Яқинда оммавий ахборот воситаларида бутун дунё афкор оммасини ларзага солган хабар тарқалди. Тиш-тирноғигача қуролланган етти нафар жангари Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактаблардан бирига ҳужум қилиб, синфма-синф юрган ҳолда ўқитувчи ва ўқувчиларни аёвсиз ўққа тутишди...

Бу “Беслан воқеаси”дан кейинги мактаб ўқувчиларига нисбатан амалга оширилган иккинчи кенг кўламли террористик ҳаракат, деб баҳоланмоқда. Маълумки, 2004 йилнинг 1 сентябрида жангарилар Доғистоннинг Беслан шаҳридаги 1-сонли мактабга ҳужум қилиб, 1000 нафардан ортиқ кишини гаровга олишганди. Гаровдагилар уч кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз ушлаб турилди. Охир-оқибат улардан 355 нафари қурбон бўлди. Даҳшатлиси шуки, қурбон бўлганларнинг 155 нафардан кўпроғи мактаб ўқувчилари эди.

Пешовардаги мактабда эса жангарилар ўқидан 140 нафардан зиёд одам ҳалок бўлди. Уларнинг аксариятини ёш болалар ташкил этади... Бу қабиҳ ишни Афғонистон ва Покистонда фаолият олиб бораётган “Покистон толибон ҳаракати” террористик ташкилоти ўз бўйнига олди.

Бир тасаввур қилинг... Эндигина “Илм оламан, ўқийман”, деб мактабга борган норасидалар бир гуруҳ қўпорувчиларнинг чангалига тушди, кўз ўнгида тенгқурларини бирма-бир ўлдиришди. Бола қандай аҳволга тушади? Унинг руҳияти нима бўлади? Ўн йил олдинги “Беслан воқеалари”дан омон қолган болаларнинг руҳиятини тиклаш борасида ҳали-ҳануз муолажалар қилинмоқда...

Норасидаларни ўлдиришдан қўпорувчиларга нима манфаат?! Болаларда нима айб? Энг ёмони, Пешоварда террористик ҳаракатни амалга оширган разил кимсалар “Ла илаҳа иллаллоҳ” сўзлари ёзилган матони пешоналарига танғиб олишган. Бу билан ўзларини мусулмон сифатида кўрсатмоқчи бўлишган, гўё... Уларнинг жинояти мусулмонлик у ёқда турсин, золимликнинг унча-мунча “қоидаси”га тўғри келмас?!

Муқаддас динимиз фарзандни Аллоҳ таолонинг буюк неъмати сифатида қадрлайди. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Солиҳ фарзанд жаннат райҳонларидан бир райҳондир”, деганлар. Қуръони каримда: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида, 32), дея марҳамат қилмаганми?! Яна: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (“Нисо”, 93), деб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишдан қайтарган эмасми?!

Динимизга кўра, ёш болага азият бериш тугул, ҳатто қаттиқ гапириб, кўнглини оғритиш дуруст эмас. Уларга нисбатан мулойимлик билан муомалада бўлишга чақирилади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун инсониятга гўзал ўрнак бўлганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (набиралари) Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У зотнинг ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. У: “Менинг ўнта фарзандим бор, аммо улардан бирортасини ўпмайман”, деди. Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки, инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Имом Бухорийнинг “ал-Жоме ас-Саҳиҳ” асарида бир гуруҳ аъробийлар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ёш болаларга бўлган меҳрларидан ажабланганларида уларга қарата: “Аллоҳ қалбингиздан меҳр-шафқатни олиб қўйган бўлса, мен ўрнига солиб қўя олармидим?!”деганлари ривоят қилинган.

Бу мазмундаги ҳадисларни кўп келтиришимиз мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган юзлаб ҳадисларда асл мусулмон киши ёш авлодга, покиза қалб эгаларига нисбатан қандай муомалада бўлиш кераклиги гўзал тарзда кўрсатиб берилган.

Хўш, жангарилар ўзларини гўёки “мусулмон” қилиб кўрсатиб, аслида кимга эргашяпти?! Улар қайси динга эътиқод қиляптилар?! Тинчлик, эзгулик, меҳр-оқибат дини бўлмиш Исломгами?! Ахир, бошқа динларда ҳам бегуноҳ болаларнинг қонини тўкиш қораланади-ку! Бу масаланинг бир томони. Иккинчидан, динимиз ушбу “жаннат райҳонлари”ни ёшликдан таълим олишлари, илму маърифат ва эзгулик сари ёшликдан қадам ташлашга даъват этади. Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Илм олиш фазилати ибодат қилиш фазилатидан яхшироқдир”, деганлар (Табароний, Баззор ва Ҳоким). Етук фақиҳлигидан “имомларнинг қуёши” дея танилган буюк бобокалонимиз Имом Сарахсий ўзларининг “Мабсут” номли китобида: “Аллоҳга имон келтиришдан сўнг фарзларнинг энг муҳимроғи илм талаб қилишдир”, деганлар.

Мактаб – илм маскани ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида таъкидлаганидек: “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”.

Бу жангарилар эса динни ниқоб қилиб, айни шу ислом таълимотига амал қилиб, илм-таҳсил олаётган ёш болаларнинг умрига зомин бўлди. Бундай хунрезликни амалга оширганлар наинки динга, балки инсониятга доғ туширмаяптими?!

Хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда тинчликни асраш, фитналардан ҳушёр ва огоҳ бўлиш долзарблигича қолмоқда. Азиз ва бетакрор юртимиз, тинчликсевар ва меҳнаткаш халқимизни, айниқса, ёшларни ҳар қандай хуружлардан авайлаб-асраш кечиктириб бўлмас вазифа экани яна бир бор ойдинлашди. Демак, зиммамиздаги масъулият катта.


Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

Тошкент ислом институти ректори