Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларида инсон ҳаётига тажовуз этиш, ўзини-ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсонга берилган энг қадрли омонатдир. Шунинг­дек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилиб: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” дея амр қилинади (Бақара, 195).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш гуноҳ эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоб­лар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: “Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимки ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида доимий азоб­ланур”(Муттафақун алайҳ) деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”, деганлар. Яна бир ривоятда эса: “Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб, ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир”, деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Дунёда бўлаётган воқеаларни, жумладан, жамоат жойларида ўзини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида телевидение ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона хатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар ана шу жиноятларнинг асосий сабаб­чиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас, балки фосиқликдир. Ўзини портлатиб юбораётган кимсалар гуноҳи азимга қўл уряпти, чунки улар билан бирга қанчадан-қанча беайб кишилар ҳалок бўляпти. Ахир Қуръони каримда: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...” (Моида, 32) дейилган.

Музаффар ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

масжидлар бўлими ходими