...Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур”.

Ислом КАРИМОВ

 

Азал-азалдан аёл фарзандга тарбия берувчи асосий бўғин саналиб келган. Айнан у миллат келажаги, юрт эртанги куни, тараққиётини белгилаб беради. Она янглишса, миллат адашади, она фасодга юз тутса, мамлакат келажаги хавф остида қолади. Афсуски, ҳозирги вақтда инсон қиёфасидаги ваҳший кимсалар ҳийласига алданиб, она деган табаррук мақомга зид хатти-ҳаракатлар билан номига доғ тушираётган аёллар ҳам учраб турибди.

Кейинги йилларда маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар қабиҳ режаларини амалга ошириш, бузғунчи ғояларни тарқатиш мақсадида аёлларни ўз қармоқларига илинтириб, улардан асосий қурол сифатида фойдаланишга уринмоқдалар. Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб 20 йил мобайнида содир этилган террористик портлашларнинг 40 фоизини бевосита террорчи аёллар амалга оширган. Жумладан, шу даврда 220 дан ортиқ аёл ўзини портлатиш орқали минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳалокатига сабаб бўлган.

Аёллар ташқи таъсирларга тез берилувчан ва айни пайтда, аҳолининг энг ҳаракатчан қатлами ҳисобланади. Кўзланган орзу-мақсадларга мустақил эришиш йўлидаги қийинчиликлар аёлларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш) ҳолатини юзага келтиради. Бунда аёллар маслакдошга муҳтож бўлиб, “мен каби олий мақсадларга интилаётган кишилар ёки жамоа мавжудмикин?” деган ўйда ўзларини тушунадиган кишиларни, ҳамфикрларни излай бошлайдилар. Айни пайтда, аёллар наздида, ҳаётдаги адолатсизлик туфайли юзага келадиган қийинчиликларни енгишнинг биргина чораси – “буюк ғоя”ни ўзида мужассам этган етакчини топиб, унга эргашиш бўлиб қолади. Ана шу ҳолат хотин-қизлар диний мутаассиб оқимлар домига тушишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Худкуш террорчи аёлларнинг шахси ўрганилганда, уларнинг аксарияти – 80 фоизга яқини ҳатто мактабни тамомламагани аниқланган, 8,3 фоизи ўрта, 12,8 фоизи олий маълумотга эга бўлган, холос. Демак, илм, маърифатдан йироқ хотин-қизларнинг бузғунчи кучлар ўлжасига айланиш эҳтимоли ортади.

Бугунги шиддатли замонда бутун жаҳонда, жумладан, мамлакатимизда барқарорликка дахл этувчи, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи иллатларнинг илдизини қирқиш, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий анъаналар, урф-одатларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш ўта долзарб масала бўлиб турибди. Ижтимоий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг турли экстремистик оқимлар ва миссионер секталар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича халқаро миқёсда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнга нафақат давлат идоралари, балки кенг жамоатчилик, нодавлат ташкилотлар ҳам жалб этилмоқда.

2004 йили республикамизда фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг самарали ва шу билан бирга, жаҳонда ўхшаши йўқ, ўзига хос бир усули бўлди. Маҳалла халқимизнинг бой тарихий тажрибаларини жамлаган ноёб бошқарув тизимидир. Юртимизда ибратли, олижаноб амаллар бардавомлигини таъминлаш, хусусан, аёллар орасида олиб бориладиган маърифий ишларда маҳалланинг муносиб ва жуда муҳим ўрни бор. Бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни атрофлича таҳлил қилган ҳолда, маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар ўртасида қуйидаги маънавий-тарғибот тадбирларини амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:

– ҳаёт тарзимизга зид бўлган ғоя ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, аҳоли, хусусан, ёш хотин-қизлар онгида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлашга қаратилган маънавият соатларини ташкил этиш;

– маҳаллаларда турли қатламдаги, биринчи навбатда уй бекаларидан иборат аёллар аудиториясини ташкил этиб, диний мутаассиблик ва экстремистик фаолиятнинг салбий оқибатларини фош этувчи фильмларни намойиш қилган ҳолда, мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этиш;

– диний арконларга мутаассибона ёндашувчи оилалар орасида Ўзбекистон дунёвий демократик давлат экани, юртимизда миллий ва диний қадриятлар ўзаро чамбарчас боғлиқлиги, бой тарихга эга миллий қадриятларимизни эътиборга олиш лозимлигини уқтирувчи тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш;

– маҳаллаларда, таълим муассасаларида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази, “Нуроний” жамғармаси, ибратли хонадон вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёзувчи ва шоирлар иштирокида оила ва жамиятда аёлларнинг ўрни, замонавий ўзбек аёли тимсоли, унинг маънавий-ахлоқий хусусиятларига доир “Ўзбек аёли – миллат шаънининг тимсоли”, “Аёл борки, олам мунаввар”, “Аёл – маънавият гулшани”, “Маърифатли аёл жасорати” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этиш;

– қизларимизнинг муаммо ва орзу-истакларини ўрганишга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказиш, натижаларни таҳлил этиб, шу асосда уларнинг муаммоларини ечиш, эзгу-мақсадларини амалга ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар ўтказиш;

– оммавий ахборот воситалари, даврий нашрлар, ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг кийиниш маданияти, оиладаги, фарзанд тарбиясидаги ўрнига оид тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;

– таълим муассасаларида буюк мутафаккир ва алломаларнинг баркамол авлод тарбиясига оид қарашлари акс этган асарлар, илмий рисолалар, тўпламлар, оммабоп китоблар мутолаасига бағишланган “Қизлар давраси”ни ташкил қилиш.

Фикримиз якунида ўрта асрларнинг атоқли мутафаккири шайх Саъдий Шерозийнинг сўзларини келтирсак:

“Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди”.

 

Уйғун ҒАФУРОВ,

исломшунос