Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилганлар ва тийилмаганлар худдики қуръа ташлаб, кемани иккига тақсимлаб олганларга ўхшайди. Бир гуруҳга кеманинг пастки қисми, иккинчисига юқориси теккан. Пастдагилар сув олиш учун юқоридагилар олдидан ўтиб уларга азият етказишади.  Шунинг учун “Ўзимизга теккан қисмдан бир тешик очиб олсак яхши бўларди”,  дейишди. Агар юқоридагилар буларни ўз хоҳишларига қўйиб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади.  Агар қайтаришса, ўзлари ҳам, бошқалар ҳам омон қолади” (Имом Бухорий,  Аҳмад,  Термизий).

Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли китобини ўқиб чиққач, беихтиёр юқорида келтирилган ҳадис ёдимга тушди. “Кема”ни тешиб, сувга ғарқ қилмоқчи бўлган  жоҳил кимсалар айнан ИШИДчилар дегим келди. 

ИШИД (“Ироқ ва Шом ислом давлати”) террорчилик ташкилоти Ироқ ва Сурия давлатларининг маълум қисмини эгаллаб, ўзларича “халифалик”ни эълон қилишган бўлишса-да, илло уларнинг  қонли фаолияти ўз назорати остидаги ҳудудлардагина кечаётгани йўқ. ИШИД наинки муайян ҳудуд, балки  бутун дунё  тинчлигига рахна, одамлар қалбига қўрқув солиши,  айниқса, дунё жамоатчилигида муқаддас Ислом дини ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилаётгани билан хавфлидир.  Каломуллоҳда  фитна қотилликдан ҳам ёмон экани таъкидланади. ИШИДнинг эса фақат фитна ва разолатдан иборат экани  эътиборга олинса, бу қонхўр гуруҳнинг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ойдинлашади. Ахир, муқаддас динимиз наинки одамзодга, балки ҳайвонот ва набототга шафқат билан муносабатда бўлишга буюради, инсонларнинг қонини тўкишни нафақат Ислом, балки бошқа динлар ҳам қаттиқ қоралайди. Шундай экан, муаллиф таъкидлаганидек,  ИШИД – Ислом душманидир.

Мусулмон уламолари ушбу террорчи ташкилотнинг қабиҳ ниятлари динимизга мутлақо зид эканини таъкидлаб, ўз номларига “ислом” сўзи билан нисбат бераётганини қоралашди. Бироқ шунга  қарамай, айрим жоҳил кимсалар ИШИДни қўллаётгани ёки унинг сафида жанг қилишга отланаётгани жуда ачинарли ҳолатдир. Асл мақсадлари ҳокимият, мол-мулк бўлган жоҳиллар “халифалик” иддаоси билан зўравонлик ва инсонларни қатл этиш каби малъун ишларни қилмоқда. Китобда уларнинг ботил ғоялари, сохта иддаоларига қарши Қуръон оятлари, ҳадис ҳамда етук ҳанафий олимларининг фатволарига таяниб, асосли раддиялар берилган.

Бундан ташқари асарда хунрезликлар оқибатида  юртидан бадарға бўлиб, азоб-уқубатларга, хўрликларга учраган кишиларнинг оҳу нолалари ҳам акс эттирилган.

Китобда ИШИД террорчи гуруҳининг ташкил топиши, бунга сабаб бўлган омиллардан тортиб раҳнамоларининг асл қиёфасигача фош этилган. Шунингдек, жангарилар томонидан содир этилган  жиноятларнинг баъзилари хронологик тарзда баён этиладики, бу ўз навбатида  китобхонни ҳушёр торттирмасдан қўймайди. Муаллиф ИШИД нафақат қурол воситасида, балки ғоявий йўналишда ҳам ижтимоий тармоқлар орқали “ахборот жанги” олиб бораётганини  айтар экан,  айни ҳолатга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Зеро, ахборот курашларида инсоннинг онги, дунёқараши заҳарланади. Тан муолажасидан кўра онг муолажаси  мураккаб экани исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.

Ушбу асар барчамиз учун муҳим маълумот манбаи, десак асло муболаға бўлмайди.

 

Муҳаммаджон АТАБАЕВ,

Тошкент шаҳридаги “Доруломон” масжиди имом-хатиби