терроризм қандай кўриниш ва йўналишда бўлмасин, босқинчилик, зўравонлик, зулмдан иборат ва инсониятни албатта ҳалокатга олиб келади. Турли минтақаларда талотўпларни юзага келтириб, одамзодни ваҳимага солишга ҳаракат қилаётган кимсалар манфур ниятларига етиш мақсадида аёллардан фойдаланаётгани қанчалар қабиҳ бўлса, динни рўкач қилаётгани ундан-да аянчлидир. Ваҳоланки, Ислом – тинчлик дини. Муқаддас манбаларга кўра, ўз жонига қасд қилиш, қасддан одам ўлдириш, бузғунчилик ғояларини тарқатиш, халқ тинчлигига таҳдид солиш тақиқланган бундай хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррардир.

 

Дилафруз ТУРДИЕВА,

Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими