Таҳдиднинг турлари кўп. У қандай кўринишда бўлмасин, албатта замирида қабиҳ мақсад ётади. Бугунги кунда маънавий хавфсизликка нисбатан турли кўринишдаги таҳдидлар яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Турли ғоявий хуружлар, ақидапарастлик, миссионерлик каби ҳаракатлар шулар жумласидан. Булар орасида миссионерлик ҳам миллий, ҳам диний қадриятларга таҳдид солиши билан хавфлидир.

Хўш, миссионерлик нима?

Миссионерлик, содда қилиб айтганда, бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Бугунги кунда миссионерлик фаолияти билан шуғулланувчи секта вакиллари соф диний ғояларни эмас, балки сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда фаолият олиб боришмоқда. Дунё бўйлаб фаолиятини кенг ёйишга интилаётган миссионер ташкилотларнинг мақсадини икки – иқтисодий ва сиёсий гуруҳга бўлиш мумкин.

Иқтисодий мақсад – одамларнинг диндорлик туйғуларидан фойдаланган ҳолда уларни гўёки хайр-эҳсон қилишга даъват этиш ва шу орқали мўмай даромадга эришишда кузатилади. Айниқса, турли бузғунчи секталар ўз издошларидан кўпроқ маблағ ундириш мақсадида қиёмат қойимнинг аниқ санасини эълон қилиш амалиётидан кенг фойдаланишади. Чунки инсон ўз умри тугаб бораётганини ҳис қилса, бор имкониятидан фойдаланиб, қолган ҳаёти давомида эзгулик, хайр-эҳсон қилишга, бойлигини ўзи хайрли деб билган ишларга сарфлашга интилади. Бу психологик жараёндан секта раҳбарлари усталик билан фойдаланишади. Жумладан, секта вакиллари томонидан 1914, 1918, 1925, 1941, 1982 йилларда охир замон бўлади, деб эълон қилинишида ҳам айнан шундай мақсад кўзланган эди. Бундай таги пуч маълумотдан таъсирланган ва лаққа ишонган кўплаб сармоядорлар маблағлари, ҳатто кўчмас мулкларини ҳам секта раҳбарлари номига ўтказиб беришади. Бундай ҳолатлар славян давлатларида кўп кузатилади.

Миссионерликдан кўзланган иккинчи мақсад эса бундан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, у сиёсий мақсадларга йўналтирилади. Бунда, ўз диний таълимотларини тарғиб қилиш йўли билан ўзларига хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва шу орқали муайян мамлакат ва ҳудудда ўз таъсирини ўрнатиш кўзланади. Буни улар олиб бораётган фаолият, тарғибот-ташвиқотларидан англаш қийин эмас. Жумладан, айрим секта аъзолари ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли, деб билишади. Шунингдек, баъзи миссионерлик ташкилотлари ўз аъзоларига оила қуришни ман этади, улар даромадларининг деярли барчасини ушбу жамоа раҳбариятига топшириш талабини қўяди.

Миссионерлар ўз мақсадига эришиш учун бир қанча усулларни ишлаб чиққанлар. Улар кўпроқ аҳолининг ёшроқ қатламини қамраб олишга ҳаракат қилишади. Жумладан:

– ёшларга чет тилларини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш, ўсмирларни черков қошидаги ёзги оромгоҳларга жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;

– нодавлат-нотижорат ташкилотлар сифатида инсонпарварлик ёрдами (пул, дори-дармон, кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш ниқоби остида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш, маҳаллий тилда ўз ғояларига тўлиб-тошган газета-журналларни нашр этиш ва аҳоли ичида тарқатиш;

– бепул тиббий ёрдам марказларида беморлар ичида тарғибот ўтказиш йўли билан одамлар орасига киришга уринишади.

Миссионерлар дунё бўйича демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари устувор аҳамият касб этиб бораётганидан ҳам ўз манфаатлари йўлида усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, уларнинг фаолияти қайси давлатда тақиқланса, гўёки инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида жар солишади. Эътиқод эркинлиги бошқаларни ўз динига алдов ёки зўрлик йўли билан киритиш ҳуқуқини бермайди. Республикамизда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.

Кўриниб турибдики, миссионерлик халқимизнинг асрий қадриятларига зид бўлиб, охир-оқибат диний асосдаги низоларга олиб келиши мумкин. Республикамизнинг туб аҳолиси кўп асрлардан буён Ислом динига эътиқод қилади. Исломий қадриятлар халқимизнинг тарихий-миллий қадриятлари билан чамбарчас бўлиб кетган. Халқимиз бой маданий-маърифий, миллий-диний тарихга эга бўлиб, ҳеч қандай ноанъанавий диний ақида ва тамойилларга муҳтож эмас.

 

Шукрулло ЖЎРАЕВ,

Тошкент ислом университети

Исломшунослик илмий-тадқиқот

маркази катта илмий ходими