Ироқ ва Шомда пайдо бўлган Ислом душманлари нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният туйғуларини оёқости қилаётган тоифадир. Дунёнинг барча мамлакатларидан қочиб келган жиноятчилар энди ИШИД номли қонхўр гуруҳ вакилларидир. Улар ўзларини Ислом ҳимоячиси деб  кўрсатиб, адолатпарварликни даъво қилмоқдалар.

Айни пайтда, улар Ироқ ва Шомдек ислом арконлари эмин-эркин адо этиладиган юртни “Куфр диёри” деб атаб, фикрларига қарши чиққан ҳамюртларини, гарчи мусулмон бўлса-да, “кофир” демоқдалар. ИШИД ўзининг бу каби даъво ва хатти-ҳаракатлари билан “Замонавий хаворижлар” эканини исботлаб берди. Уларга қўшилганлар давлат раҳбарларига қарши намойиш ўлароқ мамлакат фуқаролигидан воз кечиб, фуқаролик паспортларини ўтда ёндирмоқдалар.

Маълумки, “Хаворижлар” Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган оқимлардан саналади. Уларнинг келиб чиқиши Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик давридаги воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу тоифа ҳақида олдиндан огоҳлантириб кетганлар. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган вақтларида Бану Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб: “Ё Расулуллоҳ, адолат қилинг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шўринг қурисин, мен адолат қилмасам, ким адолат қилади”, дедилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, мен уни ўлдирай”, деб айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, бунинг издошлари одамлар ихтилоф қилган вақтда хуруж қилади. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқади. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир кишининг қўли аёлнинг кўкрагидек дўппайган бўлади”, дедилар. Абу Саид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу гапларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Ҳунайн кунида ўз қулоғим билан эшитганман. Али (розияллоҳу анҳу) уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман”» (Имом Аҳмад).

Хаворижлар наздида ҳеч кимнинг ҳурмати ва ҳеч нарсанинг қадри йўқ. Ҳатто Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дек зотга бетга чопарлик қилган кимсадан яна қандай мурувват кутиш мумкин. ИШИД тарафдорлари шу даражада одам қиёфасини йўқотганки, улар инсоннинг нафақат шаъни, ҳақ-ҳуқуқини, балки, ҳаётини ҳам ҳурмат қилмайди.

Имом Насоий “Ас-сунанул кубро” асарида “Али (розияллоҳу анҳу)нинг фазилатлари” бўлимида бу ривоятни келтиради: «Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Хаворижлардан олти минг киши Ҳарурийядаги бир ерга тўпланди. Мен Али (розияллоҳу анҳу)га: “Эй мўминларнинг амири, пешин намозини бир оз салқин тушгунча кечиктириб туринг, эҳтимол мен ана у қавмнинг олдига бориб улар билан гаплашиб кўрарман”, дедим. Али (розияллоҳу анҳу): “Сендан хавотирдаман”, деди.  “Хавотир олманг”, дедим-да, кийиниб, улар томон кетдим. Тўпланиб ўтиришган жойга кирганимда, улар: “Эй Ибн Аббос, хуш келдинг. Ташрифингга нима сабаб?” дейишди. “Сизнинг олдингизга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг муҳожир ва ансор саҳобалари, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакиваччаси ҳамда куёви, ҳақларида Қуръони карим нозил бўлган ва унинг таъвилини сиздан кўра яхшироқ биладиганлар ҳузуридан келдим. Орангизда эса ундай зотлардан бирорта ҳам йўқ. Ҳузурингизга уларнинг гапларини етказиш ва сизнинг гапингизни уларга етказиш учун келдим”, деб айтдим. Шунда улардан бир қанча нафари мен томонга ўтди. Мен: “Қани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари, биринчилардан бўлиб у зот (алайҳиссалом)га имон келтирган амакиваччаси ва куёвига қарши норозилик даъволарингизни айтинг”, дедим. Улар: “Уч нарсада даъвоимиз бор”, дейишди. “Сўзланг”, дедим. Улар: “Биринчиси, у Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас”, деган (Анъом, 57), дейишди. Мен: “Бу биттаси”, дедим. Улар: “Иккинчиси, у жанг қилди-ю, аммо ғанимларининг аёлларини чўриликка олмади. Мол-мулкини ўлжа қилмади. Агар улар кофир бўлганида аёллари ҳам, мол-мулклари ҳам бизга ҳалол бўлган бўларди. Аксинча, мўмин бўлганларида қонларини тўкишимиз ҳаром эди”, деб айтишди. Мен: “Бу иккинчиси”, дедим. Улар: “Учинчиси шуки, у ўзини “мўминларнинг амири”, деб номланишидан воз кечди. Агар, у мўминларнинг амири бўлмаса, демак, кофирларнинг амири экан-да”, дейишди. Уларга: “Бундан бошқа даъвоингиз йўқми?” дедим. Улар: “Шунинг ўзи етарли”, дейишди. Улардан: “Агар мен сизнинг ушбу даъволарингизга Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатидан раддия келтирсам, қайтасизларми?” деб сўрадим. “Аллоҳга қасам, албатта қайтамиз”, дейишди. Шунда мен: “Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди”, деган даъволарингизга раддия сифатида айтаманки, Аллоҳ таоло қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида ҳукм чиқаришни кишиларга топширган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур…”, деган (Моида, 95). Шунингдек, эр ва хотин ўртасида ҳам ҳакамлик қилишни кишиларга топширган. Бу ҳақда: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз...”, деган (Нисо, 35). Энди Аллоҳ номи билан сўрайман, айтинглар-чи, кишилар мусулмонларнинг жони ва молини сақлаш, уларнинг орасини ислоҳ этиш борасида ҳукм чиқармоққа ҳақлимилар ёки қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақидами?” деб сўрадим. Улар: “Албатта, жонларини сақлаш ва ораларини ислоҳ этиш ҳақида”, деб жавоб қайтаришди. “Бу даъволарингизга берган раддиям ўринлими?” деб сўрадим. Улар: “Аллоҳ ҳақи, ҳа”, дейишди. “Энди, иккинчи, яъни жанг қилди-ю, аммо аёлларни чўриликка, мол-мулкни ўлжага  олмади”, деган даъволарингизнинг жавоби шуки, ўзингиз онангиз Ойша (розияллоҳу анҳо)ни чўриликка олган бўлармидингиз. Мўминларнинг онасини худди бошқа аёллар каби ўзингизга ҳалол қилиб олармидингиз. Агар шундай қилсангиз, демак, кофир бўлибсиз. Борди-ю, у бизнинг онамиз эмас, десангиз у ҳолда ҳам кофир бўласиз. Чунки  Аллоҳ таоло: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир”, деган (Аҳзоб, 6). Шундай экан, сиз икки томонлама залолатдасиз. Булардан чиқиш йўлини ахтаринглар. Иккинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими?” деб сўрадим. Улар: “Аллоҳ ҳақи, ҳа”, дейишди. “Учинчи, яъни у ўзини мўминларнинг амири, деб номланишидан воз кечди, деган даъволарингизга жавоб шуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳудайбия кунида Қурайш зодагонларини ўртада сулҳ битими тузишга чақирдилар. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Али (розияллоҳу анҳу)га: “Ушбу битим Муҳаммад Расулуллоҳ томонидан тузилди”, деб ёз”, деганларида, қурайшликлар: “Йўқ, агар биз сени Расуллуллоҳ эканингга ишонганимизда, сени Аллоҳнинг байтидан тўсмаган, сенга қарши урушмаган бўлардик. Шунинг учун Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, гарчи сизлар мени ёлғончи десангиз-да, мен Аллоҳнинг расулиман. Майли, эй Али, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, деб ёзавер”, деганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Али (розияллоҳу анҳу)дан афзал бўлганлари ҳолда, ўзларини Аллоҳнинг расули, деб ёздиришдан воз кечдилар. Аммо бу дегани пайғамбарликдан воз кечдилар, дегани эмас. Учинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими?” деб сўрадим. Улар: “Аллоҳ ҳақи, ҳа”, дейишди ва улардан икки минг киши ўз фикридан қайтди. Қолганлари эса, Алига қарши чиқишдан қайтмади. Шундан кейинги муҳожир ва ансорлар қолганларга қарши урушиб, барчаларини ўлдирдилар”.

Ушбу мунозарадан кўриниб турибдики, саҳобалар даврида чиққан хаворижлар тоифаси ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган илмсиз, жоҳил кимсалар бўлган. Минглаб тарафдорларига эга бўлган ИШИДнинг раҳбари бўлмиш ал-Бағдодий ҳам Бағдод уламоларининг таъкидлашича, энг нўноқ талабачалик ҳам илмга эга бўлмаган кимсадир. Бундан маълум бўладики, ИШИД хаворижларга бу жиҳатдан ҳам мос экан. 

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг мавлоси Нофеъдан Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг хаворижлар ҳақида қандай фикрда бўлгани тўғрисида сўрашганида, у бундай деб жавоб берган эди: «Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу): “Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга татбиқ этади”, дер эди». Ҳақиқатан, замонавий хаворижлар бўлмиш ИШИД тарафдорлари ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этмоқдалар. ИШИД томонидан интернет тармоғи орқали тарқатилаётган видео роликларнинг бирида, ўзбек миллатига мансуб бир тўда жангарилар, жумладан, Мумтаҳана сурасининг 4-оятини мўминларга татбиқ қилаётгани намойиш этилган. Мазкур оятнинг мазмуни шундан иборат: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Қайсики, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди”,  дедилар...».

Маълумки, Иброҳим (алайҳиссалом) бутпарастликка муккасидан кетган қавмга пайғамбар этиб юборилган. Ҳатто у зот (алайҳиссалом)нинг отаси Озар бут-санам ясовчи уста бўлгани тарих китобларида баён этилади. Иброҳим (алайҳиссалом) ва у кишига имон келтирганлар қавмларининг ҳидоятга келишидан умидлари узилгач, мазкур оятда баён қилинган сўзларни айтганлар. Ҳатто, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни отаси ҳақига истиғфор сўрашни ҳам ман этган. Буни қарангки, ИШИД тарафдорлари ушбу оятни минг йиллардан бери мўмин-мусулмон бўлиб яшаб келаётган ўзбек халқига қарши талқин қилаётгани нақадар кулгили ва уларнинг ўта жоҳил кимса эканига далолат қилиб турибди.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча бидъатчи фирқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида бўлгани каби, ИШИДнинг майдонга келишида ва манфур ишларни тап тортмай амалга оширишида ҳам Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманларининг қўли борлигига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, чин мусулмон ИШИДнинг жозибадор сўзлари-ю, мафтункор даъволарига алданмаслиги лозим бўлади.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ