Барчамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги йилларда қатор мусулмон мамлакатларида гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Бунга Покистон, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия, Яман каби мамлакатларда фаолият юритаётган ақидапараст жангари гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари мисол бўлади. Жоҳиллик шу даражага бориб етдики, ўзларига “Ислом давлати”, “Толибон (мадраса ўқувчилари)” каби бир қарашда жозибадор, кишининг эътиборини ўзига тортадиган номларни қўйиб олган бу нобакорлар ҳеч бир айби йўқ болалар, аёллар ва қарияларни ҳам аямай қирғин қилмоқдалар.

Бунга Ироқ ва Сурияда “Ислом давлати” гуруҳи томонидан муттасил равишда амалга оширилаётган оммавий қатллар, Афғонистон ва Покистондаги толибон жангарилари томонидан томонидан мактаб, мадраса ва масжидларнинг портлатилиши яққол мисол бўлади. 2014 йилнинг декабрь ойида Пешовар шаҳридаги мактабда толиблар томонидан 130 тадан зиёд ўқувчининг беаёв ўлдирилишига қандай баҳона, қандай асос келтириш мумкин?

Афсуски, турли диний экстремистик оқимларнинг маддоҳлари томонидан фаол тарзда, шу жумладан, Интернет орқали олиб борилаётган тарғибот таъсирида айрим ёшлар Афғонистон, Покистон, Сурия, Ироқ каби мамлакатларга гўёки “ҳижрат” қилиб, ўзларини “ҳақиқий мусулмон”ларга қўшилгандек ҳис қилмоқдалар, сохта даъволарга сархуш бўлиб, Ватани, ота-онаси ва оиласини ташлаб кетмоқдалар.

Айниқса, кейинги вақтда баъзи ёшларимиз Сурия, Ироқ, Ливия каби мамлакатларда инсониятга қарши жиноятлар содир этиб, ўзини “Ироқ ва Шомдаги исломий давлат” (ИШИД) деб атаб олган гуруҳ томонидан олиб борилаётган манфур тарғиботнинг домига тушиб қолмоқдалар. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда одам ўлдириш, аҳоли корига ярайдиган маиший биноларни вайрон қилиш ва кўнгли тусаган бошқа жиноятларни содир этишни гўёки “жиҳод”, бу разил ишларни амалга ошираётган шахсларни эса “мужоҳид” санайдилар, уларнинг сафига қўшилишни эса мусулмонлар учун фарз ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.

Шу сабабли, соф ислом динининг тинчликсеварлик ва бағрикенгликка асосланган кўрсатмаларини англаб етмай, мутассиблар домига кўр-кўрона илинаётган баъзи ёшлар диққатини қуйидагиларга қаратишни лозим деб топдик:

1. ИШИД жангарилари 2015 йил феврал ойининг охирида Суриянинг шимоли-шарқидаги ал-Хосиқ вилоятида жойлашган Хормуз қишлоғида 100дан ортиқ тинч аҳоли вакилларини қатл этди. Жангарилар 23 февраль куни мазкур вилоятда курдлар ва христиан-оссурияликлар билан жангларда мағлубиятга учрагандан сўнг 40га яқин қишлоқдаги турли миллат ва дин вакилларини асирга олган эди. Жангарилар мағлубият аламини тинч аҳолидан олган.

Дину диёнатдан хабардор киши ислом одам ўлдириш у ёқда турсин, тинч аҳоли вакилларини қўрқитиш, улар қалбига ваҳима, ғулғула солишдан ҳам қайтаришини яхши англаши, бундай ишлардан йироқ бўлиши керак. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (а.с.): “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, – дея марҳамат қилинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Моида” сурасида: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” дейди. Эътибор берадиган бўлсак, мазкур оятда “ ... фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган...” деб айтилмоқда. Яъни, унинг қайси динга мансублигидан қатъи назар ўлдириш ўта оғир гуноҳ, жиноят экани таъкидланмоқда. Ҳадиси шарифларнинг бирида: “Умматимдан ким умматимга қарши чиқса, унинг яхшиси-ю ёмонини урса (уруш қилса, ўлдирса), улардан ўзини тиймаса ва умматим билан аҳдда бўлганларнинг (ғайридинлар ва бошқа дин вакилларидан иборат тинч аҳоли) аҳдига вафо қилмаса у биздан эмас” дейилади.

2. 2015 йил январь ойининг охирида Ироқнинг Мосул шаҳрида ИШИД жангарилари 13 нафар ўғил болаларни футбол бўйича Осиё Кубоги мусобақалари доирасида бўлиб ўтган Ироқ ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги учрашувни кўргани учун қатл этди. Ўсмирлар омма олдида пулеметдан отиб ўлдирилган ҳамда уларнинг оила аъзоларига жасадларни олиб кетишга рухсат берилмаган. ИШИД етакчилари бутун дунё жумҳур уламолари ҳалол эканига иттифоқ қилган футбол ўйнашни ҳам, кўришни ҳам ҳаром деб эълон қилганлар.

Наҳотки футбол кўриш ёш болаларни умридан жудо этишга сабаб бўлса? Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Ҳаддингиздан ошманглар, жасадларни таҳқирламанг, болаларни ўлдирманглар!” дейилган. Бегуноҳ қон тўкиш исломда оғир гуноҳ саналиб, бундай иш учун улкан жазолар белгиланган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яъни, унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (“Нисо” сураси, 93-оят).

3. Жорий йилнинг 17 февраль куни Ироқнинг ал-Бағдодий шаҳарчасида ИШИД жангарилари 40 нафар мусулмонни қафасга солган ҳолда тириклайин ёқиб ўлдирди. 21 февралда эса Ироқнинг ғарбидаги Анбар минтақасида жойлашган Хит шаҳрида ҳам айнан шундай ваҳшиёна усул билан яна 43 киши қатл этилган. Ўлдирилганлар маҳаллий полицияда хизмат қилаётган сунний мусулмонлар бўлган.

Исломда жамият тинчлиги ва хотиржамлигини ҳимоя қилаётган мусулмонни ўлдириш, одамларни оловда ёқишга қандай муносабат билдирилади? Албатта, муқаддас динимизда юрт тинчлиги йўлида уззу кун хизмат қилаётган одамларга катта ажру савоблар ваъда қилинган. Имом Табаронийдан келтирилган ривоятда: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутгандан афзалдир” дейилган. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки, бизга (мусулмонларга) қарши қурол кўтарса, у биздан (мусулмонлардан) эмас”, деб огоҳлантирганлар.

Пайғамбаримиз мўмин мусулмонларни одамларга азоб беришдан қайтарганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг азоби (ўтда куйдириш) билан азоб берманглар”, деганлар.

4. ИШИД шиа йўналишидаги мусулмон аёллар, шунингдек, насроний ва язидий хотин-қизларни асирга олиб, уларни зўрлаш, қул қилиб ишлатиш ва сотиш билан шуғулланмоқда. Мазкур жирканч ишларни шаръий жиҳатдан “асослаш” учун ИШИДга қарашли “Ал-Ҳиммат” нашриётида “Асира ва чўри аёллар тўғрисидаги савол-жавоблар” деб номланган кўрсатмалар тўпламини чоп этди. 27 банддан иборат мазкур тўпламда ислом таълимоти ва умуминсоний қадриятларга мутлақо зид кўрсатмалар ўрин олган. Жумладан, тўпламда жангарилар назарида динсиз деб ҳисобланган барча аёл ва қизларни асирга олиш, жинсий зўрлаш, қул қилиб сотиш мумкинлигига рухсат берилган. Шунингдек, сунний ва шиа йўналишидаги мусулмон аёлларни “кофир”га чиқариб асирга олиш “ҳалол” қилиб берилган бўлса, ислом динида “аҳли китоб” саналадиган христиан ва яҳудий аёлларни тўғридан-тўғри асирга олиш мумкин экани баён этилган.

ИШИД раҳбарлари асира хотин-қизларга 50-400 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаб, уларни бозорларда сотиш билан кун кўрмоқдалар. 2014 йилнинг декабрида Ироқнинг Фалужа шаҳрида ИШИД етакчиларидан бири Абу Анас ал-Ливийнинг буйруғи билан ўз ор-номусини ҳимоя қилиб, қулликдан бош тортган 150 нафар бегуноҳ аёллар ваҳшийларча қатл этилган.

Кимнингдир онаси, кимнингдир қизи яна кимнингдир эса жуфти ҳалоли бўлган хотин-қизларни қул қилиш ёки сотиш, жория сифатида фойдаланиш, бош тортганларни эса қийнаб ўлдириш мумкинми? Албатта, йўқ. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мен қиёмат куни уч кишининг хусуматчисиман”, деб озод инсонни қул қилиб сотиб, пулини еган одамни мазкур уч тоифанинг бири сифатида зикр этганлар. Абдуллоҳ ибн Маъсуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қиёмат куни инсонлардан даставвал тўкилган қон ҳақида сўралиб, ҳукм чиқарилади”, дедилар”.

5. 2015 йилнинг февраль ойининг ўрталарида ИШИД жангарилари Ливия пойтахти Триполи шаҳри яқинида 21 нафар Миср фуқаролари бўлган христиан-қибтийларни ўғирлаб кетиб, сўнгра намойишкорона қатл этдилар.

Муҳаммад (с.а.в.) ва хулофои рошидинлар давридан бери мусулмонлар билан бир заминда тинч-тотув яшаб келаётган бошқа дин вакилларини ўғирлаш, уларни оммавий қатл этиш ислом динининг қайси қоидасига тўғри келади? Ваҳоланки, христианлар, яҳудийлар, собийлар, зардуштий ва бошқа дин вакиллариларга мусулмонлар давлатида яшаб, ўз динига эътиқод қилишига рухсат этилган, яшаш, эркинлик ва мулкнинг дахлсизлигига кафолат берилган. Уларга нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлинган. Бунга Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида яҳудийлар Мадинада аҳднома асосида тинч-омон, ўз динларига эътиқод қилиб яшагани, Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида Илия христианлари билан тузилган аҳдномада христианларнинг тўла хавфсизлиги, эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлари, черковларининг дахлсизлиги таъминлангани ёрқин мисол бўлади. Ўша даврларда халифалик ҳудудида яшаган яҳудий, насроний ва бошқа дин вакиллари ушбу ерда муқим яшашни афзал кўрганлар. Зиммий (мусулмонлар паноҳидаги бошқа дин вакили)ни ўлдирган кишининг гуноҳи ҳақида қуйидаги ҳадис мавжуд: “Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Ким зиммийни ноҳақ ўлдирса, у жаннат ҳидини ҳидламайди! Унинг ҳиди эса қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради!” – деб марҳамат қилдилар.

6. ИШИД етакчиларидан бири Абу Туроб ал-Муқаддасий жангарилар Маккадаги Аллоҳнинг байтини вайрон қилишдан тап тортмасликларини яширмай: “Биз Каъабани бузиб, унга сажда қилувчиларни ўлдирамиз”, деб дағдаға қилган. 2014 йил ҳаж мавсумида эса ИШИД жангарилари ҳожиларни гўёки тошга сиғинувчилар деб атаб, уларга ҳужум уюштиришни “ваъда” қилдилар.

Мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган, ислом дини нозил бўлганидан буён дунё мусулмонлари зиёратга интилиб келадиган Каъбани вайрон қилишни ният қилганлар қандай қилиб “мужоҳид” бўлиши мумкин? Каъбанинг мусулмонлар учун муборак экани Қуръони каримда зикр этилган: “Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир”(“Оли Имрон” сураси, 96-оят).

7. ИШИД томонидан Ироқнинг Мусил шаҳрида дунё тарихи ва маданиятига доир нодир китоблар сақланадиган марказий кутубхона ёқиб юборилди. 1921 йилда ташкил этилган мазкур кутубхонада қадимий тилларда ёзилган манускриптлар, XVIII асрга оид нодир китоблар, Усмонийлар давлати ҳужжатлари, 100 дан зиёд шахсий коллекциялардан ҳадя этилган ноёб китоблар, қадимий тарих ва ўрта асрларга мансуб артефактлар мавжуд бўлган. Умуман, сўнгги ҳафталарда жангарилар Ироқда ўнлаб кутубхоналарни вайрон қилиб, 100 мингдан зиёд қадимий китобларни ёқиб юборганлар. Кўҳна тарихга мансуб ноёб ҳайкал ва бошқа буюмлар бузиб ташланган.

Китоб – илм манбаи. Ислом тарихининг барча даврларида мусулмон ҳукмдорлар томонидан улкан кутубхоналар ташкил этилган. Қуръонда илм олишга интилиш нечоғлик фазилатли ва савобли, айни вақтда ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарз амал экани қуйидаги оят ва ҳадисларда акс этади: “... Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг ва айтинг: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (“Тоҳо” сураси, 114-оят), “... Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (“Зумар” сураси,

9-оят). Ибн Аъдий ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни эгаллангиз. Зеро, илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” дейилган.

Умуман, “ҳижрат” ҳақида гапирганда таъкидлаш жоизки, ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг хулосасига кўра, диёрда ислом аҳкомидан озгина миқдори жорий этилган бўлса ҳам у дорул-ислом ҳукмида бўлади. Ҳанафий уламоларининг фатволарига мувофиқ, жума намози, ийд намозлари жорий этилиши билан дорул куфр дорул исломга айланади.

Аксинча, муайян ҳудуд “дорул куфр” деб ҳисобланишининг шартларидан бири ушбу ҳудудда бирор мусулмон ёки зиммийга омонлик берилмаслигидир. Шу нуқтаи-назардан, уламоларнинг фикрига кўра, ташқи истилога учрамаган барча мусулмон мамлакатлари ислом диёри саналиб, ушбу ҳудудлардан ҳижрат қилинмайди ва мазкур давлатларга қуролли жиҳод қилинмайди.

Бунинг устига, ўз даврларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва ундан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларини ман этмаганлар.

Юқоридаги далиллардан келиб чиқиб, мусулумонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган Ўзбекистондек мамлакатдан “ҳижрат” қилинмаслиги ҳақида қатъий хулоса қилиш мумкин.

Юқорида айтилган фикр-мулоҳазаларни мухтасар қилиб, ақидапарастларнинг даъватларига учаётган ёшларимизга қуйидаги мисраларни айтгинг келади:

Эй ёш ватандошларим, алданманг, сизни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, мушипар оналар, норасида гўдакларни кўчаларда саргардон қилмоқда. Аммо, ҳозирга қадар бузилган уйларни тиклаш учун ақалли бир дона ғишт қўйганлари йўқ. Муқаддас ислом динимизда буткул ман этилган бу каби чиркин амалларини фош этаётган уламоларни, ўзларига эргашмаган мусулмонларни “кофир”га чиқармоқда.

Огоҳ бўлинки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”. Имом Таҳовий таъкидлаганлар: “Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз”.

Аллоҳга яқин бўлишни истасангиз, аввало ота-онангизни рози қилинг, муҳтожларга ёрдам беринг, савоб ишларни кўпайтиринг, одамларга Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларидек яхши муомалада бўлинг, илмга интилинг. Зеро, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”.

Наҳотки сиз бегуноҳ одамларнинг, ёш болаларнинг қонини тўкиш, аёлларни хўрлаш, уй-жой, масжиду-мактабларга ўт қўйишни савоб ҳисоблайсиз ва ўзингизни шундай ишларга қўл ураётганлар сафида кўришни истасангиз? Маҳаллангиз, туғилиб вояга етган уйингиз, ўқиган мактабингиз кўз олдингизга келтиринг, ота-онангиз, опа-сингил ва ака-укаларингизни ўйланг. Наҳотки уларни ҳам бир кун шундай ёвузликларга дуч келишини хоҳласангиз?

Шундай экан, огоҳ бўлинг, ўзингизни ҳалокатга ташламанг!

 

Ўткир Хасанбоев

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сайти